Шомуродовни қўлга кирита олмаган суперклуб “Рома”дан бошқа ҳужумчи олади!
Туркиянинг энг машҳур клубларидан “Галатасарой” раҳбарияти муваффқитсиз якунланган ўтган мавсумдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда таркибини кучайтиришга эътибор қаратмоқда.
Турклар “Рома” футболчиларига қизиқиш билдираётгани аҳамиятли. Яқинда “Галатасарой” ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини Жозе Моуриньо жамоасида ўтказган португалиялик ярим ҳимоячи Сержиу Оливейрани трансфер қилганди.
“Галатасарой” бир неча ҳафта муқаддам Элдор Шомуродовни сўраб, Рим клубига мурожаат қилганди. Ўшанда, Жозе Моуриньо ўзи танлаган ўзбек футболчисига яна бир мавсум имконият беришга қарор қилганди. Лекин Португалияда ташкил этилган йиғиндан кейин мураббийлар штаби ҳужумчимиз ҳаракатларидан қониқмагани ва хайрлашишга тайёрлиги ҳақида хабарлар чиқди.
Туркия клуби эса, Шомуродовни қўлга кирита олмаганидан кейин эътиборини Моуриньога керак бўлмаган яна бир ҳужумчи – Жастин Клюйвертга қаратди.
Клюйверт мавсумни “Ницца” сафида якунлаган эди. У Франция чемпионатида 27 маротаба майдонга тушиб, тўртта гол ва бешта ассист муаллифи бўлди.
Франция клуби Чемпионлар лигасига чиқа олмаганидан кейин ижарадаги нидерландиялик ҳужумчини сотиб олиш имконини топа олмади ва Жастин Римга қайтди.
“Рома” Жастин Клюйвертни 2018 йили “Аякс”дан 17,25 миллион еврога сотиб олган эди. Лекин бу ўйинчи жамоанинг асосий таркибидан муқим жой ола билмади. Шу боис, “Лейпциг” ва “Ницца” жамоаларига ижарага жўнатилди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, “Галатасарой” 23 ёшли ҳужумчининг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олмоқчи. Рим клуби бир неча позицияда ўйнай оладиган ўйинчини 12 миллион евро эвазига қўйиб юборишга тайёр.
Клюйверт фаолияти давомида 220 маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига 47 тадан гол ва ассист ёздириб қўйган.
Истеъдодли футболчининг ўзи Жозе Моуриньо “Рома”да унга имкон бермаслигини яхши билади ва жамоадан кетишга тайёр. Гарчи у жамоа машғулотларида қатнашаётган бўлса-да, агентлари янги иш жойи топиш мақсадида бир неча жамоалар билан музокара олиб бормоқда.
Ўз навбатида, айрим манбалар “Галатасарой” мутасаддилари Элдор Шомуродовга бўлган қизиқишидан воз кечгани йўқлигини таъкидламоқда. “Рома” мутасаддилари ёзги трансферлар якунлангунча ўзбек футболчиси билан хайрлашишга тайёрлиги ҳақидаги хабарлар тарқатилганидан кейин турклар Шомуродовни олишга яна бир бор уриниб кўриши мумкин.
Қолаверса, таъкидлаш лозимки, “Галатасарой” Элдор Шомуродов Россия премьер-лигасида “Ростов” шарафини ҳимоя қилган даврда ҳам унга харидор бўлган. Аниқароғи, турклар 2019 йили ҳужумчимизга жиддий қизиқиш билдирган, лекин трансфер амалга ошмаган эди. Натижада Элдор Шомуродов бир йилдан кейин А Серия вакили “Женоа”га ўтиб, кучли бешлик чемпионатларидаги фаолиятига старт берганди.
Умуман олганда, “Галатасарой” янги мавсум олдидан ўз сафига ўндан зиёд янги футболчиларни қўшиб олди. Мавсумни Туркия суперлигасида бошлайдиган янги ўйинчилар қаторида Сержиу Оливейра, Харис Сеферович, Лео Дубо, Муҳаммад Мустафо каби легионерлар бор.
Россия ва Беларусь клублари таклифига қарамаган легионеримиз премьер-лигага келганидан хурсанд
Премьер-лига клуби ўзбек футболчиси ёрдамида чемпион бўлмоқчи!
Легионеримизнинг Европа Чемпионлар лигасида гол урган ўйини энг юқори баҳоланди!
Тўпурар легионеримизда яхши янгилик бўлади!
Фикрлар