SPORTS.uz сайти вакили Дмитрий Попов - йилнинг энг фаол спорт журналисти деб топилди!

27 июнь – Ўзбекистон матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида, 2 июль эса Халқаро спорт журналистлари куни сифатида кенг нишонланиши яхши анъанага айланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги “Оммавий спорт тарғиботини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 484-сонли қарорига мувофиқ анъанавий тарзда “Йилнинг энг фаол спорт журналисти” ижодий танлови (кейинги ўринларда танлов деб юритилади) ўтказиб келинади. Қарорнинг 9-бандига асосан спорт тарғиботи бўйича алоҳида фаоллик кўрсатган журналистларни касб байрами муносабати билан 1-мукофот учун энг кам иш ҳақининг 20 баробари, 2-мукофот учун энг кам иш ҳақининг 15 баробари ва 3-мукофот учун энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида пул мукофотлари билан рағбатлантириш кўзда тутилган. Ушбу мукофот пуллари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳисобидан қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ишчи гуруҳи матбуот хизмати томонидан якуний босқичга тавсия этилган танловга келиб тушган ижодий ишлар билан танишиб чиқди. Улар 2017 йилнинг 1 июнидан 2018 йилнинг 1 июнига қадар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган бўлиб, даврий нашрлар (“Халқ сўзи”, “Ишонч”, “Маърифат”, “Қорақалпоғистон спорти”, “Қашқадарё ёшлар спорти” газеталари), телевидение ва радио (“Спорт”, “Тошкент”, “Узрепорт”, “Футбол”, “Қорақалпоғистон”, “Маҳалла” телерадиоканаллари), интернет тармоғи (“kun.uz”, SPORTS.uz, “Оламспорт” ва бошқа сайтлар)ни қамраб олган. Тақдим этилган ишлар муаллифлари Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида истиқомат қилишади.

IMG_4815

Ижодкорларнинг барчаси мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни атрофлича ёритишга ҳаракат қилишгани, материалларда объективлик, аниқлик, таҳлил ва танқидга муносиб эътибор берилгани диққатга сазовор. Мукофотлашга лойиқ ижодкорларни аниқлашда танловнинг номида таъкидланган “алоҳида фаоллик кўрсатган” журналистларга устунлик бериш мақсадга мувофиқ деб топилди.

2 июль куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Журналистларни вазир Шоакром Исроилов самимий қутлаб, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўзлаб берди ҳамда ислоҳотларни аҳолининг турли қатламларига етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта эканлигини алоҳида таъкидлади.

IMG_4870

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда, спорт оммавий соҳасидаги тадбирларни ёритишда, халқаро ареналарда йигит-қизларимиз қўлга киритаётган зафарлар ҳақидаги хушхабарларни халқимиз орасида тарқатишда журналистларнинг ўрни беқиёс. Телевидение ва радио, даврий нашрлар ва интернет тармоғида айнан сизнинг фаоллигингиз туфайли спорт мухлислари янгиликлардан бохабар бўлиб боришади, юлдузларимизни яқиндан таниш имконига эга бўлишади. Бугунги байрам билан сизларни чин дилдан табриклаймиз. Спортимизни ривожлантиришда бизга бераётган ёрдамингиз учун миннатдорчилигимизни изҳор қиламиз. Келгуси фаолиятингизда ижодий зафарлар тилаймиз. Бундан буён ҳам журналистларимиздан ўзбек спорти ҳақида янги ва янги ажойиб материаллар кутиб қоламиз, - деди Шоакром Исроилов.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз футболи, аёллар футболи, футзалига бағишланган 167 та материали SPORTS.uz сайти орқали мухлисларга тақдим этилган блогер Дмитрий Попов биринчи мукофот билан тақдирланди.

Очиғи, бундай мукофот билан тақдирланишимни кутмаган эдим. Спорт журналистларига кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва эҳтиром учун катта раҳмат. Мамлакатимизда жорий йилда инновацион ғояларга алоҳида эътибор қаратилаётгани спортга оид электрон нашрларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Сайтларимиз, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда ўзбек спорти ютуқлари ҳақида ҳикоя қилиш барчамиз учун шараф. Ўз навбатида, спортимизни янада юксалтириш йўлида дуч келаётган тўсиқлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар, уларни тузатиш йўллари ҳақида материаллар ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Бугунги байрам билан барча спорт журналистларини табриклайман ва ижодий муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман! – деди танлов ғолиби Дмитрий Попов.

IMG_4895

Иккинчи мукофот “Қорақалпоғистон спорти” газетасида болалар, оммавий спорт ва спортчилар оиласи мавзуларига бағишланган 80дан ортиқ таҳлилий материаллар муаллифи Қуралбай Кенесбаевга топширилди.

“Спорт” телеканалида мунтазам равишда спортимиз воқеалари ҳақида лавҳалари билан томошабинларга яхши таниш “Хабарлар” дастури катта муҳаррири Шафоат Толипжонова учинчи мукофот соҳибасига айланди.

“Маърифат” газетаси мухбири Дилшод Рўзиқулов, “Ишонч” газетаси мухбири Ирисмуҳаммад Абдукаримов, “Спорт” телеканали бўлим бошлиғи Норали Очилов, “Узрепорт” ва “Футбол” телеканалларидаги футбол шарҳлари ва кўрсатувлари билан танилган шарҳловчи Даврон Файзиев, “Қашқадарё ёшлар спорти” газетаси мухбири Ҳулкар Ражабова ва “Халқ сўзи” газетаси ходими Омонулла Файзиев ҳам рағбатлантирилувчи мукофотга лойиқ топилди.

IMG_4893

Ғолиб ва совриндорларга махсус сертификат ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

 

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!