Шомуродовни ўйнатмаган Моуриньо ўйиндан кейин кескин фикр билдирди
А Сериянинг 33-тури марказий учрашувида “Рома” Неаполда “Наполи” жамоаси меҳмони бўлди. Бу беллашув ҳар икки жаома учун ўта муҳим аҳамиятга эга эди. Мезбонлар ғалаба қозонган тақдирда чемпионлик учун курашни давом эттирарди. Римликлар эса навбатдаги уч очко билан Чемпионлар лигаси зонасининг охирги қаторида турган “Ювентус” билан очколар орасидаги фарқни қисқартирарди.
Ўйин аҳамиятига яраша кескин ва муросасиз бўлди. “Наполи” жамоаси учрашув бошида баҳсли вазиятда белгиланган пенальти эвазига ҳисобни очди. Голни “Наполи”да сўнгги мавсумини ўтказаётган Лоренцо Инсиньи киритди.
Жозе Моуриньо шогирдлари бу гал ҳам охиригача курашди. Натижада захирадан ўйинга қўшилган Стефан Эл-Шаарави ўйиндаги тўхталишлар учун қўшиб берилган вақтнинг дастлабки дақиқасида жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.
Жозе Моуриньо бу гал Элдор Шомуродовни майдонга туширмади ва захирада олиб қолди.
Ўйиндан кейин португалиялик мутахассис жамоаси ўйинини мақтаб, ҳакамларни кескин танқид қилди.
- Мен дуранг натижа ҳам нишонладим, чунки ўйин давомида беллашувни ижобий якунланиши имконсиздек туюлганди. Бу жамоам ёмон ўйнаганини билдирмайди. Ўйин давомида босимни кучайтирдик, лекин вазиятни ўнглаш қийиндек кўринди.
Жамоам фантастик даражада яхши ўйнади. Биз кўпроғини истагандик, лекин имконсиз нарсага эришдик.
Ҳакамлар ҳақида кўп гапиришни истамайман. Айрим вазиятларда ён чизиқ олдида туришга ҳам уялиб кетдим. Етар энди, ҳакамлар ҳам озгина ҳурматни сақласин.
Афсуски, жорий мавсумнинг маълум бир паллаларида яхши ўйнай олмадик ва шунинг учун ҳам ҳозир скудеттога даъвогарлик қила олмаяпмиз. Лекин биз ҳар бир учрашувда ғалаба учун курашишни хоҳлаймиз. Ҳакамлар бугун ана шу имкониятимизни биздан тортиб олдилар, - деди Жозе Моуриньо.
Ўйинчиларга ҳакамларни ҳурмат қилинг деб, хато қилган эканман!
Кескин ва муросасиз баҳсдан кейин “Наполи” бош мураббийи Лучано Спаллети ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашар экан, натижадан қониқмаганини билдирди ва ҳакамларнинг ишини танқид қилди.
- Охирида хафсаламиз пир бўлди, чунки ўйиннинг аксарият қисмида назоратни ўзимизда ушлаб турган эдик. Биз бугун жуда кўп муаммо туғдирган кучли рақиб билан куч синашдик.
Мен Жозе Моуриньонинг ҳакамлар ҳақидаги гапларига жавоб бермайман. Мен “Наполи”га келишим билан футболчиларга майдонда ўзларини яхши тутишларини ва ҳакамларга овозларини кўтармасликларини қаттиқ тайинлаган эдим.
Бизнинг майдонимизга келган рақиблар эса, ўзларини худди мезбондек тутяпти, ҳакамлар атрофида тўпланиб, кўнглига келган ишни қиляпти.
Энди шогирдларимга ҳакамлар билан ҳурматни сақлаган ҳолда муомала қилишни тайинлаганимдан афсус чекяпман. Чунки айрим ҳакамларга рақиб жамоа футболчилари ўтказаётган босим таъсир қиляпти.
Бу борада фақат “Рома” ҳақида гапирмаётганимни ҳам инобатга олинг, - деди Лучано Спаллети.
33-тур учрашувидан кейин “Наполи” 67 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Улар пешқадам “Милан”дан тўрт очко ортда қолиб кетди.
Бешинчи поғонадан жой олган “Рома” ҳисобидаги очколар сони 58 тага етди. Моуриньо шогирдлари бир поғона юқорида жойлашган “Ювентус”дан беш очкога ортда қоляпти. Рим клубини таъқиб қилаётган “Лацио” ва “Фиорентина” ҳисобида 56 тадан очко бор.
“Наполи” кейинги тур ўйинини сафарда “Эмполи”га қарши ўтказади. Бу баҳс 24 апрелга белгиланган.
Жозе Моуриньо шогирдларини эса янада қийин тўқнашув кутиб турибди. Римлик футболчилар 23 апрель куни Миланга сафар уюштириб, чемпионлик учун курашаётган “Интер” жамоаси меҳмони бўлади.
Ўзбек ҳужумчиси бундай ўйнашида Европанинг кучли чемпионатларига кетади!
Европадаги лигада биз билган ва билмаган легионерларимиз...
Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Россия премьер-лигаси клуби билан узоқ муддатли шартнома имзолади!
Моуриньо қилган ишни Европада бирорта мураббий уддалай олмаган
Ўзбек легионери гол урса, бу жамоа ютқазмаяпти!
Моуриньо битта қўнғироқ билан катта трансферни ҳал қилди!
Фикрлар