SPORTS.uz'да жаҳон чемпионати кундалиги (11-сон)
Қатарда жаҳон чемпионати давом этмоқда. SPORTS.uz сайти ижодкорлари ушбу мундиал кундалигини тақдим этади.
Хорватия - Бельгия учрашувида ҳисоб очилмади. Аммо бу дуранг бельгияликларни кейинги босқичдан мосуво қилди. Мухлислар вазиятларни кўкка совурган Лукакуни ҳали кўп эслашади.
Марокаш терма жамоаси Хорватия ва Бельгия бор гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб, плей-оффга йўл олди. Бу жамоани шунчаки олқишлаш керак.
Германияга иродали ғалаба ҳам ёрдам бермади. 2014 йилги жаҳон чемпиони кетма-кет иккинчи мундиалда гуруҳда қолиб кетмоқда.
Япония Испанияни мағлуб этиб, ўз квартетида биринчи бўлди. “Қизил фурия” илк бор Осиё жамоасидан енгилиш билан бирга, кейинги босқичларда Бразилия ва Аргентинага тўқнаш келмайдиган бўлди.
Хорватия - Бельгия 0:0
Мундиал гуруҳ босқич 3-турида қизиқарли ўтиши кутилган ўйинларидан бири Хорватия ва Бельгия терма жамоалари ўртасида кечди. Гарчи мухлислар беллашувда гол кўришмаган бўлса-да, баҳс анча шиддатли ўтди, дея оламиз.
Бельгия шу куни фақат ғалаба учун майдонга тушиши керак эди. Хорватия ва Марокашда бир хил 4 тадан очко мавжуд эди. Бельгия ҳисобни очиш учун бир неча қулай имкониятларга эга бўлди. Аммо омад улардан тўлалигича юз ўгирди.
Ромелу Лукаку оз эмас, кўп эмас нақ 4 та ўта қулай вазиятни кўкка совурди. Ушбу натижа жорий мундиалдаги антирекорд ҳисобланади.
Бельгияликлар ўзи қатнашган охирги 4 та катта мусобақалар (Жаҳон чемпионати ва Европа чемпионати)да камида нимчорак финалга чиқиш вазифасини бажариб келаётганди.
Тибо Куртуа терма жамоа сафида ўзининг 100-ўйинида иштирок этди. У бундай натижага эришган Бельгия тарихидаги илк дарвозабонга айланди.
Якунда Хорватия 5 очко тўплаб, иккинчи поғонадан жой олди. Бельгия ҳисобида 4 очко мавжуд бўлиб, терма 3-ўринни банд этди. Ушбу омадсизликдан сўнг Роберто Мартинес Бельгия терма жамоасидан кетишини эълон қилди. Мутахассиснинг айтишича, футболчилар ва мураббийлар штаби билан хайрлашган. У бу қарорни мундиалдан олдин қабул қилганлигини билдирди. Маълумот учун, Роберто Мартинес 2016 йили терма жамоани қабул қилиб олганди.
Канада - Марокаш 1:2
Канада ва Марокаш жамоалари беллашувида африкаликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Дастлаб дарвозабоннинг қўпол хатосидан сўнг 4-дақиқадаёқ ҳисоб очилди. Ҳаким Зийеш ажойиб имкониятни йўққа совургиси келмади. Тайм ўрталарида Марокаш терма жамоаси футболчиси иккинчи тўпни киритди. Қанотдан ошириб берилган узатмадан сўнг тўпни қабул қилиб олган Эн-Несири кучли зарбаси билан рақиб дарвозасини ишғол этди. 40-дақиқада эса Агуэрд кутилмаганда ўз дарвозасига гол уриб қўйди. Иккинчи бўлимда томошабинлар бошқа гол кўрмади ва ушбу натижа орқали Марокаш 1-ўрин билан плей-оффга йўл олди.
Канада бу мағлубияти эвазига мундиалдаги илк 6 баҳснинг барчасида мағлуб бўлди. Шу тариқа, улар Сальвадорнинг натижасини такрорлади.
Африка жамоаларидан фақат икки терма гуруҳда 1-ўрин билан кейинги босқичга чиққан. Нигерия 1994 ва 1998 йилда, Марокаш эса 1986 ва 2022 йилда шундай бахтга муяссар бўлди.
Қатардаги жаҳон чемпионатида 100-гол сифатида Агуэрднинг автоголи қайд этилди. Шунингдек, бу мусобақадаги илк автогол бўлди.
Коста-Рика - Германия 2:4
Коста-Рика - Германия баҳсида мухлислар зерикиб қолмади. Томошабинлар 6 та гол шоҳидига айланди.
Германияликлар тезкор гол уришди. Чап қанотдан оширилган тўпни Гнабри боши билан тўрга йўллади. Иккинчи бўлимда жарима майдонига ёриб кирган Техеда Нойер қайтарган тўпни дарвозага жойлаб қўйди.
70-дақиқада Варгас жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан кўп вақт ўтмай, немислар уйғонди. Хаверц ўзини кўрсатди. У дублни расмийлаштирди. Охирги дақиқаларда Никлас Фюллькруг ўйинга нуқта қўйди. Аммо германияликлар ушбу ғалабадан сўнг ҳам кейинги босқичга чиқа олмади. 2014 йилги жаҳон чемпиони Германия кетма-кет иккинчи мундиалда гуруҳда қолиб кетмоқда.
Ушбу баҳсни франциялик аёл ҳакам Стефани Фраппар бошқарди. У эркарлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўйинини бошқарган тарихдаги илк аёл ҳакамга айланди. Аввалроқ, Стефани Мексика ва Польша ўйинида тўртинчи ҳакам вазифасини бажарганди.
Япония - Испания 2:1
Япония - Испания баҳсида қитъадошларимиз 2:1 ҳисобида рақибдан устун келди.
Сесар Аспиликуэта жарима майдони ташқарисидан ошириб берган тўпни Альваро Мората боши билан тўрга йўллади. Кейинчалик Аспиликуэта пас берган жойдан Доан кучли зарбаси орқали дарвозани ишғол қилди. 51-дақиқада ҳали ҳам баҳс-мунозаралар давом этаётган гол урилди. Японияликлар охиригача ҳаракат қилиб, майдондан чиқиб кетаётган тўпни дарвозага тўғрилаб қўйишни уддалади. Ғалаба голи Танака томонидан урилди. Бу вазиятда тўп чизиқни тўлиқ кесиб ўтмаган деб топилди. Технолигиялар асрида бундай ҳолатларга кўникишимиз керак. 2010 йилги мундиал нимчорак финалида Англия Германия дарвозасини ишғол қилганда Лэмпарднинг тоза голи инобатга олинмаганди. “Қайтар дунё” деб шуни айтсалар керак.
Шу тариқа, Япония ўз гуруҳида 1-ўринни қўлга киритди. Испания эса 2-ўрин билан плей-офф йўлланмасига эга чиқди.
Испанияликлар илк бор Осиё жамоасига имкониятни бой берди. “Қизил фурия” бунга қадар ОФК жамоалари билан 15 ўйиннинг 13 тасида ғалаба қозонган ва 2 бор дуранг қайд этганди.
Испания терма жамоаси ярим ҳимоячиси Родри жаҳон чемпионатининг бир ўйинида узатмалар (паслар) бериш бўйича рекордни янгилади. “Opta” нашрида ёзилишича, 26 ёшли футболчи Япония билан ўйинда умумий ҳисобда 215 та узатмани амалга оширди. Эътиборлиси, ушбу паслардан 204 таси аниқ чиқди. Бу эса 1966 йилдан бери бир учрашувда энг кўп узатма амалга ошириш бўйича жаҳон чемпионатининг рекорди ҳисобланади.
Япония учрашув давомида тўпга 17,7 фоиз эгалик қилиб, зафар қучди. Бу кўрсаткич жаҳон чемпионати рекорди ҳисобланади. Авваллари ҳеч қайси жамоа тўп назорати бўйича катта фарқ билан ортда қолиб, рақибни мағлуб этолмаганди.
Фикрлар