SPORTS.uz талқинига кўра, топ-5 чемпионатларда ҳафта рамзий терма жамоаси
Бош мураббий: Ральф Хазенхютль (“Саутгемптон”)
Немис мутахассиси билан “Саутгемптон” янада катта марраларни забт этишни мақсад қилгани аниқ. Хазенхютль тизимли ишларни амалга ошириш учун жамоага олиб келинган. Ундан бирданига юксак натижалар кутишмайди. Унга ўз ўйинини қуриш учун етарлича салоҳиятли футболчиларни олиб беришмоқда. Жамоанинг ўзида ҳам АПЛ грандлари эътиборини ўзига қаратиб келаётган бир қатор футболчилар мавжуд. Ушбу клубнинг ўзига хос хусусияти ва қайсидир маънода устун тарафи ўта қари ва ёш футболчилардан иборат эмаслигида. Жамоада баланс бор.
Балки, шу орқали ҳам улар турнир жадвали пешқадами “Эвертон”ни ишончли ҳисобда таслим этишга эришгандир.
Дарвозабон: Каспер Шмейхель (“Лестер”)
“Лестер” жорий мавсумда ҳам еврокубоклар учун кураша олишига ишончимиз комил. Сабаби, Бренден Рожерс шогирдлари ўртамиёна рақибларга қарши беллашувларда анча кам очко йўқотишади. “Арсенал”га қарши ўйиндаги каби катта жамоалардан очко тортиб олиш ҳолатлари ҳам анча кўп.
“Эмирейтс”да кечган баҳсда даниялик кипер нақд 4 та вазиятда дарвозасини муқаррар голдан қутқариб қолди ва “қуруқ ўйин” қайд этди.
Чап қанот ҳимоячиси: Бен Дэвис (“Тоттенхэм”)
“Тоттенхэм” АПЛда очко қўлга киритишга қийналмоқда. Голлар сони кўп бўлгани билан, улар очколар сонига у қадар ижобий кўриниш бера олмаяпти. Дэвисни ҳимоядаги ҳаракатлари учун эмас, ҳужумлар уюштиришдаги фаоллиги сабаб рамзий терма жамоага лойиқ кўрдик. Очиғи, “Бёрнли” ҳужумга жуда кўп ўтмади ва уэльслик ҳимоячига мудофаада кўп муаммо туғдирилмади.
Марказий ҳимоячи: Мануэль Аканжи (“Боруссия” Дортмунд)
“Шальке”нинг ғалабасиз серияси ҳақидаги ҳикоялар маконларга бўйсунмаяпти. Гилзенкирхенликлар Чемпионлар Лигаси ярим финалида ўйнаганига ушбу йилда 10 йил тўлади, холос. Ёдингиздами, ўша жамоанинг “Интер”га қарши кўрсатган қаҳрамонликлари?! Бу албатта, бошқа тарих.
Якунига етган ҳафта сўнгида дортмундликлар рақибларига ҳеч қандай имкон қолдирмади. Киритилган 3 та голнинг 2 таси марказий ҳимоя вакиллари томонидан киритилди ва улардан бирини эътироф этмаслик адолатдан бўлмасди.
Марказий ҳимоячи: Серхио Рамос (“Реал”)
“Эл-класико”га аранг улгурган Рамос унинг қаҳрамонига айланди. Пенальтидан уриладиган голлар аллақачон янгилик эмас. Бироқ, у ва Каземиро Мессин том маънода ёпиб қўя олди. “Реал”да “эл-капитано”нинг қайтиши баробарида юзага келган қувноқ кайфият якунда уларга катта ғалабани тақдим этди.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Данило Дамброзио (“Интер”)
“Неррадзурилар” “Женоа”га қарши беллашувни ўта хотиржам ўтказишди. Сабаби, генуяликларда росмана инқироз давом этмоқда. Шомуродовнинг ўйинга қўшилиши анча кеч амалга оширилди, чамамда. Лукакунинг голи орқали янада хотиржам ўйин кўрсата бошлаган миланликлар кўп ўтмай иккинчи голни урди. Бу гал гол муаллифи тиниб-тинчимас Дамброзио бўлган эди.
Марказий ярим ҳимоячи: Якуп Янкто (“Сампдория”)
“Сампдория” Италиянинг катта номга эга клублари қаторини доим безаб келган. Сўнгги йилларда жамоа ўйинида пасайиш юзага келгани билан, уларнинг ўзларига яраша юқори савияли футболчилари мавжуд. Квальярелла сўнгги 2 йилда “Олтин бутса” учун кураш олиб борди.
“Аталанта” устидан қозонилган ғалаба мавсумдаги илк ҳайратланарли ҳисоб эмас. Бир тур аввал “Лацио” ҳам йирик ҳисобда таслим этилди. Бир неча кун аввал бергамоликларни мағлуб этишда чехиялик хавбекнинг ўрни беқиёс: гол+пас.
Марказий ярим ҳимоячи: Гаэтано Кастровилли (“Фиорентина”)
Ўз ўрнида амалга оширилган бир нечта харидларга қарамай, Кьезанинг жамоани тарк этиши натижаларга таъсир кўрсатяпти. “Удинезе”га ўз уйида мағлубиятга учрашига бир баҳя қолган флоренцияликларни мағлубиятдан марказий ярим ҳимоя вакили Гаэтано Кастровиллининг голи қутқариб қолди. Миленковичга узатган голли узатмаси эса жамоасига жуда муҳим 3 очкони тақдим этди.
Чап қанот вингери: Карл Токо-Экамби (“Лион”)
Токо-Экамбининг асл позицияси марказий ҳужумчи. Аммо бугунги “Лион”да у Мемфис Депай соясида қанотда ҳаракат қилишга мажбур. Ҳар ҳолда, Руди Гарсия “шерлар” тактикасини тузиб чиқар экан, камерунлик форвардни чап қанот вингери сифатида қайд этган. 28 ёшли футболчи “Монако”га қарши кечган марказий беллашувда йирик ғалаба қўлга киритилишига сабабчи бўлди: дубль орқали жамоаси муваффақиятига катта ҳисса қўшди.
Ўнг қанот вингери: Уилфрид Заа (“Критсал Пэлас”)
Заанинг ҳам ҳолатини юқорида сўз юритганимиз Серхио Рамосникига ўхшатишимиз мумкин. Чунки, ўйин бошланишига 1 соат қолган бир пайтда ҳам футбол мухлислари унинг майдонга тушиши ҳақида маълумотга эга эмасдилар. Бир тур аввал унинг кичик жароҳат орттириб олганлиги ҳақидаги хабарлар ОАВда тарқалганди.
У эса майдонга тушди ва кичик Лондон дербисида жамоасига ғалаба тақдим этди.
Марказий ҳужумчи: Патрик Бэмфорд (“Лидс”)
Чемпионшипда ғолиб бўлиб, АПЛга чиқиб келган Бьелса шогирдлари юқори дивизионда ҳам ўз сўзини айта оляпти. Бир қатор футболчилари аллақачон мухлислар назарига тушиб улгурди.
Фаолиятининг асосий қисмини “Челси” футболчиси сифатида бошқа клубларда ижарада ўтказган Бэмфорд учун жорий мавсум старти жуда омадли келди. Бу каби жамоаларда даставвал мана шундай тўпурарлар чиқиб туриши АПЛда одат тусига кирган: Остин, Ульоа, Пукки ва ҳоказо. Умид қиламизки, фаолиятининг катта қисмини “Челси” футболчиси сифатида бошқа клубларда ижарада ўтказган инглиз форварди барқарор ўйин намойиш эта олади.
Эътиборлиси, у якунига етган ҳафтада мағлубиятсиз келаётган “Астон Вилла” дарвозасига хет-трик қайд этди.
Марказий ҳужумчи: Роберт Левандовски (“Бавария”)
Мюнхенликлар ўз уйида Франкфуртдан келган рақибларига “меҳмондорчилик” уюштириб берди. Бош ошпаз ролида Роберт Левандовски. Унинг навбатдаги хет-тригини кутиб олишингиз мумкин. Аммо негадир польшалик ҳужумчи Чемпионлар Лигасида гол уришга қийналмоқда.
“Бавария”нинг чемпионлик масаласи эса бу каби жамоаларга қарши ўйинда эмас, айнан “Боруссия” билан кечадиган учрашувда ҳал бўладиганга ўхшайди.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар