Спорт ва поп-юлдузлари тўқнашган нуқта. Мухаммад Али ва The Beatles

Ўн бир кундирки, The Beatles Нью-Йоркда концерт бериш мақсадида юришибди. Ҳозир эса негадир студияда ёки саҳнада эмас, балки Флориданинг пальма дарахтлари билан қуршалган Майами-Бич кўчаларидан биридаги тор ва қоронғу пардозхонада ўтиришибди. Жон Ленноннинг “Жин урсин, бу шўрпешона қаерда санғиб юрибди” деган хитоби эшитилиб туради. Яхшиямки, “шўрпешона” ўзи ҳақидаги “ширин” гапларни эшитмаяпти...

1964 йилнинг февралида The Beatles Майамига келган бир пайтда, 22 ёшли Мухаммад Али (у пайтда ҳали Касиус Клей) Сонни Листон билан оғир вазн Жаҳон чемпиони номи учун бўладиган тўқнашувга тайёрланиб юрарди. Ҳамма унинг Соннини мағлуб қила олишига шубҳа билан қарарди. Ўйин учун билетларнинг сотилмай қолиб кетиши, Клейнинг яқинларини ташвишга сола бошлади. Улар Ливерпульнинг ўша машҳур рок-гуруҳи билан қилинадиган фотосессия Касиус учун яхшигина реклама бўлади, деган қарорга келишади. Фақат бир муаммо бор эди: The Beatlesни Клей эмас, балки Листон билан фотосессия қилиш кўпроқ қизиқтирарди...

The Beatles билан ишлаётган фотограф Харри Бенсон Онни билан келишишга ваъда беролмайди, аммо ундан “The Beatles? Ким ўзи улар?” деган жавобни олади. Шу билан, фотосессия Мухаммад Али билан ўтказиладиган бўлди. Али пардозхонага кириб келганда рокерларнинг кайфияти анчагина чатоқ эди. “Қани болалар, оз-моз пул ишлаш вақти келди”. Алининг мана шу ҳазили ўртада илиқлик пайдо қилди ва улар расмга тушишига чоғлана бошлашди.

Мухаммад Али ва The Beatles нинг биргаликдаги икки сурати: Али Харрисоннинг юзига мушт тушираётгани-ю, қолганларнинг домино сингари рингга қулаётганлиги ва боксчининг горилла сингари кўкрагига муштлаб, рокерларни ҳаяжонга солган тасвири жамоатчилик орасида шов-шув бўлиб кетди.

“Мен ўйлаганчалик аҳмоқ эмас экансизлар”, хитоб қилди Али. “Биз аҳмоқ эмасмиз. Аммо сенинг масаланг чатоқ”, жавоб берди Леннон. Бир ҳафтадан сўнг ҳар иккала томоннинг ҳаётида муҳим воқеа бўлди: Англияга қайтган The Beatles ўзининг машҳур Can’t Buy Me Love қўшиғини чиқарди, Мухаммад Али эса Листонни мағлуб қилиб, ўзини бутун дунёга кўрсатиб қўйди...

Саодат Абдурахманова таржимаси 

Манба: sports.ru

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!