Шомуродовга янги вазифа юклатилди
А Сериянинг 28-тури қаҳрамонларидан ҳисобланган Элдор Шомуродов энг кўп муҳокама қилинаётган футболчилардан бирига айланди.
Мавсум бошидан бери танқид қилиб келинаётган ўзбек ҳужумчиси “Салернитана”га қарши ўтган учрашувда иккита гол уриб, жамоасининг 4:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлаганидан кейин яна мухлису мутахассислар диққат марказида номи зикр этила бошлади.
Sports.uz портали Италия оммавий ахборот воситаларининг Элдор Шомуродов ҳақида тарқатаётган маълумотларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилишни давом эттиради.
CORRIERE DELLO SPORT:
Шомуродов – қутқарувчи. “Кальяри” энди ўзбек ҳужумчисига суяниши мумкин. Элдор “Салернитана”га иккита гол урганидан кейин Клаудио Раньерида янги қурол пайдо бўлди. Қарийб бир йил гол урмаган Элдор энди асосий таркибдан доимий жой олишни истаяпти.
Элдор 2023 йилнинг 2 апрелидан бери “қуруқ” сериядан қутила олмаётган эди. Мана “Салернитана” билан баҳсда дубль қайд этди. Шомуродов гол уришдан ташқари, ажойиб техника, дриблинг ва тезкорлик каби сифатларни намойиш этиб, “Кальяри”нинг ҳужумларининг самарали чиқишини таъминлади.
ЖУЗЕППЕ АМИСАНИ, футбол эксперти:
Клаудио Раньери ҳам ҳар қандай мураббий каби танлов имконияти чекланиб қолганидан кўра, қўл остида кўпроқ ўйинчи бўлишини истайди. Энди сардинияликлар бош мураббийи Элдор Шомуродовга эътибор қаратмай иложи йўқ. Узоқ муддат жисмоний ҳолати туфайли сояда қолган ҳужумчи иккита гол билан жамоага қимматли уч очкони келтирди.
Ўзбек ҳужумчиси билан янги имкониятлар очилди. Энди мураббийлар штаби ундан фойдаланиш учун энг қулай вақтни топиши керак. Балки Гаэтанонинг сафдан чиққани Шомуродов учун бошланғич таркибга йўл очар. Агар шундай бўлса 61-рақам эгаси ҳужумда Лападула билан бирга ўйнайди. Икки юқори классли форвардларнинг ўзаро тандемини “Монца”га қарши бўладиган навбатдаги учрашувда ҳам кўришимиз мумкин.
LA NUOVA SARDEGNA:
Элдор Шомуродов ўзига келди. Энди “Кальяри”да қўшимча қурол ҳам бор. Ўзбек асосий қаҳрамон сифатида қайтди, “Кальяри” эса, йўналишини ўзгартирди.
Бу Шомуродовнинг сюрпризи. Узоқ муддатли “уйқу”дан кейин қайта уйғонган ўзбекнинг ҳаракатларидан ҳамма ҳайратда.
ЭНРИКО ГАВИАНО, футбол эксперти:
Аслида “Рома”дан ижарага олинган ҳужумчи оғир жароҳатга йўлиқиб, сафдан чиққунича ҳам самара келтиришни бошлаган эди.
Шомуродов Салернодаги учрашувда Виолага ва Сардинияда “Сассуоло”га қарши ўтказилган баҳсда Паволеттига голли пас узатганди. Энди мавсум охирига келиб, қолган учрашувларда Элдор “Кальяри” учун қўшимча қурол вазифасини ўтаб беради. Қолган ўнта баҳсдан саккизтаси юқори дивизионда қолиш масаласини ҳал қилиш даражасидаги беллашувлардир.
Элдорнинг голлари эвазига уч очкони қўлга киритиб, мусобақа жадвалида 14-поғонага кўтарилиб олган “Кальяри” навбатдаги учрашувни 16 март куни “Монца” майдонида ўтказади.
Фикрлар