Шомуродов уни тинчлантирди, бироқ бу ўйинчи ўзини кечиролмаяпти!

TIGGO 2 PRO

“Рома”нинг жорий мавсумдаги энг драмматик учрашувларидан бири Европа лигаси нимчорак финал босқичидаги жавоб учрашуви бўлди.

Ўз майдонидаги илк ўйинда Элдор Шомуродовнинг сўнгги сониядаги голи эвазига 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган римликлар жавоб учрашувида қақшатқич зарбага  учратди. Клаудио Раньери шогирдлари мусобақа фаворити сифатида тилга олинган бўлса-да, Бильбаодаги 1:3 ҳисобидан кейин улар юришни тўхтатди.

Беллашувнинг кульминацион нуқтаси “Атлетик” мухлислари кўз ўнгидаги учрашувнинг 11-дақиқасига тўғри келди. Тажрибали ҳимоячи, жаҳон чемпиони Матс Хуммельс  аввалига тўпни рақибга бериб қўйди, кейин хатосини тўғрилиш илинжида унга ташланди. Оқибатда қизил карточка ишлаб олди.

80 дақиқадан кўп бир киши кам бўлиб ўйнаган римликлар “Атлетик”нинг босимига дош беролмади.

Беллашувдан кейин Элдор Шомуродов оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида Матс Хуммельсни қўллаб-қувватлади.

- Саксон дақиқа ўн киши бўлиб ўйнаш жуда қийин. “Атлетик” кучли жамоа. Биз боримизни бердик, бор кучимиз билан ҳаракат қилдик. Натижа учун афсусдамиз. Мухлислар шу ергача келди.

Бу футбол ва унда ҳамма хато қилади. Биз Хуммельс учун ҳам охиригача курашдик, бироқ биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқасида гол ўтказиб юбордик. Бу психологик жиҳатдан оғир зарба бўлди. Биз  шунда ҳам охиригача курашдик, афсуски, ўхшамади.

Хуммельс ҳаммадан узр сўради. Бу футбол, ҳаммамиз ҳам хато қиламиз. Биз у билан бирдаммиз.

Биз бир оиладекмиз. Биз ҳозиргача нима қилган бўлсак, шу ишларни давом эттиришим ва охиригача курашишимиз лозим. Ҳали чемпионатда кўп ўйинлар бор.  Натижа қандай бўлишини охирида кўрамиз, - деди Элдор Шомуродов.

“Рома” фаолиятини ёритиб келаётган romaforever.it сайти журналисти Франческа Ди Норанинг ёзишича, германиялик ҳимоячи ўз хатосини унута олмаяпти ва руҳан қийналяпти. Хуммельс журналистлар билан суҳбатда буни тан олди.

- Ўша воқеадан кейин мен ўз қадриятларимни бир қайта кўриб чиқдим. Бу менинг фаолиятимда йўл қўйилган энг катта хато эканига шубҳам йўқ. Бутун фаолиятим давомида ҳимоячи сифатида тўрт марта қўпол хато қилганман, бироқ уларнинг ҳеч бири Бильбаода бўлгани каби жамоанинг натижасига салбий таъсир ўтказмаган.

Тўғриси, менга жуда қийин бўлди. Кийим алиштириш хонасида ўтириб, жамоанинг кейинги босқичга чиқишига умид қилиш, айниқса, сен туфайли ҳар бир жамоадошинг янада кўпроқ тер тўкишга, машаққат чекишга мажбур эканини ҳис этиш жуда қийин бўларкан, - деди Матс Хуммельс.

Таъкидлаш жоизки, Бильбаода бой берилган учрашув “Рома” учун 2025 йилдаги ҳозирча биринчи ва ягона мағлубият бўлиб турибди.  

Тошкентда юрган Ҳусановни Англияда эсга олишди!

Кутилмаган хулоса: Файзуллаев Россиядан “суриши” керак!

Премьер-лига антирекордчиси Ҳусановга қандай баҳо берди?

Легионеримиз – “Реал”га гол уриб ҳам ишсиз қолиш мумкин...

Ҳусановга яхши янгиликлар...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!