Бир неча кун олдин Олмалиқнинг АГМК клуби шов-шувли трансферни амалга оширди. Тожикистон миллий терма жамоаси сардори Алишер Жалилов фаолиятини Ўзбекистон Суперлигасида давом эттиради. Бу яхши янгилик. Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этувчи клубини ташлаб келдими, демак, Ўзбекистон чемпионати савиясини юқори деб ҳисобламоқда. Бундан ташқари, элитага кўтарилган "Динамо" ҳам таркибни 2 легионер билан кучайтирди. Биз мавзудан йироқлашмаган ҳолда, Суперлигамизда тўп тепаётган легионерлардан тузилган рамзий терма жамоа тузиб чиқдик.

Дарвозабон: Милан Митрович "Сўғдиёна"

2018 йилдан бери жиззахликлар шарафини ҳимоя қилиб келаётган сербиялик посбон бугунги кунда чемпионатимизнинг энг яхши футболчиларидан бири саналади. Савияли легионер номини оқлаётган Митрович 3 йил ичида "бўрилар" либосида 65 учрашувда ҳаракат қилган. Бу ўйинларда дарвозасидан 62 бор тўп олиб чиққан бўлса, 26 та баҳсда гол ўтказмаган. Бақоев тузаётган жамоада орқа чизиқ муҳим аҳамият касб этади. Милан эса, мудофаанинг асосий устунларидан бири. "Сўғдиёна" унинг ёрдами билан ички чемпионатда секин-асталик билан юқориламоқда. Бу мавсум халқаро аренадаги иштирок давомида ҳам Митрович клубга асқатиши тайин.

milan mitrovich

Чап қанот ҳимоячиси: Иван Йосович "Қўқон-1912"

Ўзбек футболида икки мавсумдан бери тўп тепаётган Иван ижобий ҳислатлари билан ёдда қолмоқда. Ҳимоядаги ишончли ҳаракатларидан ташқари, ҳужумда ҳам фаол ўйнайдиган серб аллақачон клуб етакчисига айланди. Мурод Холмуҳаммедов ҳамда Йосович бошланғич таркибда майдонга тушган баҳсларда "Қўқон-1912" рақибларига осон бўлмайди. Асл позицияси марказий ҳимоячи бўлса-да, қаҳрамонимиз қанотда ҳам бирдек фойдали ўйинчига айланади. Унинг мавсум давомида гол+пас тизимида ишлаган 7 очкоси (5 гол, 2 ассист) ҳам сўзимизга исбот бўлиши мумкин. Бу ҳам камлик қилса, 31 ёшли ҳимоячи 3 бор турнинг энг яхши футболчиси деб топилганини келтириб ўтамиз.

IMG_6310

Марказий ҳимоячи: Лука Чермель "Сўғдиёна"

Сербиялик футболчилардан яна бири ички чемпионатимизда муваффақиятли ҳаракат қилишда давом этмоқда. "Сўғдиёна" олиб келган энг яхши легионерлардан бири ҳисобланган Чермель ўтган мавсум Суперлигада ажойиб натижа қайд этди. Гап шунда-ки, Лука йил давомида барчадан кўпроқ майдонда ҳаракат қилган футболчи бўлди. Серб умумий ҳисобда 2266 дақиқа ўйнаган.

chermel

Марказий ҳимоячи: Кахи Махарадзе "Локомотив"

Ўзбек футболида тўп тепаётган энг тажрибали легионер сифатида айнан Кахини кўрсатишимиз мумкин. Ўрта Осиёдаги фаолиятини 2009 йил айнан "темирйўлчилар" либосида бошлаган грузиялик футболчи кейинги йилларда "Пахтакор" ва "Сўғдиёна" жамоалари шарафини ҳам ҳимоя қилди. Сўнгги икки мавсумни яна "Локо" сафида ўтказган Махарадзе доимий ўйин амалиётига эга бўлмаяпти, бу айни ҳақиқат. Аммо 34 ёшли футболчи 10 йилдан ортиқ вақтини Ўзбекистонда ўтказмоқда. Бу рамзий терма жамоамиз ҳимоясига уни жойлаштиришимизга етарлича асос бўла олади.

maxaradze

Ўнг қанот ҳимоячиси: Марко Колакович "Сўғдиёна"

Яна сербиялик легионер, яна "Сўғдиёна"! Ҳа-да, яна ким ҳам бўлсин?! Бақоев серблар ёрдами билан мудофаани деярли ўтиб бўлмас "қўрғон"га айлантираётган бир пайтда, бошқа клубдаги легионерлар кўзга ташланардими?! Устига-устак, бир неча йиллар давомида яхши савия намойиш этган Игорь Голбан маҳаллийлаштирилди. Олег Толмасов ва Даврон Эргашевнинг келганига кўп бўлмади, Дарко Станоевич бир маромда ўйин кўрсатмайди. Қолган яхши даражадаги ҳимоячилар қоракўз ўзбек йигитлари. Бевосита Колаковичга тўхталадиган бўлсак, энг кам гол ўтказиб юборган клубнинг асосий таркиб футболчиси. Ҳамюртлари билан бирга шу темпни ушлаб турса, "бўрилар" ОФК Кубогида муваффақиятли иштирок эта олади. (Яхши ният-да!)

kolakovich

Таянч ярим ҳимоячиси: Марко Станоевич "Насаф"

Станоевич легионер танлашда беназир бўлган Рўзиқул Бердиевнинг ҳақиқий топилмаси! Марконинг кайфияти ва майдондаги ҳаракатлари кўп ҳолларда "Насаф"нинг ўйинига катта таъсир кўрсатади. Узоқ масофадан йўллайдиган "пушка"лари жабрини тортиб кўрмаган дарвозабон Суперлигамизда деярли йўқ. Тўғри, Марконинг ўзбек футболидаги "саргузашт"лари бошланганига у қадар кўп бўлмади. Аммо Станоевич аллақачон мухлисларнинг севимлисига айланиб улгурди. Аксарият мухлислар уни маҳаллийлаштириш лозим деган фикрни илгари сурмоқда, лекин энди бироз кеч, менимча. Ҳозир 34 ёшда бўлган Марко 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралашигача қандай формада бўлиши катта сўроқ остида.

IMG_1688

Таянч ярим ҳимоячиси: Йован Жокич "Навбаҳор"

Жокич - ҳақиқий жангчи! У тўп учун ҳаводаги курашларда ўзини аямайди, рақиб билан эҳтимолий тўқнашувлардан қочмайди, рақиб ҳужумларини марказдаёқ тўхтатилишига жавоб беради. Шериклари манзили томон узатадиган паслари ҳам аксарият вазиятларда мўлжалга аниқ боради. Маълумот учун, ўтган мавсумда Йован узатмалар аниқлиги бўйича 88,2 фоизлик натижани қайд этган. Бундан ташқари, у вақти-вақти билан ҳужумга ҳам ўтиб туради. Қаҳрамонимиз айни пайтда Ўзбекистон Суперлигасида тўп тепаётган энг қиммат легионер ҳисобланади.

жокич2

Марказий ярим ҳимоячи: Эҳсони Паншанбе "Навбаҳор"

Чемпионатимиздаги энг умидли легионер Паншанбе Наманганга кўчиб ўтганига 1,5 мавсум бўлди. Бу вақт оралиғида нафақат "Навбаҳор", балки бутун Ўзбек футболи ихлосмандлари назарига тушган ярим ҳимоячи "лочинлар"нинг ҳам алмаштириб бўлмас аъзосига айланиб бўлди. Тожикистон терма жамоасининг ҳам етакчиларидан бири бўлган Эҳсони мамлакатнинг хорижда тўп тепаётган энг яхши футболчиси номини қўлга киритди. 

panshanbe

Марказий ярим ҳимоячи: Алишер Жалилов АГМК

Ўзбек футболи ихлосмандлари учун янгилик бўлган Жалилов ҳақида тўхталамиз. Алишер ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида ўйнайди, кези келса, вингер сифатида ҳам ўзини намойиш эта олади. Суяги Россия футболида қотган Жалилов ОЧЛ ҳавосидан ҳам нафас олиб улгурган. Россия терма жамоасининг турли ёш тоифаларида ҳаракат қилган ва миллий терма жамоа борасида Тожикистонни танлаган. 28 ёшли футболчи фаолияти давомида 197 учрашувда майдонга тушган ва 46 бор рақиблари дарвозасини ишғол этган. Шунингдек, 15 ассист муаллифига айланган.

photo_2022-01-17_20-07-58

Ҳужумчи: Драган Черан "Пахтакор"

Драган Суперлигамизнинг айни дамдаги энг кучли футболчиси. У легионерлар рамзий жамоасидан ҳам ўрин олиши табиий эди. Сербиялик ярим ҳимоячи аввалига "Насаф", сўнг эса "Пахтакор" етакчисига айланганди. Юқорида таъкидланганидек, Бердиев легионер олиб келишда беназир, Черан ҳам унинг кашфиётлари рўйхатида. Эътиборингизга статистиканинг "ёмони"ни келтириб ўтамиз: Суперлига чемпионлигини қўлга киритган "шерлар" Черан майдонга тушмаган ўйинларда ғалаба қозона олмаган! Бу ҳам Драганнинг даражаси қандай эканлигини исботлайди.

cheran

Ҳужумчи: Элгужа Григалашвили "Навбаҳор"

Элгужа Григалашвили энг қийин танловлардан бири бўлди. 4-4-2 тактикасидан фойдаланганимиз учун марказий ҳужумчи сифатида ундан фойдаландик. Йилдан йилга очилиб бораётган ҳужумчи аслида чап қанот вингери бўлса-да, ички чемпионатимизда намойиш этиб келаётган 3 йиллик ўйини давомида уни марказда ҳам яхши ҳаракат қила олишига гувоҳ бўлганмиз. Элгужа келаси мавсумни чемпионлик учун кураш олиб бориши тахмин қилинаётган "Навбаҳор" сафида бошлайди. Бу унинг учун янги чақирув. Ўз формасини йўқотиб қўймаса, Григалашвили Бабаян қураётган жамоа етакчиларидан бўлиши аниқ.

гужа_1

Жавоҳир Азимов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!