“Спартак Москва” охирги учрашувни ўзбек жамоасига қарши ўтказишини эълон қилди
Россия Премьер-лигасининг кучли клубларидан ҳисобланган Москванинг “Спартак” жамоаси мавсумнинг иккинчи қисмига тайёргарлик режасига кўра, ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда ўтказиладиган ўртоқлик учрашувлари жадвалини эълон қилди.
Унга кўра, москваликлар биринчи йиғинни Туркиянинг Белек шаҳрида ташкил қилади ва 20 январь куни ўз ҳамюртлари “Черноморец” билан куч синашади.
“Қизил-оқлар”нинг иккинчи йиғини Дубайда бўлади. “Спартак” Бирлашган Араб Амирликларида Россия Премьер-лигасининг қишки кубоги мусобақасида иштирок этади. Бу турнир доирасида 30 январда “Краснодар” ва 7 февралда “Динамо Москва”га қарши баҳс белгиланган.
“Спартакчилар” 2 февраль куни Қозоғистоннинг “Астана” жамоаси билан ҳам беллашади.
Қишки тайёргарликнинг охирги босқичи яна Белекда бўлади. 20 февраль куни “Торпедо Москва” жамоасига қарши саф тортадиган “Спартак” йиғиндаги сўнгги баҳсни 24 февралда Ўзбекистон чемпиони “Насаф” билан ўтказади.
Фикрлар