Шомуродов ва Ҳусановда нима гап?

Европанинг кучли бешлик чемпионатларида ҳозирча ўзбекистонлик икки футболчи тўп тепмоқда.

28 ёшли ҳужумчи Элдор Шомуродов тўрт йилдан бери Италия А Сериясида катта тажриба тўплаб улгарди.

20 ёшли Абдуқодир Ҳусанов эса, Франциядаги биринчи ўзбек футболчиси сифатида тарихга ўз номини муҳрлади.

“Топ-5” лигалардаги ҳар икки легионеримиз учун мавсумни ижобий баҳолашимиз мумкин.

Sports.uz портали Элдор Шомуродов ва Абдуқодир Ҳусановнинг якунланган мавсумдаги статистикасига эътибор қаратди.

Элдор Шомуродов

“Кальяри” якунланган мавсумда А Сериядаги жойини сақлаб қолди. Бунда Сардиния клубига маҳаллий футболчилардан ташқари, дунёнинг 13 мамлакатидан келган 13 нафар легионер ёрдам берди.

Таркибдаги энг қимматбаҳо ва катта маош оладиган ўйинчилардан ҳисобланган Элдор Шомуродов чемпионатнинг иккинчи қисмида катта саҳнага чиқди.

Тажрибали форвард энг муҳим паллада жамоанинг асосий ҳужумчисига айлана олди ва голлари ҳамда ассистлари билан “Кальяри”га фойда келтирди.

Элдор А Серияда 22 та учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини уч маротаба ишғол қилди ва жамоадошларига учта голли пас узатди. Шунингдек, ҳамюртимиз Италия кубогида иккита баҳсда қатнашди. Умумий ҳисобда Элдор 1044 дақиқа майдонда ҳаракат қилди.

Ҳозирча, Шомуродов келаси мавсумни қайси жамоада бошлаши мавҳум бўлиб турибди. “Кальяри” ўзбек легионерини тўлиқ трансфер қилиш борасида бир қарорга келгани йўқ. Шартномага эгалик қилувчи “Рома” раҳбарияти эса, янги лойиҳани амалга оширмоқда ва унда Элдор Шомуродовга жой ажратиш кўзда тутилмаган.

Абдуқодир Ҳусанов

Ўтган йили ёзда Абдуқодир Ҳусановнинг Беларусь чемпионатидан Франция вице-чемпиони “Ланс”га кўчиб ўтгани катта сенсация бўлганди.

Ўшанда 19 ёш бўлган футболчимиз ўзбекистонлик чарм тўп усталари ҳар қандай чемпионатда ўйнай олишини исботлаб қўйди.

Франция чемпионатида маҳаллий ўйинчилардан легионерлар кўп. Якунланган мавсумда 20 та жамоа 466 нафар футболчини қайдномадан ўтказган бўлса, шулардан 59,2 фоизи, яъни 276 нафари хориж мамлакатларидан келган легионерлардир.

“Ланс” таркибининг ярмидан кўпи, яъни 27 нафар футболчидан 14 таси чет эллик чарм тўп усталаридир.

Осиёнинг ягона вакили бўлган марказий ҳимоячимиз “Топ-5” таркибига кирувчи Лига 1 мусобақасида йўқолиб қолгани йўқ. Бош мураббий Франк Хейз уни асосан “Ланс”нинг асосий ҳимоячилари сафдан чиққанида майдонга туширди.

Ҳусанов Лига 1 тур ўйинларида 11 маротаба майдонга тушди ва жами 811 дақиқа ўйнади.

Абдуқодир УЕФАнинг икки нуфузли мусобақаси – Европа Чемпионлар лигаси ва Европа Лигасида иккитадан ўйин ўтказиб, ушбу юқори даражали турнирларда ҳам дебютини нишонлади.

Орада Абдуқодир “Ланс”нинг ёшлар жамоасида ҳам битта ўйин ўтказиб келди. Умумий ҳисобда лансликлар учун 16 та баҳсда майдонга тушиб, жами 1051 дақиқа ҳаракат қилди.

20 ёшли ҳимоячи келаси мавсум “Ланс”нинг асосий таркибига кириш учун курашади.

Ҳусанов ўрнига Умар!

Легионеримиз 30 метрдан супер гол урди. Бу биринчиси!

Хорижлик футболчилар Файзуллаевга қандай баҳо берди?    

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!