"Шомуродов яхши ўйин кўрсатса, дарҳол унинг рақамини тераман, Ўзбекистон билан ўйин? Бу таклифга кўнган бўлардим". Валерий Карпин SPORTS.UZ сайтига берган интервьюсида яна нималарни айтди?

Sports.uz сайтида яқинда Россия терма жамоаси бош мураббийи Валерий Карпин билан эксклюзив суҳбат уюштирилгани ҳақида хабар бергандик. Ниҳоят, сиз кутган суҳбат эътиборингизга ҳавола этилади. 53 ёшли мураббий “Ростов” клубига ҳам устозлик қилаётганини биласиз. Уни мухлисларимиз жуда яхши танийдилар. Шу боис Россияда ҳам ўзига яраша ном қозонган мутахассис ҳақида таъриф бериш шарт эмас.

Албатта, Карпиндек мутахассисдан интервью олишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун анча вақт сарфланганини айтиш керак. Дастлаб “Ростов” клуби матбуот хизмати раҳбари Борис Асанов билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилдик, аммо уринишларимиз бесамар кетаверди, ундан жавоб бўлмади. Орада эса Россия терма жамоаси матбуот хизмати раҳбари Самвел Авакян билан ҳам алоқага чиқдик. Борис Асановдан фарқли ўлароқ у бизнинг сўровимизни эшитди. Бироқ Карпиндан интервью олиш учун кўплаб нашрлар навбатда турганини, ҳали бери вақти бўлмаслигини айтиб, буни биз учун деярли имконсиз деганди. Адашмасак, бунга ҳам анча бўлди, аниқроғи, ўтган йил охирлари эди.

Инсон баъзида мақсадига эриша олмасдан тушкунликка тушиши табиий. Аммо ишонч, сабр ҳамда вақт керак бўлади. Карпин Шомуродовни тарбиялаган ва катта йўл кўрсатган мураббий сифатида ҳам бизнинг ҳурматимизни янада қозонганди. Ҳа, у машҳур ва у билан суҳбатлашиш чиндан ҳам осон бўлмаслигини яхши тушунарлик, бироқ орқага чекиниш хаёлимизга ҳам келмаган.

Ёдингизда бўлса, 2021 йилнинг февраль ойида россиялик яна бир таниқли мураббий Юрий Сёмин билан ҳам муваффақиятли алоқа ўрнатиб суҳбатга кўндиргандик. Бу сафар Карпинга бўлган уринишларимиз ҳам якунда ижобий ечимини топди. Албатта, суҳбатлашишдан олдин унинг ўзига бизнинг таклифимизни етказа олдик. Аниқроғи, Россия терма жамоаси мураббийлар штабида унга ёрдам бераётган мутахассисни “ишга солдик”. Натижада Карпин рози бўлди, деган хабар келди. У ерда чемпионат тугаган ва ҳамма танаффусда бўлгани боис ҳам у вақт ажратди. Шундай қилиб, Георгиевич билан алоқага чиқдик ва суҳбат уюштириш кунини белгилаб олдик.    

- Ассалому алайкум, Валерий Георгиевич, саломатмисиз, ишларингиз яхшими? Сизни Ўзбекистондан, Sports.uz сайтидан безовта қиляпман...

- Салом яхшимисиз, раҳмат ҳаммаси жойида. Сизни тушундим. Албатта, бу қизиқарли бўлиши тайин.

- Раҳмат. Авваламбор, Sports.uz сайти учун вақт ажратиб, интервью беришга розилик билдирганингиздан миннатдормиз. Айтинг-чи, бу сизнинг ўзбек матбуотига бераётган биринчи интервьюингизми?

- Билмадим...Афтидан, дастлабкиси бўлса керак.

- Демак, бу биринчиси...

- Ҳа, менимча, шундай бўлиши керак.

карпин8

- Россия терма жамоаси ва “Ростов” клубини бир вақтнинг ўзида бошқаришни истаганмидингиз? Аммо бир пайтда иккита вазифада ишлаш осон эмас...

- Агар Россия терма жамоасининг ўйинлари давом этаётган тақдирда “Ростов”ни ҳам бирга бошқариш мен учун жуда қийин бўларди. Айни пайтда фақат клуб миқёсида ишлаш мени унчалик толиқтириб қўяётгани йўқ.

- Менга айтинг-чи, Элдор Шомуродовни биринчи бўлиб қачон ва қаерда кўргандингиз?

- Биринчи марта “Ростов”да. Тўғри, ўшанда мен маҳаллий жамоада ҳали бош мураббий ҳисобланмасдим. Мен Россия чемпионати ўйинларини томоша қилиш орқали бу йигитга ҳам эътибор қаратишни бошлагандим. Ўша пайтда Шомуродов асосан захирадан майдонга тушириларди. У ҳақдаги дастлабки таассуротларим фақат шундан иборат бўлган. Кейинчалик “Ростов”ни бошқаришга киришганимдан сўнг Элдор билан яқиндан танишганман.

карпин3

- Эшитишимча, сиз Элдорнинг отаси билан ҳам учрашган экансиз...Бу қандай юз берганди?

- Ҳа, шундай бўлган. Унинг ота-онаси ўғлини кўриш учун Ростовга келишганди, ўшанда кўришганмиз.

- Шомуродов сиздан жуда миннатдор эканлигини таъкидлашдан чарчамайди. Чунки “Ростов”да ўйнаб юрган кезларида айнан сизнинг қўл остингизда у бошланғич таркибдан жой олишга муваффақ бўлган ва ишонч билдиргансиз. Унинг бугунги даражагача етиши мумкинлигини сезганмидингиз?

- Буни билармидим? Йўқ, аммо Элдорнинг савияси янада ошиши мумкинлиги борасида менда умид йўқ эмасди. Чунки бу йигит машғулотларда астойдил тер тўкиб ишларди. Табиийки, тиришқоқ ўйинчидан кўп нарса кутиш мумкин. Айтишим керакки, у “Ростов”да иш бошлаган кезларимда ҳам дарҳол бошланғич таркибга жалб этилмаган. Лекин мен унинг шу йўлдаги саъй-ҳаракатларига машғулотлар асносида кўп гувоҳ бўлганман. Шомуродов ҳаммасига ўз устида кўп ишлаётгани учун ҳам эришяпти, деб ҳисоблайман.

карпин10

- Элдорни “Рома”даги дастлабки мавсуми борасида нима деган бўлардингиз?

- “Рома”да рақобат ўта кучли. Чунки ишқибозлар бу клубдан кўп нарса кутишади. Шундай экан, Элдорнинг Рим жамоасида асосий роллардан бирига чиқишини кутиш амримаҳол эди. Нега деганда, “Рома”даги талаб “Женоа”дагидан кўра, анча юқори. Нима бўлган тақдирда ҳам шуни айтишим мумкинки, Шомуродовнинг Италиядаги фаолияти борасида фақат илиқ гап айта оламан. Чунки бу йигит у ерда ҳам йўқолиб қолгани йўқ. Шомуродов “Рома”да ҳам тер тўкиб ишлаяпти. Буни эса бошқа жамоаларда тўп суришга бемалол қиёслаш мумкин. Негаки, ватандошингиз Жозе Моуриньодек мураббий қўл остида шуғулланмоқда.

- Валерий Георгиевич, собиқ шогирдингиз масаласида Моуриньо билан гаплашишингизга тўғри келганми?

- Йўқ, гаплашмаганман.

карпин13

- Мутахассис сифатида нима дейсиз: Элдорга “Рома”да қолиш яхшими ёки бошқа клубга ўтиш маъқулроқ бўларди, дея оласизми?

- Кетганда ҳам қандай клубга боришини эътиборга олиш даркор. Бунинг учун у қаршисидаги вариантлардан энг маъқулини танламоғи керак. Бу масалада ҳаммаси бевосита Элдорнинг ўзига боғлиқ. Буни унинг ўзи ҳам яхши ҳис қилиб турган бўлса керак. Қолаверса, ҳамма давлатда футбол бир хил қоида асосида ўйналади.

- Элдор билан боғланиб турибсизми?

- Вақти-вақти билан боғланиб тураман. Бирор учрашувда менда яхши таассурот қолса, дарҳол Шомуродовнинг рақамини теришим мумкин. Лекин у билан доим қўнғироқлашиб турмайман. Фақат учрашувларда гол киритадиган бўлса ёки ўзидан илиқ таассурот қолдирса, уни табриклаш учун телефонимни қўлга оламан.

карпин6

- Матбуотда Шомуродовга “Фиорентина”, “РБ Лейпциг” ва “Севилья” клуби қизиқиш билдираётгани ҳақидаги маълумотларга кўзим тушяпти. Сизнингча, унинг учун вариантлар орасида энг яхшиси қайси бири бўлиши мумкин?

- Назаримда, Элдор учун ҳаммасидан кўра, “Севилья” варианти тўғри келса керак. Чунки унинг ўйин услуби испан чемпионатига мос тушади. Биласиз, Италияда асосий урғу ҳимояга қаратилган ҳолда ўйинлар ўтказилади. Испанияда эса кўпроқ ҳужумга эътибор берилади. Шомуродов майдоннинг ҳужум чизиғида ўзини ҳар томонлама қулай ҳис этадиган футболчидир. Тўғри, “РБ Лейпциг” ҳам унга мос келиши мумкин. Чунончи, Германия Бундеслигасида ҳам ҳужумкор футбол урфда. Шуни қўшимча қилишим мумкинки, Элдорга еврокубокларда мунтазам иштирок этадиган клубда тўп суриш фойдалироқ.

- Ўзингиз бошқараётган “Ростов”да ўзбекистонлик бошқа ўйинчиларни кўришни хоҳлаган бўлармидингиз?

- Агар улар зўр ва яхши футболчи бўлишса, жон деб улар билан ишлаган бўлардим.

карпин9

- Ўзбек футболчилари орасида иқтидорлилари талайгина эканлигидан хабардормисиз?

- Тўғрисини айтаман, унчалик эмас. Нега деганда, ўзбек чемпионати баҳсларини мунтазам равишда кузатиб бормайман. Агар селекция хизматимиздагилардан бири у ёки бу футболчини кўриш керак, деган гапни айтсагина шунда эътибор қарата оламан.

- Остон Ўрунов ҳақида фикрингиз қандай?

- Остон Ўрунов – иқтидорли футболчи. Уни яхши биламан. Лекин “Спартак”да Ўруновга осон бўлмаяпти. Ҳаммаси бир текис келаётган пайтда бу клубга кўчиб ўтиши уни йўлдан чиқариб юборди.

- Ўзбек футболи вакиллари орасида яқин дўстингиз борми? Шу ҳам бизнинг мухлисларимиз учун қизиқарли бўлиши тайин.

- Ҳозирги пайтда бирорта дўстим йўқ.

карпин5

- Ўзбекистон миллий терма жамоамиз иштирокидаги ўйинларни кузатиб келасизми?

- Илгари кузатардим, бироқ охирги пайтларда бунга қўл тегмаяпти. Шомуродов “Ростов”да ўйнаб юрган кезларида терма жамоангиз ўйинини доим кузатардим.

- Вақти келганда Россия ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкил этилиши эҳтимоли борасида нима деган бўлардингиз? Бунинг имкони борми?

- Бу масалада ҳаммасини бир ўзим ҳал қилмайман. Боз устига бу менинг ваколатим доирасига кирмайди. Буни федерациядагилар ҳал этишади. Агар бунинг иложи бўлиб, федерациядагилар шуни танлашса мен жон деб бу таклифга кўнган бўлардим. Кечирасизу, бу саволингизни менга эмас, федерацияда ишлайдиганларга берганингиз маъқулроқ.

карпин14

- Сиз саёҳатга чиқишни хуш курадиган инсонсиз. Бизнинг Ўзбекистонда ҳам диққатга сазовор жойлар талайгина. Масалан, Самарқанд, Бухоро ва Хивада тарихий обидалар жуда кўп...

- Табиийки, сиз санаб ўтган шаҳарлар ҳақида эшитганман. Аммо ҳозиргача у ерларга бориш насиб этгани йўқ. Ёш чоғимда Эстония болалар ва ўсмирлар миқёсида халқаро турнирларда иштирок этган пайтларимизда у ёки бу мамлакатларда бўлишимга тўғри келган.

- Мутахассис сифатида МДҲга аъзо мамлакатлардан қайси бирида футбол тобора ривожланиб бормоқда?

- Бу ҳақида гапириш мушкул. Чунки бирор-бир фикр билдиришдан олдин ҳаммасини диққат билан кузатиб бориш керак. Кўр-кўрона фикр билдиришга одатланмаганман. Очиғини айтаман, бу саволингизга жавоб беришим ўта мушкул. Нега деганда, МДҲ тасарруфидаги бошқа бирор-бир мамлакатнинг футболини диққат билан кузатиб келмайман. Мени кўпроқ еврокубоклар доирасидаги учрашувлар қизиқтиради. Мана шундай мусобақаларда МДҲдан клублар қатнашиб борса шундагина кўришим мумкин.

карпин11_1

- Ҳаммага маълум сабабларга кўра, охирги пайтларда Россия терма жамоаси ҳеч қандай учрашувларда қатнаша олмаяпти. Бундан кейин терма жамоанинг тақдири нима бўлади?

- Ҳозирча Россия терма жамоаси учрашувларда қатнашишдан мосуво бўлиб турибди. Шундай экан, асосий эътиборни Россия чемпионатига қаратишимиз керак. Чунки сиёсий ҳолат туфайли клубларимиз еврокубокларда, терма жамоамиз эса халқаро доирадаги учрашувларда иштирок эта олишмаяпти. Умид қиламанки, бир кун келиб ҳаммаси жойига тушади.

- Спорт сиёсатдан ҳоли дейишади. Аммо Россия терма жамоаси ва клубларига ФИФА ҳамда УЕФА томонидан қўйилган чеклов қимматга тушмоқда. Бундан энг биринчи навбатда мухлислар жабр чекмоқдалар...

- Фикрингизга тўла-тўкис қўшиламан.

- Жилла қуриса терма жамоанинг ўртоқлик ўйинларида иштирок этишига рухсат берсалар ҳам жуда маъқул бўларди-да...

- Бу гапингизга ҳам қўшиламан. Агар терма жамоамизнинг ўртоқлик учрашувларига рухсат беришса ҳам бундан фақат хурсанд бўлардим. Афсуски, ҳаммаси фақат ўзимгагина боғлиқ эмас.

- Яқин орага мўлжалланган режаларингиз қандай?

- Яқин орага мўлжалланган режалар...Ҳозирча танаффус. Лекин навбатдаги мавсум бошланиши олдидан яна ишлар қизғин кечишга тушади. Шунда асосий эътиборни фақат севган ишимга қаратишим мумкин. Аввалига клуб миқёсидаги фаолиятим билан чекланишимга тўғри келади. Аммо, умид қиламанки, миллий терма миқёсидаги ишлар ҳам давом эттириладиган кунлар яна бошланади.

- Валерий Георгиевич, бизга вақт ажратганингиз учун раҳмат. Фаолиятингизга омад тилаймиз...

- Раҳмат, соғ бўлинг!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!