Шунчаки эмас, савияли легионер бўлиб тўп сурмоқчиман - Диёр Туропов Осиё клубларининг таклифи ва бошқа қизиқарли мавзулар ҳақида гапирди
“Локомотив” таркибида бир неча йиллардан бери тўп суриб келаётган 27 ёшли ярим ҳимоячи Диёр Туропов ўтган вақт давомида анча шаклланди. У “Локо” сафига келган чоғида ҳали тажрибаси у қадар юқори эмасди.
Бугунги кунга келиб Туропов клубнинг етакчиларидан бирига айланди. Sports.uz мухбири билан мулоқот жараёнида футболчи эътиборга молик фикрлари билан ўртоқлашди.
Туркия йиғини қандай ўтди?
“Локомотив” Туркияда ташкиллаштирилган ўқув-машғулот йиғинини якунлади. Диёр Туропов эса, дастлаб мазкур тайёргарлик босқичи қандай ўтганлиги ҳақида фикр билдирди.
- “Локомотив”нинг Туркиядаги йиғинида асосий эътибор тактик жиҳатга, жисмоний тайёргарликни яхшилашга ва ўйин вақтида бўладиган жамоавий прессингни фаол уюштириш каби ҳолатларга қаратилди. Жамоанинг кайфияти яхши. Бунга у ердаги майдонларнинг ҳолати ҳам сабаб. Чунки машғулот жараёнида ноқулайлик ҳис қилмадик.
Португалиялик мураббий ҳақида
Жамоанинг португалиялик бош мураббийи Микаэль Секейра ҳақида ҳозирча етарлича тасаввурга эга эмасмиз. Чунки “Локо”да иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Туропов янги мураббий хусусида илк таассуротларини ўртоқлашди.
- Бош мураббий Секейра ҳақида гапирадиган бўлсам, у Европа футболини кўрган ва унинг ичида юрган. Шу сабабли, ушбу мутахассиснинг савияси бор. Бу нарса машғулотлар жараёнида ва ўртоқлик учрашувлари пайтида билинди. Умуман айтганда, у жуда талабчан мураббий.
Туропов ҳадеб жамоа алмаштиришни ёқтирмайди
Диёр Туропов фаолияти давомида ҳозирча фақат иккита клубда тўп сурган. Тўрт йил Олмалиқда ўйнаган бўлса, 2017 йилдан бери “Локомотив” шарафини муносиб ҳимоя қилиб келяпти. У ярим ёки бир йилда жамоасини алмаштираверадиганлар тоифасига кирмайди.
- Ҳа, бу гапингизга қўшиламан. Ҳозирги пайтгача иккита клуб шарафини ҳимоя қилдим. Бунинг боиси шундаки, футболчи борган жамоасида ўзини қандай ҳис қилиши ҳамда унга бўлган эътибор, деб биламан. Ҳар бир футболчининг асосий мақсадларидан бири фаолияти давомида ўзига билдирилган ишончни оқлаш ва жамоасига наф келтириш ҳисобланади. Ўша жиҳатлар бор бўлса керакки, менинг футболчилик фаолиятим шу тариқа давом этиб келмоқда.
Ўтган йилги омадсиз иштирок ва янги таклифлар хусусида
Маълумки, “Мавсум-2020” “Локомотив” учун омадсиз кечди. Бу борада турли фикрлар ҳам билдирилди. Хўш, Туроповнинг мазкур масаладаги муносабати қандай? Шунингдек, унга қандай таклифлар бўлди?
- “Локомотив”нинг ўтган мавсумдаги иштирокига тўхталсам, чемпионат ўйинларида футболчилар майдонда бир-бирларини тушунмасликлари, жамоавий ўйиннинг йўқолиб қолганлиги ҳам таъсир қилди. Бунинг устига кўп мавсумдан бери ўйнаб келган етакчи футболчиларнинг клубдан кетганлиги, янги келганларнинг эса жамоа ўйинига тез мослаша олмаслиги, шунингдек, пандемия туфайли машғулотлар жараёни ҳам яхши ўтмаганлиги ўз таъсири ўтказди. Албатта, менга жиддий таклифлар бўлди. Айниқса, Осиё клубларидан. Лекин “Локомотив”да қолишга қарор қилдим.
Клубнинг бу йилги мақсади
Кўпчиликни “Локо”нинг янги мавсумда қандай мақсад учун курашиши қизиқтиряпти. У яна аввалгидек совринли ўринлар учун курашадими ёки янгиланаётган жамоага бироз вақт керакми?
- Худо хоҳласа, бу мавсумда “Локомотив” чемпионлик учун курашади. Бу борада бизга бироз вақт керак, дейиш ҳақида ҳеч ким ўйлагани ҳам йўқ, - деди футболчи.
Диёр қачон легионерга айланади?
Юқорида айтиб ўтганидек, унга яхши таклифлар бўлди. Аммо яна “Локо”да қолди. Қизиқ, у қачонгача ушбу жамоа учун тўп сурмоқчи? Умуман айтганда, легионерга айланиш истаги борми?
- Бирор-бир муддатни аниқ кўрсата олмайман, буни вақт ҳал қилади. Биласизми, шунчаки легионер мақомида бўлиб эмас, балки савияли легионер сифатида тўп суриш ниятим бор.
“Локо”да ўтказаётган фаолияти тўғрисида
Шу ўринда футболчи “темирйўлчилар” сафида ўтказаётган йиллари ҳақида ҳам тўхталар экан, қуйидагиларни айтди:
- “Локомотив”га келишим менга чемпионлик ички ҳис-туйғуларининг завқини берди. Ёшлигимда ТВ орқали клуб ўйинларини кўриб, томоша қилиб юрган пайтларимдаги ўйинчилар билан бир жамоада тўп суриш имкониятини берди.
У яна майдон марказидан гол ура оладими?
Диёр Туропов Олмалиқ жамоасида тўп суриб юрган кезларида Андижондаги ўйинда майдон марказидан гол урганига гувоҳ бўлгандик. Қизиқ, бир футболчи иккинчи маротаба бу ишни такрорлай олармикин? Бу хусусида Туроповнинг жавоби шундай бўлди:
- Бунақаси бир марта бўлса керак. Футбол оламида бирор-бир футболчи икки марта майдон марказидан гол урди, деб эшитмаганман, тағин билмадим.
Фаолиятида катта ўрин тутган мураббий ким?
Шунингдек, ундан футболчилик фаолиятида муҳим аҳамият касб этадиган мураббий ким эканлиги ҳақида ҳам қизиқдик.
- Игорь Анатольевич Шквирин, деб биламан. Чунки у менга имконият берган ва майдонга туширган.
Фикрлар