Қатарда жаҳон чемпионати давом этмоқда. SPORTS.uz сайти ижодкорлари ушбу мундиал кундалигини тақдим этади.

Жанубий Корея охирги турда Португалияни енгишни уддалади. Энди ЖЧ тарихида илк бор Осиёдан 3 та терма жамоа плей-оффда иштирок этади.

Уругвай Ганани ютса ҳам плей-оффга чиқа олмади. Шу тариқа, эски танишлар уйга бир пайтда кетадиган бўлди.

Сербияга мусобақада омад етишмади. Бразилия 3 та гол уриб, 1-ўринни эгаллади. Сербларга гуруҳдан чиқиши учун 5 та гол ҳам камлик қилди.

Бразилия сўнгги турда кутилмаганда ютқазиб қўйди. Аммо 5 карра жаҳон чемпионлари гуруҳда 1-ўринни эгаллади.

Жанубий Корея - Португалия 2:1

Куннинг қизиқарли кечган илк икки ўйинидан бири Жанубий Корея ва Португалия терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Мазкур тўқнашувда қитъадошларимиз ирода намойиш этиб, 2:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. 

Дастлабки гол 5-дақиқадаёқ "кўҳна қитъа" вакиллари томонидан урилди. Рикарду Орта қанотдан оширилган тўпни дарвозага киритди. Кўпчилик португалларнинг яна гол уришини кутиб турган бир пайтда, аниқроғи 27-дақиқада кореяликлар мувозанатни тиклади. Бурчак зарбаси тепиш ҳуқуқига эга бўлган Соннинг жамоадошлари рақиб жарима майдонидаги тартибсизликдан унумли фойдаланди.

90+1-дақиқага қадар таблода шу ҳисоб акс этиб турганди. Бироқ Сон бунга рози бўлмади. У илдам ҳаракатлар билан жамоасини қарши ҳужумга бошлади ва шеригига ажойиб узатма берди. Хван ҳам бу имкониятни кўкка совурмади ва ўта муҳим гол муаллифига айланди.

Жаҳон чемпионати тарихида бундан олдин ҳеч қачон Осиёдан 3 та терма бирваракайига плей-оффда иштирок этмаган.

Энди Португалия 6 декабрь куни нимчорак финалда Швейцария билан тўқнаш келади. Ўйин Тошкент вақти билан 00:00да бошланади.

 

Гана - Уругвай 0:2

Яна бир қизиқарли қарама-қаршилик "эски танишлар" Гана ҳамда Уругвай терма жамоалари ўртасида кечди. 2010 йилда улар қандай шов-шувли ўйинда иштирок этган бўлса, бу сафаргиси ҳам аввалгисидан қолишмади. Муросасиз ўтган баҳсда жанубий америкаликлар 2:0 ҳисобида зафар қучди.

21-дақиқада Айю пенальтидан имкониятдан фойдалана олмади, унинг зарбасини дарвозабон бартараф этди.

Орадан 5 дақиқа ўтиб, ганаликлар хатоси учун жазоланди. Суареснинг кучли зарбасини Африка жамоаси посбони қайтарди. Бироқ қайтган тўпни Уругвай вакили Арраскаета дарвозага киритди. Мазкур гол Отто Аддо шогирдларининг руҳиятини тушириб юборди. 32-дақиқада яна ўша Арраскаета "заргарона" зарбаси билан ҳисобни 0:2 кўринишига келтириб қўйди. Шундан сўнг беллашувда кўплаб хавфли вазиятлар юзага келганига қарамай, таблода ҳисоб ўзгармай қолди.

Уругвай ғалаба қозонганига қарамасдан гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалай олмади. Параллел ўйинда Португалияни енгган Жанубий Корея ҳисобида ҳам 4 очко, Уругвайда ҳам шунча очко мавжуд эди. Тўплар фарқига кўра тенглик. Лекин корейслар кўпроқ гол ургани сабаб (Кореяда 4:4, Уругвайда 2:2) плей-офф чиптасини қўлга киритди.

2010 йилда Ганага қарши беллашувда қизил карточка олган Луис Суарес, 2022 йилги мундиалда огоҳлантириш олди.

Уругвай Ганага қарши ўйинда ўзининг жорий турнирдаги илк голини киритди. Жамоа бунинг учун рақиблари дарвозаси томон 25 та зарба йўллади.

Ушбу муваффақиятсизликдан сўнг Гана бош мураббийи Отто Аддо истеъфога чиқди. Маълум бўлишича, у эндиликда "Боруссия" Дортмундда бош мураббий ёрдамчиси сифатида иш олиб боради.

 

Сербия - Швейцария 2:3

Сербия - Швейцария баҳси голларга бой ўтди. Унда номинал меҳмонлар 3:2 ҳисобида рақибдан устун келди.

Ўйинда дастлаб жарима майдони ичидан ҳимоячилардан қайтган тўпни Шакири кучли зарбаси билан ҳисобни очди.

Орадан кўп вақт ўтмай чап қанотдан оширилган тўпни Митрович боши билан тўрга жойлади. Кейин марказда швейцарияликлар хатога йўл қўйди. Натижада серблар рақибни жазолади. Гол муаллифи Влахович. Тайм охирларида Эмболо мувозанатни тиклади. У жамоадошининг ажойиб узаймасидан самарали фойдаланди. Ирода намойиш этишни бойлаган Швейцария иккинчи бўлим бошларида яна дарвозани ишғол қилди. Ремо Фройлер жамоасининг ғалабасини таъминлади.

Шу тариқа, Швейцария 6 очко билан ўз гуруҳида 2-ўринни эгаллади ва плей-офф йўлланмасига эга чиқди. 1 очко тўплаган Сербия сўнгги поғонани банд этди.

Қизиқ томони, Бразилия гуруҳда 3 та гол уриб биринчи ўринни эгаллади. Сербия 5 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилиб ҳам охирги поғонани банд этди. 

 

Камерун - Бразилия 1:0

Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг сўнгги туридан ўрин олган Камерун ва Бразилия терма жамоалари ўртасидаги беллашувда африкаликлар кутилмаганда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

5 карра жаҳон чемпионлари гуруҳ масаласини аллақачон ҳал этгани боис етакчиларни асосий таркибда майдонга туширмади. Жамоа ортиқча ўзини қийнамади. Натижада бразилияликлар имкониятни бой берди.

Ягона гол қўшиб берилган дақиқаларда Венсен Абубакар томонидан киритилди. Ўнг қанотдан оширилган тўпни Абубакар иккита ҳимоячининг орасидан тўпни чиройли тарзда дарвозага йўллади.

Ғалабага қарамай, Камерун термаси гуруҳда қолиб кетди. Бразилия 6 очко тўплаган ҳолда биринчи ўринни қўлга киритди. Камерун эса 4 очко билан гуруҳда учинчи бўлди.

Камерундан учралган мағлубият ҳам Бразилия терма жамоасининг ижобий статистикасини "бузиб" қўя олмади. 

Бразилия терма жамоаси ўз тарихида 16-марта жаҳон чемпионатлари гуруҳ босқичини 1-ўринда якунлади. Жанубий Америка гранди бу борада энг яқин тақибчиси ҳисобланган Германиядан (12) 4 мартага кўпроқ натижага эришган.

Пентакампеонлар 1982 йилдан буён кетма-кет 11 та жаҳон чемпионатида ўз гуруҳида ғолиб чиқишган. Яна бир эътиборли жиҳати, Бразилия терма жамоаси жаҳон чемпионатларининг гуруҳ босқичида 17 та ўйиндан буён илк бор мағлуб бўлди.

Бразилияни ютган Камерун тарихга кирди. Камерун жаҳон чемпионатларида Бразилияни мағлуб этган Африкадаги биринчи  мамлакатга айланди. Бунгача ушбу қитъа вакиллари 7 марта ўйнаб, уларнинг барчасида ютқазган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!