"Спартак" Остон Ўрунов трансфери бўйича расмий таклиф олди
"Рубин" "Спартак" сафида тўп сураётган ҳамюртимиз Остон Ўруновга қизиқиш билдирмоқда.
"Бизнес онлайн" манбасига кўра, қозонликлар 19 ёшли ярим ҳимоячининг трансфери бўйича москваликларга расмий таклиф юборди.
"Рубин" Ўруновнинг трансферини январдаёқ амалга оширишни режалаштирмоқда. Августда "Уфа" дан "Спартак" га трансфер қилинган Остон клуб бош директори Шамил Газизов билан боғлиқ вазият сабаб, ярим мавсумдан сўнг пойтахт клубини тарк этиши мумкин.
Ўруновнинг трансфери қозонликлар учун 2 миллион еврога тушиши мумкин. Жорий мавсумда ярим ҳимоячи "Спартак" сафида РПЛда олтита ўйинда майдонга тушиб, голли вазиятларда иштирок этмади.
Аммо клуб раҳбариятининг Ўруновни трансфер қилиш режаси маҳаллий мухлисларга маъқул келмаяпти ва улар ярим мавсум олдин харид қилиниб, узоқ вақтли шартнома имзолаган иқтидорли футболчини сотиб юбориш эмас, ижарага юбориш тўғри вариант бўлиши ҳақида таъкидлашмоқда.
"Рубин" ўзбек футболчилари учун бегона клуб эмас. 2019 йилда Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси Виталий Денисов қозонликлар сафида ярим мавсум тўп сурган.
Фикрлар