Қатарда жаҳон чемпионати давом этмоқда. SPORTS.uz сайти ижодкорлари ушбу мундиал кундалигини тақдим этади.

Австралия иккинчи турга келиб ўзини кўрсатди. Қитъадошларимиз Тунисни қийинчилик билан таслим этди. Шу билан бирга “кенгрулар” кейинги босқичга чиқиш имкониятини сақлаб қолди.

Биринчи ғалабадан кейинги рағбатлантиришлар Саудия Арабистони футболчиларини эсанкиратиб қўйган кўринади. Бундан илҳомланган саудияликлар Польшага қарши учрашувни ҳужумкор бошлаб, жазоланди.

Франция - Дания баҳсида амалдаги чемпион сўзсиз фаворит ҳисобланганди. Лекин Дания уларга муносиб қаршилик кўрсатди. Мбаппенинг маҳорати Францияга ас қотди. Унинг 2 та голи жамоасига ғалаба келтирди.

Шимолий ва Жанубий Америка жамоалари тўқнашуви кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Айниқса, Аргентинанинг илк ўйиндаги мағлубиятдан сўнг. Месси бошчилигидаги юлдузлар 2-турдаги муҳим ўйинда ғалаба қозонишни уддалади.

 

Тунис - Австралия 0:1

2-тур ўйинлари давом этмоқда. Куннинг илк тўқнашуви Тунис ва Австралия терма жамоалари ўртасида кечди. Курашларга бой ўтган мазкур беллашувда яшил қитъа вакиллари кичик 1:0 ҳисобида зафар қучиб ва бу мундиалдаги илк ғалабасини қўлга қўлга киритди.

23-дақиқада қанотдан оширилган тўпни Митчелл Дюк боши билан дарвозага тўғрилаб қўйди. Шундан сўнг Африка қитъаси вакиллари мувозанатни тиклаш учун бир неча имкониятларга эга бўлди. Бироқ таблодаги ҳисоб ўйин охирига қадар ўзгармай қолди.

Ушбу беллашувда "қуруқ ўйин" ўтказган Австралия 1974 йилдан бери бундай натижа қайд этмаётганди. Терма биринчи турда Франциядан 4 та гол қабул қилиб олганди.

Тунис ўз тарихидаги мундиалларда атиги икки баҳсда дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолган. 1978 йилда Германия ва Данияга қарши гуруҳ босқич ўйинларида терма нурсиз дуранг қайд этган.

Ягона гол муаллифи Митчелл Дюк жаҳон чемпионатларида боши билан гол урган иккинчи австралиялик футболчига айланди. Бундан олдин фақат Тим Кэхилл ана шундай бахтга муяссар бўлганди. У 2010 йил Сербияга, 2014 йили Чили дарвозасига бош билан тўп киритган.

Мазкур натижадан сўнг Австралия очколари сонини 3 тага етказиб олди ва жадвалда 2-ўринда жойлашди. Терма охирги турда дуранг натижа қайд этса ҳам плей-оффга йўл олади. Навбатдаги учрашувда "Соккеруз"га Дания жамоаси рақиблик қилади.

Тунис ҳисобида 1 очко мавжуд бўлиб, африкаликлар Дания билан бирга 3 ва 4-поғонани бўлишиб турибди. Жамоа кейинги босқичга чиқиши учун Францияни йирик ҳисобда мағлуб этиши ва нариги баҳсда Даниянинг кичик ғалабасини кутишга мажбур. Кўриб турганингиздек, Тунис учун вазият жуда қалтис. Аммо барибир оз бўлса-да, имконият сақланиб турибди.

Польша - Саудия Арабистони 2:0

Навбатдаги беллашувда Польша ва Саудия Арабистони терма жамоалари майдонда саф тортишди. Қизиқарли ва кескин курашларга бой кечган ўйин европаликларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топди. 

39-дақиқада Пётр Зелиньски кучли зарбаси билан учрашувда ҳисобни очди. У саудияликларнинг ҳимоядаги камчиликларидан унумли фойдаланди. 45+1-дақиқада эса польяклар дарвозаси томон пенальти белгиланди. Тўп олдига Салим Ал-Довсари яқинлашди ва зарба йўллади. Аммо унинг бу уринишини посбон Шченсни йўққа чиқарди. У қўллари билан тўпни қайтариб қолди. Шунингдек, кейинги зарбани ҳам айнан дарвозабон бартараф этди.

82-дақиқа ўтиб бораётган бир вақтда Роберт Левандовски ҳимоячиларнинг тушунарсиз ҳаракатларидан кейин дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетди. Бу каби ҳолатларда яхшигина тажрибага эга бўлган ҳужумчи тўпни тўрга киритди. Бу орқали футболчи мундиаллардаги ўзининг илк голини уришга муваффақ бўлди. У ўша вақтда кўз ёшларини тийиб тура олмади.

Фактлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Саудия Арабистони жаҳон чемпионати баҳсларида Европа жамоаларига қарши ўтказган сўнгги 9 ўйинининг барчасида имкониятни бой берган.

Польша 1986 йилдан сўнг биринчи марта гуруҳ босқичидаги илк икки учрашувида енгилмади. Шунингдек, терма ҳозирча дарвозасидан тўп олиб чиқмади.

Ўйиннинг биринчи бўлимида 5 та сариқ карточка кўрсатилди. Бу 2010 йилда Испания ва Нидерландия ўртасидаги финалдан кейин илк таймда энг кўп карточка қайд этилган учрашувга айланди.

Левандовски 1982 йилда Януш Купцевич қайд этган натижани такрорлади. У бир ўйинда гол урди ва битта ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Януш Франция билан кечган беллашувда биттадан гол ва ассист қайд этган. 

Мазкур баҳсдан сўнг Польша 4 очко билан квартет пешқадами бўлиб олди. 3 очкоси бор Саудия Арабистони Аргентина билан бирга 2 ва 3-поғонани банд этди. Қизиғи, гуруҳдан чиқиш учун барча термада имконият бор.

 

Франция - Дания 2:1

Куннинг учинчи ўйинида Франция ҳамда Дания терма жамоалари куч синашди. Ушбу беллашувда амалдаги жаҳон чемпионлари қийинчилик билан 2:1 ҳисобидага ғалаба қозонди ва муддатидан олдин плей-офф йўлланмасини нақд қилди.

Биринчи гол 61-дақиқада Франция юлдузи Килиан Мбаппе томонидан киритилди. У жамоадоши Тео Эрнандеснинг қанотдан етказиб берган тўпни рақиб дарвозага жойлаб қўйди. Аммо "уч ранглилар"нинг қувончи узоққа чўзилмади. Мбаппенинг голидан 7 дақиқа ўтиб, Андреас Кристенсен бурчак зарбасидан сўнг рақиб жарима майдонида пайдо бўлди ва боши билан тўпни тўрга киритиб, мувозанатни тиклади.

86-дақиқада Антуан Гризманнинг пасидан кейин Мбаппе яна катта саҳнага чиқди. У жуда ажойиб узатмани голга айлантирди.

Мбаппе бу беллашувдаги дубли эвазига термадаги голлари сонини 31 тага етказиб олди. Айни вақтда у мундиалда дарвоза томон энг кўп зарба йўллаган футболчи бўлиб турибди.

Даниянинг сўнгги 7 голи турли футболчилар томонидан киритилганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Мазкур серия 2010 йилдан буён давом этиб келмоқда.

Франция жаҳон чемпиони сифатида дастлабки икки ўйинини ғалаба билан бошлаган 5-жамоа. Бундан олдин Италия (1938 йил), Уругвай (1954 йил), Бразилия (1998, 2006 йиллар) шундан натижага эришганди. 

Бу ғалаба туфайли французлар муддатидан олдин гуруҳ босқичидан чиқиш вазифасини уддалашди. Терма ҳисобида 6 очко мавжуд бўлиб, улар 1-поғонадан жой олган. 1 очко жамғарган Дания Тунис билан бирга 3 ва 4-ўринларни банд этган.

 

Аргентина - Мексика 2:0

2-турда Аргентина ва Мексика ўзаро тўқнаш келди. Беллашув Жанубий америкаликларнинг ғалабаси билан якунланди.

Дастлаб, 64-дақиқада Ди Мариянинг пасидан сўнг Лионель Месси олис масофадан зарба йўллаб, ҳисобни очди. Лео жаҳон чемпионатлардаги 8-голини урди. У мундиалларда киритган голлари сони бўйича 37 ёшли Криштиану Роналдуга етиб олди. Аввалроқ, португал Ганага қарши 1-тур беллашувида пенальтидан дарвозани ишғол қилганди. Энди Месси дунё биринчиликларидаги голлар сони бўйича ҳамюрти Диего Марадона билан тенглашиб олди. Қолаверса, бу - Мессининг жаҳон чемпионатидаги 21-ўйини. У бу борада ҳам рекордчи Диего Марадонага етиб олди.

87-дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда Энцо Фернандес орадаги фарқни иккитага етказиб қўйди. Бу голда Месси ассистни амалга оширди. Лео 5 та мундиалнинг ҳар бирида ассистга эришган илк футболчи сифатида тарихга кирди.

Ушбу муваффақиятдан сўнг аргентиналиклар очколари сонини 3 тага етзкиб олган ҳолда, ўз гуруҳида иккинчи ўринга кўтарилди. 1 очкоси бор Мексика ҳозирча сўнгги поғонани банд этиб турибди.

Кеча "Лусайл" стадионидаги Аргентина – Мексика учрашувига 88 966 мухлис ташриф буюрди. 1994 йилги мундиалдан кейин жаҳон чемпионатидаги бир ўйинга илк марта рекорд даражада томошабин келди. Ўшанда финални 94 194 ишқибоз аренадан кузатиб борганди.

Статистика билан шуғулланувчи "Opta" нашри мундиал фаворитлари номини келтириб ўтди. Унга кўра, рўйхатни Бразилия терма жамоаси 21 фоиз кўрсаткич билан бошқариб бормоқда.

Кейинги поғонани Франция банд этган. Дешам шогирдларининг чемпион бўлиш имкони 12 фоиз этиб қайд этилган. Кучли учликка 11 фоиз билан Англия якун ясаган. 

Мессиси бор Аргентина 5-ўринда, Роналду бошчилигидаги Португалия эса 7-поғонада кўрсатилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!