"Сизни ўйнатмаяптими, демак у ерда қолишнинг фойдаси йўқ" - Россия клубидан кетган легионеримиз энди қаерда тўп сурмоқчи?
Куни кеча sports.uz сайти орқали Россияда тўп сурган легионеримиз – Бобур Давлатовнинг “Нефтехимик” клуби билан тузган шартномаси ниҳоясига етаётгани ва томонлар орани очиқ қилгани хусусида хабар бергандик.
Шундай қилиб, ҳамюртимизнинг ушбу жамоаадаги фаолияти якунига етди. Шуни айтиш керак, Бобур “Нефтехимик”да дастлаб 2016/2017 йилги мавсумларда тўп сурди. Кейин 2019 йилнинг ярмида яна қайтди. Лекин орада жароҳатлар уни безовта қилди. Хуллас, Давлатовнинг “Нефтехимик”даги фаолияти бир текисда кечмади.
Маълумот ўрнида шуни айтишимиз жоиз, Бобур Россияда “Нефтехимик”дан ташқари Қозоннинг “Рубин” клубида бир неча мавсум фаолият олиб борган. Кейин Қозоғистонда “Жетису” ва “Актобе” учун тўп сурган. Аслида эса, у “Машъал” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Шунингдек, “Локомотив” билан “Насаф”да ҳам тўп сурганини яхши эслаймиз. Айнан 2019 йили Қарши жамоасидан тўғри “Нефтехимик”ка кўчиб ўтганди. Лекин кўриб турибсизки, Давлатов у ердан кетди. Футболчи sports.uz мухбири билан мулоқотда “Нефтехимик”дан кетишининг сабаблари ҳақида батафсил сўзлади.
"Янги мураббий билан келиша олмадик"
- Ўзингизнинг ҳам хабарингиз бор, “Нефтехимик” клубига борган дастлабки пайтдаёқ бир ҳафтадан кейин жароҳат олдим. Эсимда, ўшанда жиддий эмасдек кўринган. Жароҳатимга аниқ ташхис қўя олмаганман. Шу билан орадан икки-уч ой ўтиб кетди. Барибир ўша жароҳат сабабли операция столига ётишимга тўғри келди. Шу операциядан кейин тахминан бир йилча футбол ўйнай олмадим. Кейинчалик бу орада пандемия ҳам бўлиб қолди. Шу пайтда унчалик вақт йўқотмадим, яъни ўйин томонлама ва ҳамма билан бир хил эдим. Сентябрь ойига бориб ўйнай бошладим. Қишгача яхши ўтди ва 12 та ўйинда иштирок этдим. Бор эътиборим ва умидимни иккинчи даврага қаратмоқчи эдим. Жамоадошларим билан яхши йиғин уюштирдик. Лекин кейин клубда бош мураббий алмашиб қолди. Янги келган мураббийнинг қўли остида унчалик ўйнай олмадим. У билан бироз келиша олмадик. “Нефтехимик” билан шартномам бир йилгача эди. Май ойида улар билан орани очиқ қилишга тўғри келди. Барибир ўйнамагандан кейин у ерда юргандан нима фойда? Бунинг устига легионер бўлсам?!
"Балки ўзимда ҳам айб бордир"
- Юрий Уткульбаевнинг кетишига келсак, биз ноябрь ойида кетма-кет олтита ўйинда ютқаздик, ҳаттоки дуранг ҳам ўйнай олмадик. У ҳам чарчади. Клуб билан тўрт йилдан бери бирга эди. Шундан сўнг, мураббийлик соҳасида бироз танаффус қилишга қарор қилди. Кейин ўрнига Новиков келди. Боя айтдим, бу мураббий билан чиқиша олмадим. Балки ўзимда ҳам айб бордир, яна билмадим. Ўзимни кўрсатай десам, баъзи пайтларда йиғинлар чоғида мени ўз жойимда ўйнатмади. Аммо бу баҳона бўла олмайди. Новиков билан қандайдир келиша олмадик-да. Ҳамма мураббийнинг футболга қараши бўлади, унга тўғри келмадим.
"Нефтехимик"да қолишни ўзимга эп кўрмадим"
- Тасаввур қилинг, сиз легионерсиз, аммо у ерда ўйнамаяпсиз. Шартномангиз тугаётган пайтда албатта кетишни хоҳлайсиз. Қачон менга имконият бераркин, деб кутиб юравермайсиз-ку. Мураббийни ўзини тутиши вазиятни шунга олиб борди. Вақтимни захирада ўтказиб, шу ерда қоламан, деб умид қилмадим. Жамоага мени таклиф қилган мураббий кетганди. Тўғриси, “Нефтехимик” клубида қолишни ўзимга эп кўрмадим. Жамоанинг кейинги режаларида ўзимни кўрмадим. Бу билан мавсумни тезроқ тугашини кутдим, демаган бўлардим. Ҳар ҳолда биз профессионалмиз. Клуб билан тузилган шартномага охиригача амал қилишимиз керак. Бир-иккита ўйинда ўйнамадим, энди ҳаммаси тамом, уйга кетишим керак, деган одатим йўқ. Шундай экан, клубда ишимга профессионал ёндашдим. Лекин, барибир вазиятга реал қараш керак. Сизни ўйнатмаяптими, демак у ерда яна қолишнинг фойдаси йўқ.
"Балки Ўзбекистонда тўп сурарман, ёки...
- Олдиндан бир нима деб бўлмайди. Балки Ўзбекистон чемпионатида тўп сурарман. Ёки яна хориж клубига кетишим ҳам мумкин. Ҳозирча бу саволга аниқ жавоб бера олмайман. Барчасини олий ҳакам – вақт кўрсатади. Ҳамма футболчи ҳам ўзига ишонч билдирадиган жамоада ўйнашни истайди ва шу жумладан мен ҳам, - деди Давлатов.
Фикрлар