SPORTS.uz талқини бўйича Европа кучли бешлик чемпионатларида ҳафта рамзий терма жамоаси

Франция ўтган мавсум чемпионатни муддатидан аввал якунлаб, бунга инсонлар саломатлиги билан ҳазиллашиб бўлмаслигини важ қилиб кўрсатди. Бугун ўша “меҳрибонлар” мамлакат бўйлаб кунига 10 минглаб коронавирус ҳолати қайд этилаётганига қарамай, трибуналар тўла мухлислар билан чемпионатни бошлади. Аллақачон, ушбу дивизионда 2-тур учрашувлари якунланиб улгурди. 12 сентябрдан эътиборан Англия ва Испанияда янги мавсум старт олди. Кейинги ҳафтадан Германия Бундеслигаси ва Италия А Серияси бошланади. Биз ҳозирча ўзимизда бор ресурслардан фойдаланиб таркиб тузаверамиз. Қолганлар аста-секин қўшилаверади.

Бош мураббий: Андре Виллаш-Боаш (4-3-3)

Раллида омади юришмай, биринчи пойгасидаёқ автоҳалокатга учраган Боаш “Марсель”ни яхши бошқараётгандек кўринмоқда. Албатта, бизда ушбу жамоанинг ўйинларини доимий кузатиб бориш имкони мавжуд эмас. Аммо ПСЖга қарши ўйинда улар жуда тартибли ҳимояланди. Қарши ҳужумларда эса мудом парижликлар ҳимояси сергак туришига тўғри келди. Тьягу Силва кетиб, етакчисидан айрилган Тухель шогирдлари 35 йил деганда илк маротаба мавсум стартидаги 2 учрашувни бой берди. Португалиялик мутахассис эса, 19 йилдан бери “Марсель”нинг ҳеч бир мураббийи уддалай олмаган ишни уддалади: ПСЖ таслим этилди.

Бош мураббий футболчиларидан 4-3-3 схемасида фойдаланди. Бизнинг рамзий терма жамоа ҳам айни шу тактик чизгиларга асосланади.

Марсель

Дарвозабон: Стив Манданда (“Марсель”)

Фаолиятининг асосий қисмини “Марсель” таркибида ўтказаётган франциялик посбон ПСЖга қарши жанжалли учрашувнинг асосий қаҳрамонларидан бири бўлди. Тўлиқ ижобий маънода, албатта. Унинг нақд 4 та сэйви сабаб “Парк де Пренс” эгалари голсиз қолди. Ўз дарвозаси олдидан амалга оширган пасларининг ярмидан кўпи жамоадошларига етиб борган. Аллақачон 35 ёшни уриб қўйган “қария” учун ёмон ўйин бўлмади.

Манданда

Чап қанот ҳимоячиси: Люка Динь (“Эвертон”)

Серхаражат “Эвертон” мавсумни яхши бошлади. “Тоттенхэм” майдонидан ғалаба билан қайтган “ирисчилар”нинг мавсум давомидаги муваффақиятларига умид пайдо бўлмоқда. Франциялик лефт-бекнинг узатган тўпи Кальверт-Льюиннинг дарвозани ишғол қилиб бериши билан якунланди.

Ҳимоядаги ҳаракатларига келадиган бўлсак, 7 та вазиятда рақиб ҳужумини муваффақиятли “тозалади”. Пасларидаги аниқлик ҳам 87 фоизни ташкил этмоқда.

Динь

Марказий ҳимоячи: Ромен Саисс (“Вулверхэмптон”)

Марокаш терма жамоаси сардори ҳисобланадиган футболчи принципиал ўйинда рақиб дарвозасини ишғол қилишга эришди. Учрашувнинг энг яхши футболчиси, деб топилган ҳимоячи 7 маротаба тўпни ҳимоядан узоқлаштирган. Рақибларининг иккита хавфли зарбасини блоклай олди. Ҳимоячи бўлишига қарамай, 3 та зарба берди (2 таси аниқ, 1 таси гол). Паслардаги аниқлик қарийб 89 фоиз.

Саисс

Марказий ҳимоячи: Габриэль Магаллайнс (“Арсенал”)

Габриэль АПЛдаги дебютида гол урган 10-футболчи бўлди. Бундан аввалги 9 та футболчининг барчаси “Ливерпуль” вакиллари бўлган экан. 

Магаллайнс дастлабки дақиқаларда бироз ҳаяжонланди ва битта вазиятда сўнгги ҳимоячи ролида тўпни олдириб қўйди. Аммо мана шу Габриэль учун сўнгги хато бўлди. Учрашув мобайнида бразилиялик фулбекнинг бошқа хатосини кўрмадик.

Габриэль

Ўнг қанот ҳимоячиси: Рис Жеймс (“Челси”)

“Брайтон”дан супер гол ўтказиб, очко йўқотиш “Челси” тақдирига битилганми, деб турганимизда катта саҳнага клуб тарбияланувчиси чиқиб келди. Бир неча дақиқа олдин узоқ масофадан Кепа дарвозасини ишғол қилган Троссард ҳам унинг голига маҳлиё бўлиб қолди. Кейинроқ, у Зуманинг голига ассист ҳам амалга оширди.

reece-james

Марказий ярим ҳимоячи: Луис Милья (“Гранада”)

Ҳа, бугунги “Гранада” анча ривожланган клубга айланиб қолган. Аммо ҳар қандай вазиятда “Атлетик” Бильбао билан “Реал” ва “Барселона” ҳам ҳисоблашишга мажбур. Иккинчи таймни супер темп билан бошлаган “Гранада” футболчилари 2 та гол уришга эришди. Иккинчи голга муаллифлик қилишдан ташқари испаниялик хавбек майдон марказини том маънода бошқара олди.

милья

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Жефф Хендрик (“Ньюкасл”)

“Янги қаср эгалари”нинг 2020/2021 мавсумда даҳшатли жамоага айланиши кутилганди. Араблар жамоага пул тикиш фикридан қайтгач, улар Каллум Уилсонни жамоага олиб келишди, холос. Бироз олдинроққа ўтиб айтишимиз мумкинки, фаол ҳаракатларига қарамай, Уилсонни рамзий терма жамоага кирита олмадик. Аммо АПЛда ўз мавқеига эга клуб сифатида кўриладиган “Вест Хэм”нинг дастлабки турда бу қадар ишонч билан таслим этилиши жамоага бўлган ишончимизни оширди. Жефф Хендрик эса битта ассист ва битта супер гол орқали жамоаси ғалабасининг асосий сабабчисига айланди.

хендрик1

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Виллиан ("Арсенал")

Тажриба клуб танламаслигини Виллиан исботлаб қўйди. Баъзи манбалар 2 та, баъзилари 3 та ассист амалга оширганини айтмоқда. Нима бўлган тақдирда ҳам, биринчи гол урилган вазиятда Виллианнинг ҳиссаси бор. У янги жамоасида аллақачон стандартлар ижрочисига ҳам айланиб олибди.

Дебют бундан ортиқ бўлиши мумкинми?!

иллиан_1

Чап қанот ҳужумчиси: Ли Канг Ин ("Валенсия")

Кореялик иқтидор эгаси Ла Лигада 1 та ўйинда 2 та ассист амалга оширган энг ёш футболчига айланиб олди. Аввалги натижа Хуан Матага тегишли эди. “Валенсия” клубнинг деярли барча етакчиларига жавоб бериб юборди. Балки, улар мана шу каби футболчиларга имконият бериш ва улар атрофида янги жамоа қуриш мақсадида “катта тозалаш” амалга оширгандир.

ли канг ин_1

Ўнг қанот ҳужумчиси: Муҳаммад Салоҳ ("Ливерпуль")

Мисрлик форвард “Ливерпуль” тарихида кетма-кет 4 та 1-тур баҳсида гол урган илк футболчига айланди. У доимий тарзда мерсисайдликлар рекордларини янгилаб бормоқда. Биринчи турданоқ хет-трик футболчининг жорий мавсумдаги режалари юқори эканлигидан дарак бераётгандек. Аммо тан олиш керакки, “Лидс”га қарши учрашувда “Ливерпуль” ҳимояси ўзига ўхшамади.

сала=

Марказий ҳужумчи: Жейми Варди ("Лестер")

Кимгадир 2 тагина пенальтидан гол урган футболчининг рамзий терма жамоага киритилгани эриш туюлиши мумкин. Аммо Жейми айни пайтда жамоа етакчиси сифатида бошқа даражадаги футбол намойиш этмоқда. Энди унинг иши жарима майдони ичида тўпни кутишдан иборатгина эмас, у тўпни қабул қилиш учун орқароққа қайтиши, керак бўлса, ўзи ҳужум уюштириши лозим. 1-турда биз унда буни кўра олдик. Кейинги турларда ҳам чиройли ва мазмунли ўйин гувоҳи бўлишимизга умид билдирамиз.

варди_1

superliga (8)
Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!