
Симеоне "Ливерпуль" билан ўйиндан аввал бўлажак учрашув ҳақида гапирди
"Атлетико" бош мураббийи Диего Симеоне Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг илк тури олдидан "Ливерпуль" ҳақида фикр билдирди.
"Ажойиб рақиб, гўзал стадион ва мураббий, жамоани энг юқори даражага олиб чиққан. Улар жуда кучли, лекин биз ўйинни ўз сценариймиз бўйича йўналтиришга ҳаракат қиламиз. Икки жамоа майдонга 11 тадан футболчи билан тушади. Балки улар иккинчи бўлимда кўпроқ вариантларга эга бўлишар, аммо бошиданоқ ўйин 11 га 11 давом этади. Яхши ўйин кўрсатиш, рақиб жарима майдонида қатъиятли бўлиш ва сўнгги баҳсдаги (2:0 "Вильярреал"га қарши) йўналишда ҳаракат қилишни истайман. Биз ўсишимиз ва жамоа сифатида ривожланишимиз керак. Бу гўзал ўйин бўлади", – деди Симеоне.
Аргентиналик мутахассис "Ливерпуль"нинг энг кучли жиҳатини ҳам қайд этди:
"Улар вертикал ўйнайди, тезкор ҳужумларда маҳоратли. Бир қанча узатмаларга эҳтиёж сезмасдан қанотдан қанотга тез суръатда ўта олади. Бу жуда ҳам "очкўз" жамоа, уларга қарши ўйнаш осон бўлмайди", – дея қўшимча қилди "матрасчилар" мураббийи.
Comments