Шомуродовнинг келишини бу жамоа мухлислари интизорлик билан кутмоқда
“Кальяри” мавсумнинг ҳал қилувчи палласига келиб, ўз кучини кўрсата бошлади. Сардинияликлар сўнгги ўйинларда “Наполи”, “Аталанта”, “Интер”, “Ювентус” каби қудратли клублардан очко тортиб олди.
Клаудио Раньери жамоаси хавфли ҳудуддан узоқлашди ва катта эҳтимол билан юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолади.
Жамоанинг кейинги пайтдаги муваффақиятлари Элдор Шомуродов ўйини кучайгани билан боғлиқ. 29 апрелга белгиланган навбатдаги турда сардинияликлар легионеримизнинг биринчи жамоаси “Женоа” меҳмони бўлади.
Италия футболини ёритаётган манбалар бўлажак ўйин Шомуродов учун ҳам муҳим аҳамият касб этишини ёзмоқда.
L'Unione Sarda нашри эксперти Альберто Масу ўзбек футболчисининг “Кальяри”даги аҳамияти ва “Женоа”да ўйнаган йилларига эътибор қаратди.
- Етти ой мобайнида сояда қолиб кетган Элдор Шомуродов энди ўз кучи ва савияси билан “Кальяри”ни қутқаришга киришди. “Ювентус”га қарши учрашувнинг ҳақиқий қаҳрамони туринликларнинг тажрибали ҳимоячилари Федерико Гатти, Глейсон Бремер ва Данилони доғда қолдириб, жамоадоши Зито Лувумбони қулай паслар билан таъминлади ва пенальти ишланишига сабабчи бўлди.
Маълум муддат турли қийинчиликларга дуч келган ўзбек легионери яна порлай бошлади.
Жароҳатидан тузалиб, майдонга қайтган Шомуродов “Салернитана”га иккита, “Интер”га битта гол ургани, “Аталанта” билан баҳсда Аужеллога голли пас узатгани ва “Ювентус” билан бўлган учрашувнинг ҳақиқий қаҳрамонларидан бирига айланганидан кейин “Кальяри” ишқибозлари ҳам Элдорга бўлган муҳаббатини уни тик туриб олқишлаш орқали намойиш қилди.
Энди Шомуродов навбатдаги турда ўзини Италия футболи билан таништирган Генуяга қайтади. “Женоа” мухлислари А Сериядаги дебют мавсумида рақиблар дарвозасига саккизта гол урган Элдор Шомуродовни ҳали ҳамон яхши кўради, қадрлайди ва уй аренасига келишини кутяпти. Шомуродовни Италия футболига мослаштиришда “Кальяри”нинг собиқ мураббийлари – “Женоа”да унга устозлик қилган Роландо Маран ва Давиде Баллардинининг ҳисса катта бўлган, - деб ёзди Альберто Масу.
28 ёшли ҳужумчимиз жорий мавсум А Серияда 18 та учрашувда қатнашиб, ўз ҳисобига учтадан гол ва ассист расмийлаштириб қўйди. “Кальяри” раҳбарияти Шомуродовни ёзги трансферлар вақтида “Рома”дан тўлиқ трансфер қилиш борасида муҳокама бошлади. Бу савдо сардинияликларга умумий ҳисобда 10 миллион еврога тушади.
Файзуллаев бирданига учта совринга даъвогарАшурматовнинг ҳайдалиши муҳокамаларга сабаб бўлмоқда
Фикрлар