Шомуродов “Ювентус”га трансфер қилинадими? “Женоа” президенти жавоб берди
Италия ва Россия футболи муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Одатда, Россия чемпионатидан кучли бешлик жамоаларига футболчи олиниши кам кузатиладиган ҳолат экани ҳеч кимга сир эмас.
Россия майдонларида порлаган футбол юлдузлари Европанинг бошқа кучли чемпионатларида ип эшолмаган вазиятлар тарихда кўп бўлгани кўпчиликка яхши маълум.
Бироқ, кучли бешлик таркибига кирувчи Италия А Серияси Россия футболида пишган футболчиларга ишонч билдира бошлади.
2020 йилнинг августида Европа чемпионлар лигаси иштирокчиси ва А Серияда юқори ўринлар учун курашаётган “Аталанта” Москванинг “Локомотив”ида етакчи мақомида тўп сурган Алексей Миранчукни олди. Жасур Жалолиддиновнинг кумири рақобат кучли жамоада ҳали асосий таркибнинг муқим ўйинчиси ҳисобланмаса-да, ҳар ҳолда дастлабки мавсумда йўқолиб қолаётгани йўқ. Алексейнинг учта гол ургани ва айрим ўйинларда маҳоратини кўрсата олгани шундан далолат.
Биз учун муҳими эса, “Ростов”нинг ҳақиқий етакчиси бўлган Элдор Шомуродов пандемия карантинидан кейин гол уришга қийналиб қолганига қарамай, хориж клубларидан таклиф олди ва ростовликлар “Женоа” таклифини қабул қилиб, ўзбек ҳужумчисини Генуяга кузатиб қўйди.
Италия футболи ўзбек ва рус футболидан кескин фарқ қилади. Қолаверса, бундан йигирма йил муқаддам Илёс Зейтуллаевнинг Италияда кутилган даражада порлай олмагани аччиқ тажриба сифатида ёдимизда қолгани боис, Элдорнинг фаолиятидан хавотирган тушганлар ҳам кўп бўлди. Қолаверса, “Женоа”да коронавирус тарқалиб кетгани боис Шомуродов жамоага ўз вақтида қўшила олмагани, кейинроқ иккита учрашувда ўзини кўрсатолмагани, жароҳат олгани, жамоанинг ҳимоявий усулни қўллаши каби қатор омиллар хавотиримизни кучайтириб юборди.
Шомуродов меҳнаткашлиги эвазига мураккаб вазиятни енгиб ўтди. Аввалги мураббий Роландо Маранга ҳам, ундан бошқарувни қабул қилиб олган Давиде Баллардинига ҳам унинг жойи бошланғич таркибда эканини исботлай олди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Миранчук ва Шомуродовнинг А Серияга муваффақиятли қўшилиб кетгани “Спартак”да ўзини кўрсатолмаган Александр Кокоринга “Фиорентина”нинг ишончи уйғонишига туртки бўлган экан. Ёзда Шомуродовга оғиз солиб, ҳужумчи учун рақобатда “Женоа”га ютқазган флоренцияликлар рус футболида суяги қотган Кокорин уларга ёрдам бера олишига ишонди ва уни трансфер қилди.
Қишки трансферлар даврида “Ювентус”нинг Шомуродовга қизиқаётгани ҳақидаги хабар тарқалди ва бу мавзу ҳали тингани йўқ. Мавзу юзасидан кўпчилик ўз фикр-мулоҳазаси ва тахминларини билдирди. Ҳатто “Ювентус” спорт директори Фабио Паратичи ҳам дипломатик тарзда фикрини баён қилиб, Элдор масаласида аниқ жавобни айтмай, гап мазмунини мужмал қилиб қўя қолди.
Энди навбат “Женоа” президенти Энрико Прециозига келди. Клуб раҳбари Элдор Шомуродов масаласида ўз позициясини ва у қишда трансфер қилинмаслигини билдирди.
- Мен Шомуродовни жамоада сақлаб қолишга қарор қилдим. Элдор – “Женоа” футболчиси. У сафимизга яқинда келган. Шахсан мен “Ювентус”дан Шомуродов борасида расмий таклиф олмадим. Ҳозир жамоанинг мусобақа жадвалидаги вазиятидан келиб чиқиб, футболчини бошқа жамоага трансфер қиладиган пайт эмас, - деди Энрико Прециози.
Хабарингиз бор, 2020 йилнинг октябрида “женоа” таркибига қўшилган 25 ёшли ҳужумчимиз ҳозирга қадар Генуя жамоаси таркибида жами 13 та ўйинда майдонга тушиб, иккита гол урди ва иккита голли пас муаллифи бўлди. Айни пайтда Шомуродов 24 январь куни бўладиган “Кальяри”га қарши учрашувда тайёргарлик кўрмоқда.
Фикрлар