Сўнгги 5 йил ичидаги энг яхши натижани такрорлаш учун бир қадам...
"Барселона" сўнгги марта 2019 йилда Чемпионлар лигаси ярим финалида ўйнаган. Ўша мавсум бошида Лионель Месси мухлисларга ЕЧЛ кубогини "Комп Ноу"га қайтарамиз, деб ваъда бериб қўяди. Гуруҳдан қийинчиликсиз чиққан каталонияликларга эса "Лион" тўқнаш келган. Дастлабки ўйинда томонлар дурангга имзо чеккан бўлса, жавоб баҳсида "Барса" 5:1 ҳисоби билан зафар қучади. Чорак финалда "Манчестер Юнайтед" тўсиғидан ўтиб, Вальверде шогирдлари ярим финалга йўл олди. "Комп Ноу"да бўлиб ўтган ўйинда мезбонлар жавобсиз 3 та гол уришади, лекин иккинчи беллашувда...
Юрген Клопп армияси футбол тарихидаги энг даҳшатли камбэклардан бирини амалга оширди ва финалга йўл олиб, чемпионга ҳам айланди. Бу камбэк "Барса" учун ЕЧЛдаги энг сўнгги ярим финал баҳси бўлиб қолди. Ўша пайтлар бу гапни кимгадир айтсангиз, ишонмаслиги аниқ эди, лекин кейинги 5 йил ичида клубни энг ёмон натижалар кутиб турганди.
Бир мавсумдан кейин "Бавария"дан учралган қақшатқич мағлубият, ундан кейин икки йил Европа лигасига равона бўлган испанлар ваниҳоят гуруҳдан чиқишни уддалашди. Нимчорак финалда "Наполи" мағлубиятга учратилди. 1/4 финалда эса "Барса" ПСЖга рўбарў келди. Париждаги ўйинда Хави шогирдлари ирода намойиш этиб, зафар қучишди. Энди бу ишни улар ўз майдонида қилиши керак бўлади. Шунда 2019 йилдан кейин илк бора Чемпионлар лигаси ярим финалига чиқади.
1/2 финалда "Барселона"ни "Атлетико" - "Боруссия" тўқнашувидаги ғолиб кутиб турибди. "Матрасчилар" дастлабки баҳсда минимал ҳисобда ғалаба қозонишган.
Фикрлар