Шомуродов супер гол урганидан кейин нималар деди?

Италия чемпионатининг 28-тур учрашуви Элдор Шомуродов учун омадли келди. Ла Специя шаҳридаги “Альберто Пикко” стадионида “Специя” футболчилари мусобақа жадвалида ўзларидан бир поғонада юқорида турган “Салернитана” жамоасини қабул қилди.

Ҳар икки жамоа юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолиш учун курашаётгани боис натижа учун ўйнади. Биринчи бўлим якунланиши арафасида мезбонлар ҳимояланишда қўпол хатога йўл қўйди. Рақиб ҳужумчиси Кшиштоф Пёнтикка пас етиб бормаслиги учун тўпни тепиб юборишга уринган Маттиа Калдара кутилмаганда ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди.

“Специя” футболчилари ўз мухлислари қўллаб-қувватлаши остида вазиятни ўнглаш учун анчагина тер тўкишига тўғри келди.

Иккинчи бўлим ўрталарида “Салернитана” ҳимоячиси хатога йўл қўйди ва тўпни тўхтата олмади. Бу вазиятни тўғри баҳолаган Элдор Шомуродов дарвоза томон ҳужум уюштирди ва машҳур дарвозабон Гильермо Очао  устидан тўпни ошириб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолган гол муаллифи бўлди.

0ba1d94b6e7b1c57a517260c4e682a36-quality_70Xresize_1Xallow_enlarge_0Xw_700Xh_700

Қолган дақиқаларда “Специя” вакилларида ғалабани қўлга киритиш учун бир неча қулай вазият юзага келган бўлса-да, ҳисоб ўзгармай қолди – 1:1.

Curva Ferrovia интернет тармоғи журналистлари учрашувдан сўнг ўйин қаҳрамони Элдор Шомуродовдан флеш-интервью олди.

- Биринчи голимни урганимдан жуда хурсандман. Анчадан бери қуруқ серия давом этаётгани боис, буни жуда хоҳлагандим. Мен киритган тўп жамоамнинг ижобий натижа қайд этишига хизмат қилганидан мамнунман.

Тўп киритмаганимга бир йил бўлганди, лекин ҳар доим гол уришга интилиб келганман. Ҳеч қачон ҳаракатдан тўхтамадим, ўз ишимни ҳар доим яхшироқ бажаришга уринаман. Мана бугун дарвоза тўрини ишғол қилишни уддаладим.

Учрашувнинг биринчи бўлимида ўзимиз истагандек ўйин намойиш қила олмадик. “Салернитана”га майдонни бериб қўйдик. Лекин беллашувнинг иккинчи ярмида бошқача иштиёқ билан майдонга тушдик. Ўзимизга ишончимиз ортган ҳолда,босим ва тезкорликни оширдик. Ғалабага лойиқ эдик, лекин озгина етмади.

Мухлисларимиз ўйин аввалидан бизни қўллаб-қувватлаб турди ва уларнинг хафсаласини пир қила олмасдик. Биз юқори дивизиондаги жойимизни сақлаб қолишга ишонамиз ва бунинг учун бор имкониятимизни ишга соляпмиз, - деди Элдор Шомуродов.

“Специя” навбатдаги дуранг натижадан кейин мусобақа жадвалида ҳамон 17-поғонани эгаллаб турибди. Бироқ, энг яқин таъқибчи – “Верона” бу турда мағлубиятга учрагани туфайли орадан фарқ олти очкога етди.

29-турда Леонарда Семпличи шогирдларини жуда қийин учрашув кутиб турибди. 8 апрелга белгиланган тўқнашувда “Специя” Европа кубоклари йўлланмаси учун курашаётган “Фиорентина” меҳмони бўлади.  

gettyimages-1247771793-612x612

"Фиорентина" ва "Специя" ўртасидаги бўлажак баҳс Тошкент вақти билан 17:30 да бошланади.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Pardayev Shavkat
02/04/2023 22:19
Элдорга омад ёр бўлсин !
&
Olimov shavkat
02/04/2023 21:23
Tabriklaymiz biz senga ishonamiz olg'a shomirodov
Odil Kilichov
02/04/2023 21:08
Табриклайман Элдорни