SPORTS.uz талқини бўйича Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи рамзий терма жамоаси
Бош мураббий: Ханс-Дитер Флик (“Бавария”)
“Бавария” ушбу мавсумда ҳам ЕЧЛни супер кўрсаткичлар билан бошлади. Улар ушбу босқичда энг кўп (16 очко) тўплаган 2 жамоанинг бири. Мюнхенликлар кўрсатган футболда алоҳида юлдузлар жамоани етаклаб бормади. Флик клубга сингдираётган жамоавий футбол натижаларда етакчи роль ўйнамоқда.
Ушбу босқичда немис мутахассиси жамоасини 4:3:3 схемасида майдонга бошлаб тушди. Рамзий жамоамиз ҳам ушбу схемага асосланади.
Дарвозабон: Эдуар Менди (“Челси”)
“Аристократлар”нинг жорий ёзда харид қилган бебаҳо дарвозабони ушбу босқич доирасида 5 та ўйинда майдонга тушиб, 4 тасида ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди. Ушбу беллашувларнинг 4 тасида лондонликлар ғалаба қозонган.
Фрэнк Лэмпард энди Кепанинг “хурмача” қилиқларига чидашга мажбур эмас.
Чап қанот ҳимоячиси: Жорди Альба (“Барселона”)
“Барселона”нинг гуруҳ босқичидаги ўйини биргина “Ювентус”дан учралган мағлубият сабаб ёмонга чиқмаслиги лозим. 5 та тур якунларига кўра, Куман шогирдлари ЕЧЛда барча ўйинларни ютган ягона жамоа бўлиб турганди.
Чап қанот ҳимоячиси позициясидаги энг яхши футболчи айнан Альба бўлди, дея оламиз. Авваллари, Месси билангина тил топиша олади, деб айтиладиган футболчи энди бошқа шерикларини ҳам тўп билан таъминлаб турибди.
Марказий ҳимоячи: Рубен Диаш (“Манчестер Сити”)
Пеп Гвардиола энг кўп бош қотирадиган чизиқ бу - ҳимоя. Ушбу позициядаги муаммоларни бартараф этиш учун шу давргача испаниялик мутахассис бир неча юз миллионларни сарф этиб улгурган.
Жорий мавсум аввалида жамоага келиб қўшилган португалиялик ҳимоячи мудофаа марказида ишончли ўйин кўрсатди.
Марказий ҳимоячи: Леонардо Бонуччи (“Ювентус”)
Туринликларнинг марказий ҳимояси вакили ЕЧЛ гуруҳ босқичининг энг яхшилари қаторида эътироф этилишга лойиқ ўйин кўрсатди. У сардор сифатида жамоасини ҳар қандай вазиятда олдинга етаклаб турди.
У гуруҳ босқичининг 5 та баҳсида майдонга тушиб, “кекса сеньора”ни биринчи ўринда якунлашига яхшигина ҳисса қўшди.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Хуан Куадрадо (“Ювентус”)
Андреа Пирло жамоасининг 6 та тур якунларига кўра, энг яхши футболчиси Хуан Куадрадо бўлгандек, назаримизда. Энг яхши ассистентлар рўйхатида колумбиялик футболчи 5 та самарали узатма билан етакчилик қилмоқда.
Аслида, ҳужумкор футболчи сифатида фаолиятини бошлаган Куадрадонинг қанот ҳимоясига кўчирилиши яхши кашфиёт бўлди.
Марказий ярим ҳимоячи: Каземиро (“Реал”)
“Қироллик клуби” энг сўнгги дақиқаларгача мусобақани тарк этиш хавфи билан ўйнади. Аммо якунда барчаси Зидан шогирдлари учун хайрли якун топди.
Айниқса, иккинчи даврада намойиш этган ишончли ўйини орқали бразилиялик футболчи марказий ярим ҳимоянинг энг яхши вакилларидан бири бўлди.
Марказий ярим ҳимоячи: Леон Горецка (“Бавария”)
Леон жамоавий футболда марказда катта меҳнат бажарувчи бебаҳо футболчи. “Бавария”нинг чиройли ўйинларининг асоси Горецкага бориб тақалади.
У жуда керакли пайтларда гол уриши ва ўйинни кўра олиши билан ажралиб туради. Тиаго Алькантара кетгач, у бажариши керак бўлган ишлар кўлами анча кенгайди.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Кевин Де Брюйне (“Манчестер Сити”)
Гуруҳ босқичининг энг сермаҳсул жамоаларидан бири ҳисобланган “Манчестер Сити”дан бирорта ҳужум вакилини олмаслик адолатдан бўлмас эди. У гол уришга муваффақ бўлмади. Аммо ассистентлар рўйхатида 4 маротаба голли узатма амалга оширган ярим ҳимоячи юқори ўринлардан бирида бормоқда.
Чап қанот ҳужумчиси: Неймар (ПСЖ)
Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг қуръаси бўлган пайтда ПСЖ жой олган тўртлик энг мураккаби, деб қаралган эди. Амалда ҳам улар энг қийин учрашувларни ўтказган ҳолда, плэй-оффга чиқди. Парижликларнинг етакчи футболчиси Неймар 6 та гол уриб, жамоасининг кейинги босқичга чиқишида асосий образ бўлиб хизмат қилди.
Ўнг қанот ҳужумчиси: Алассан Плеа (“Боруссия” Мюнхенгладбах)
Навбат гуруҳ босқичининг кашфиёт жамоаси вакилига! Алассан “Реал” ва “Интер” жой олган мураккаб гуруҳдаги супер ўйинлари билан ёдимизда қолди. Гол+пас тизими бўйича унга тенг келадиган футболчини жорий йилда топа олмайсиз. 6 та тур мобайнида 5 та гол ва 3 та ассист амалга оширган футболчи жамоа сенсация амалга оширишида катта ёрдам берди.
Марказий ҳужумчи: Альваро Мората (“Ювентус”)
Испаниялик форвард ҳозирча мусобақанинг тўпурари бўлиб турибди. У учун энг мос клуб “Ювентус”га ўхшайди. Айнан шу жамоадаги ёрқин ўйинлари сабаб “Реал”га қайтган Альваронинг омади кейинчалик ҳам юришмади.
Бугун у Пирло жамоасида алмаштириб бўлмас страйкер. Тинимсиз голлар ураётган футболчининг дарвозага киритган тўпларининг катта қисми офсайддан уриляпти. Агар улар ҳам ўз ўрнида бўлганида, тўпурарлар рўйхатида яна ҳам юқорироқ кўрсаткич билан карвонбошилик қилаётган бўларди.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар