SPORTS.uz талқини бўйича Европа "топ-5" чемпионатларида ҳафта рамзий терма жамоаси
Якунига етган ҳафтада “кўҳна қитъа” кучли бешлик чемпионатларида тур учрашувлари бўлиб ўтди. Унда бир қатор футболчилар ўзларини ижобий тарафдан кўрсата олди. Бугун ҳафта рамзий жамоасини тузиб чиқиш баробарида еврофутболдаги энг сўнгги воқеаларни муҳокама этамиз.
Бош мураббий: Кристиан Штрайх (“Фрайбург”)
Ҳа, “Боруссия” Дортмундни енгиш Германия Бундеслигасида ўта ҳайратланарли воқеа ҳисобланмай қолган. Аммо немис биринчилигида 6-поғонада бораётган дортмундликларни мағлуб этиш доим ҳам қийин бўлган. Кристиан Штрайх бошчилигидаги жамоа жорий мавсумни шундоқ ҳам яхши ўтказмоқда. 20-тур якунларига кўра, фрайбургликлар 30 очко билан 8-ўринда бормоқда.
4-4-2 схемаси остида ўйин ўтказган Штрайхнинг тактик чизмаларини биз ҳам рамзий терма жамоамизга асос қилиб оламиз.
Дарвозабон: Войцех Шченсни (“Ювентус”)
Туринликлар ушбу турни ишончли ғалаба билан якунлади. Бевосита рақобатчи ҳисобланган “Рома”нинг таслим этилиши Пирло жамоасига қўшимча иштиёқ бағишлаши табиий. Нега “Ювентус”дан айнан Войцех Шченсни рамзий терма жамоамизга танлаб олинди? Гап шундаки, “жалороссилар” бутун ўйин давомида польшалик дарвозабон қўриқлаган дарвозага 14 маротаба зарба беришга муваффақ бўлган. Солиштириш учун, “Юве” футболчилари римлик рақибларига қарши ўтказилган 90 дақиқа мобайнида 3 мартагина зарба берган. Ҳа, улар аниқроқ ҳаракат қилиб, 2 та гол урди. Аммо нариги тарафдаги дарвозага йўлланган зарбалар оқимининг бирортаси голга айланмагани дарвозабонга бевосита боғлиқ.
Чап қанот ҳимоячиси: Люк Шоу (“Манчестер Юнайтед”)
Тан олишга тайёрмиз, бироз тортишувли танлов. Аммо чап қанот ҳимоячилари орасида жорий ҳафтада Шоудан кўра яхшироқ вакилни топиш мушкул бўлди. Ҳа, 3 та гол ўтказиб юборган клубдан ҳимоячини рамзий терма жамоага киритиш мантиққа тўғри келмаслиги мумкин. Аммо Сульшер Англия терма жамоаси аъзосидан бошқача мақсадларда фойдалана оляпти. Шу пайтгача, бирорта гол урмаган қанот ҳимоячилари Люк Шоу ва Аарон Уан-Бисакка айнан норвегиялик мутахассис қўл остида тўпурарлик ҳислатларига ҳам эга бўлиб бормоқда. Нима қилса ҳам, Оле-Гуннар туғма ҳужумчи-да!
Люк Шоу “Эвертон”га қарши беллашувда битта голга ассистентлик вазифасини ўтаб берди.
Марказий ҳимоячи: Рафаэль Варан (“Реал”)
Мадридликларнинг ғалабаларида Зинедин Зиданнинг бу қадар катта роль ўйнаши қизиқ. У майдон четида бўлмаган пайтларда “Реал” очко йўқотишдан тўхтамаяпти. Аслида, “Уэска”га қарши беллашувда ҳам “Қироллик клуби” анча қийин аҳволда қолиб кетаётганди. Биринчи тайм голсиз якунлангач, хавотирга туша бошлаган “бланкос” мухлисларининг ҳолати Хавьер Галан томонидан урилган голдан сўнг, қай даражага келганини тушуниш қийин эмас. Рафаэль Вараннинг қутқарувчи мақомдаги 2 та голи эса, мадридликларни чемпионлик пойгасида навбатдаги қоқилишдан сақлаб қолди.
Марказий ҳимоячи: Норди Мукиеле (“РБ Лейпциг”)
Франциялик футболчини рамзий терма жамоага киритишимиз учун ҳам етарли асослар мавжуд. Унинг голи ўта муҳим паллада киритилгани ва ўйин сценарийсига таъсир ўтказганлиги билан ҳам аҳамиятли. Биринчи тайм якунланаётган ва гельзенкирхенликлар танаффусга ҳозирлик кўраётган бир пайтда, ҳимоячининг дарвозани ишғол этиши мутлақо кутилмаган ҳолат бўлди.
Иккинчи таймда вазиятни ўнглаш мақсадида олдинга ташланган Кристиан Гросс шогирдлари ўз постида яна 2 маротаба тўп олиб чиқди. Ғалаба орқали лейпцигликлар 2-поғонадаги ўрнини янада мустаҳкамлаб олди.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Ашраф Ҳакими (“Интер”)
Марокашлик лотераль қанот ҳимоячиси рамзий терма жамоаларимизда тез-тез меҳмон бўлиб туради. Бу гал у яна бир голли паси эвазига эътиборимизга тушди. Рақиб ҳам “Фиорентина” эканини инобатга олсак, унинг хизматнининг қиймати яна бир неча баробар ошиб кетади. А Серия доирасидаги барча ўйинларда асосий таркибдан мунтазам ўрин олиб келаётган футболчи ўз позициясида мавсумнинг-да энг яхшилари қаторидан жой олишга яқин бўлиб турибди.
Марказий ярим ҳимоячи: Александр Головин (“Монако”)
Турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бораётган “Ним”га қарши беллашув “Монако” учун кутилмаган тарзда қийин кўриниш олди. Аутсайдернинг бевосита чемпионлик учун кураш олиб бораётган жамоа дарвозасига 3 та гол уриши Франция яшил майдонларида ўтказилаётган чемпионат ҳам ўз даражасини қайта тиклаётганини англатаётгандек.
Россиялик футбол ихлосмандларининг бу ўйиндан кўнгиллари тўқ. Сабаби, Александр Головин "топ-5" чемпионатлар орасида якунига етган ҳафтада энг сермаҳсул футболчи бўлди. “Ним” дарвозасига хет-трик йўллаган Головин ғалаба голи учун Фолланга ассист ҳам амалга оширди. Идеал ҳафта.
Марказий ярим ҳимоячи: Илкай Гюндоган (“Манчестер Сити”)
Бўлмасам-чи! Германиялик футболчи “Ливерпуль”га қарши кечган марказий ўйинда майдоннинг ҳар бир қаричида ёрқин футбол намойиш этди. Бу шунчаки ўтган ҳафтадаги гап. Амалда эса, январь ойи мобайнида ўтказилган 6 учрашувда 5 бор рақиб дарвозасини аниқ нишонга олган Илкай АПЛ мутасаддилари томонидан тақдирланиш арафасида.
Мерсисайдликларга қарши принципиал беллашувда муҳим 2 та голни урган ярим ҳимоячи “шаҳарликлар”нинг чемпионлик пойгасидаги имкониятларини кескин ошириб юборди.
Чап қанот ярим ҳимоячиси: Ҳакан Чалханўглу (“Милан”)
“Россонерилар” навбатдаги йирик ҳисобдаги ғалаба ортидан А Серия пешқадамлигини ўз қўлида сақлаб қолди. Изма-из таъқиб этиб келаётган рақибларидан фарқли равишда, Стефано Пиоли шогирдлари ўтган ҳафтани “Кротоне” устидан йирик ҳисобдаги ғалаба билан якунлади.
Голларнинг иккитасига муаллифлик қилган Златанни рамзий терма жамоамизга кирита олмадик. “Милан” ўйинининг ҳақиқий етакчиси ҳисобланадиган Ҳаканни унинг ўрнига ҳам қабул қиласиз, деб умид қиламиз. Ярим ҳимоячи дастлабки икки голга пас етказиб бериш орқали учрашув назоратини “қизил-қоралар” томонига оғдириб берди. Балки, мавсум давомида барқарор тарзда ушбу ҳаракатларни амалга ошираётгани учун ҳам эътиборимизни ўзига қаратгандир.
Ўнг қанот ярим ҳимоячиси: Лионель Месси (“Барселона”)
Леони рамзий жамоаларимизда кўриниш бермай қўйганига анча бўлди. Ҳа, унинг Каталониядаги ҳолатидан қониқиш ҳосил қилмаётган фақат биз эмас. Мавсум давомида намойиш этаётган ўйинидан унинг ўзи ҳам хурсанд эмас, назаримда.
“Бетис”га қарши беллашув бундан мустасно бўлди. Майдонга тушган ҳамоноқ, аргентиналик футболчи барчасини ўзгартириб юборди. Жарима майдонига қарамасдан узатган тўпи эса, ҳар қандай роликларни безашга қодир. Қайтганинг рос бўлсин, Лео!
Марказий ҳужумчи: Горан Пандев (“Женоа”)
Аслида, ушбу позицияга даъвогар бошқа бир қатор футболчилар ҳам бор эди. Аммо Пандевни ҳафта жамоасига киритишимиз учун ҳам етарли асослар мавжуд. Биринчидан, чемпионлик курашида ҳам имкониятларни сақлаб турган “Наполи” ажойиб тарзда таслим этилди. Иккинчидан, Шомуродовнинг жамоадоши урган ушбу 2 гол “гриффонлар”ни А Серия жадвалида 11-поғонага олиб чиқди. Ёдингиздами, Роландо Маран қўл остида 19-ўринда юрган “Женоа”?! Генуя клубига, хусусан, Элдор Шомуродовга омад тилашда давом этамиз.
Марказий ҳужумчи: Луис Суарес (“Атлетико”)
Месси ва Суарес энди мана шу каби рамзий терма жамоалардагина бирга бўладилар, холос. “Барселона”да кераксиз бўлиб қолган уругвайлик ҳужумчи ҳар битта голида Куман манзили томон аянчли зарбаларни йўлламоқда. “Эл Пистолеро” голлардан сўнг, амалга оширадиган ҳаракатлари билан ҳам нидерландиялик мутахассисга мурожаат қилаётгандек.
“Сельта”га қарши ўйиндаги дубли “матрасчилар”нинг ғалабасига кифоя қилмади. Аммо ўша ўйинда виголиклар ғалабага-да ҳақли ўйин намойиш этганди.
Ушбу ҳафтадаги рамзий терма жамоамиздан ҳам бир қатор футболчилар тушиб қолди. Балло-Туре, Фил Фоден, Мигель Алмирон, Златан Ибрагимович ва яна кўплаб ҳафта юлдузлари турли сабабларга кўра, ушбу ўн бирликдан жой ола билмади. Уларга ҳам келгуси ҳафтада омад тилаб қоламиз.
Сизнингча, яна қайси футболчиларни рамзий терма жамоага киритиш мумкин эди? Фикрларингизни комментда ёзиб қолдиринг!
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар