Шуҳрат Мақсудов - "Пахтакор" академияси директори!

"Пахтакор" академиясининг амалдаги директори Олим Шокиров бошқа ишга ўтиши муносабати билан, академияда фаолият олиб бораётган Шуҳрат Мақсудов янги лавозимга тайинланди.

Шу муносабат билан бугун "Пахтакор" стадионининг анжуманлар залида мураббийларга янги директорга таништириш тадбири бўлиб ўтди. Унда клуб раҳбарияти иштирок этди.

"Сўнгги икки йилда академиямизда қилган ишларимиз ортидан анча савия кўтарилди. "Пахтакор" ҳамиша ўз тарбияланувчиларига таяниб келган жамоа, биз бу сифатини ошириш учун махсус лойиҳа устида иш олиб боряпмиз. Академияга қўшимча майдонлар керак ва бу клубнинг бош вазифаларидан бири бўлиб турибди. Ундан ташқари, Чилонзордаги базамиздаги сунъий майдонни замон талабларига жавоб берадиганига алмаштириш ва ҳомийларимиз кўмагида Қибрайдаги спорт мажмуамизда қўшимча табиий майдонларни қуриб, уни ёшлар ихтиёрига топшириш. Мана, стадион ичидаги "шахматка" деб номланадиган майдон янгиланди. Кўриб турганингиздек, олдимизда катта ишлар турибди, бу борада сизлар бизга ёрдам беришингиз керак", - дейди "Пахтакор" ФК раис ўринбосари Дилшод Каримов.

пахтакор3

Шуҳрат Мақсудовга 1 ой муддат ичида, академия истиқболига бағишланган катта дастурни ишлаб чиқиб, уни клубга тақдим қилиш борасида вазифа юклатилди. Бу ишни мутахассис, академиядаги мураббий ва ходимлар билан ҳамкорликда бажаради.

Шуҳрат Мақсудов билдирилган ишончга жавобан шундай деди:

пахтакор4

- Айни пайтда мураббийлар бўйича ахил жамоа шаклланганлиги менинг ишимни осон кечишига туртки бўлади. Қолаверса, клуб раҳбариятини аввалги йилларга қараганда маошларни оширгани ва қарздорлик йўқлиги, биз ва жамоамизга фақат тўғри, виждонан ишлаш кераклигини англатади. Ҳақиқатдан, айтганилардек, тез кунларда клубимизга янги академия қуриладиган бўлса, унда асосий жамоага етказиб берадиган футболчиларимизнинг савияси анча баланд бўлади.

Айни пайтда "Пахтакор" футбол клуби ўз академиясини жаҳон стандартларига хос тарзда янгитдан бунёд қилиш бўйича иш олиб боряпти.

"Пахтакор" матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!