Шота Арвеладзе "Шабаб Ал-Аҳли"га қарши ўйин олдидан нималар деди?
ОЧЛ 5-туридан ўрин олган "Шабаб Ал-Аҳли"га қарши учрашувдан олдинги матбуот анжуманида "Пахтакор" бош мураббийи Шота Арвеладзе иштирок этди.
"Ўйлашимча, дастлабки икки ўйин ҳам ҳал қилувчи мақомда эди. Агар очколарга қарасак, бундай баҳслар олдинда бизни кутиб турибди. Ушбу рақиб билан узоқ вақт олдин, февралда тўқнаш келгандик. Ўшанда кучли ёмғир ёққанди, майдонда сув бор эди. Шунга қарамай, жуда яхши ўйинга гувоҳ бўлгандик. Шундан бери "Шабаб Ал-Аҳли"да катта ўзгаришлар рўй берди. Бош мураббий алмашди, бир неча янги ўйинчилар бор. Бу энди янги тўқнашув. Барчасига боқсак, бизни жуда қизиқарли, муҳим ўйин кутмоқда. Биз келажакка умид билан боқамиз.
Рақиб сафида ўзгаришлар борлигини таъкидлаб ўтдим. Карлос Эдуардо жуда яхши савиядаги футболчи. У чап қанотда ва ҳужум ортида яхши ўйнай олади. Охирги баҳсда айнан унинг тўп узатишидан кейин гол урилди. Ҳар бир жамоа жисмонан, тактик ва индивидуал ижрочилар тарафдан энг яхши оралиқни топа олса, шунда энг кучли клублар қаторига кира олади. Бунга эриша олган эса, энг яхши мураббийга айланади. Биз эртага ўзимизни кўрсатишга уринамиз. Осон бўлмаган тақвим пайтида футболчиларни жисмонан тетик сақлаш жуда муҳим. Футболда ҳар бир ўйин янги тўқнашув, янги адреналин, янги кундир", - деди грузиялик мутахассис.
Фикрлар