Спортимиз мутасаддилари “Спорт журналистлари кубоги-2022” турнирини кузатишди ҳамда ЎФА фаолияти билан танишди
Хабар берганимиздек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси юртимиздаги журналистлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш мақсадида “Спорт журналистлари кубоги-2022” мусобақасини ташкил этди.
Бугун бошланган ушбу мусобақа ЎФА қошидаги сунъий қопламали майдонда бўлиб ўтмоқда. “Спорт журналистлари кубоги-2022” мусобақаси жараёнларини томоша қилиш учун бу ерга Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, вазир ўринбосари Шахрулло Маҳмудов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ва бошқалар ташриф буюришди. Уларни ЎФА раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов кутиб олди.
Ташриф давомида вазир “Спорт журналистлари кубоги-2022” турнирининг ташкилий жиҳатларига юқори баҳо берди ва мусобақа иштирокчилари билан суҳбатлашиб, мамлакатимизда миллионлар ўйини футболни яна-да оммалаштириш борасида ўзаро фикр алмашди.
ЎФА мутасаддилари билан мулоқотда оммавийликни яна-да ошириш, айниқса уюшмаган ёшлар ҳамда болалар ва ўсмирлар ўртасида умуммиллий мусобақаларни ташкил этиш орқали оммавийликни таъминлаш, болалар-ўсмирлар ўртасида селекция жараёнини яна-да кучайтириш натижасида иқтидорли ёшларни саралаб олиш, кейинчалик уларни катта футбол сари тўғри йўналтириш борасида ўз таклифларини билдирди.
Шунингдек, А.Икрамов Ўзбекистон терма жамоаларининг жорий йилдаги режалари билан қизиқди. Болалар-ўсмирлар ва аёллар футболини ривожлантириш борасидаги ишлар ва яқин келажакдаги мусобақалар борасида мутахассислар билан суҳбатлашди.
Бундан ташқари, ЎФА раҳбарияти билан Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси ўртасида ҳамкорликнинг самарадорлигини яна-да ошириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Адҳам Илҳомович Ўзбекистон сўнгги пайтларда футбол бўйича бир қанча нуфузли халқаро мусобақаларга мезбонлик қилаётгани ва уларни намунали ўтказаётганини алоҳида эътироф этди. Бундан ташқари, жорий йилнинг июн ойида юртимиз майдонларида бўлиб ўтадиган У-23 Осиё кубоги ҳақида тўхталиб, ташкилий қўмита аъзоларига куч-ғайрат тилади ва вазирлик ҳар қандай ёрдамга тайёр эканлигини билдирди.
Фикрлар