Sports.uzда навбатдаги эксклюзив суҳбат! Испаниялик мутахассис: "Шомуродов Европанинг кучли ҳужумчиларидан бирига айлана олади, Ўзбекистонга дунёнинг етакчи лигаларида тажриба тўплаган мураббий муносиб"

Хорижлик тажрибали мутахассислар билан эксклюзив суҳбатларимизни давом эттирамиз. Бу сафар испаниялик мутахассис Херард Нус Sports.uz учун қимматли вақтини ажрата олди.

Унинг мураббийлик фаолияти бир мунча қизиқарли ва серқирра кечаётганини кўриш мумкин. У энди 36 ёшда бўлишига қарамай, ўзини ёшлигидан фаол мураббийлик фаолиятига бағишлаган. Нус Англия премьер-лигаси орқали мураббийлик ҳаётини бошлаган. Айниқса, “Ливерпуль” ҳамда “Брайтон” клубларида олиб борган фаолияти эътиборга молик. Шунингдек, Испания Ла Лигасида “Райо Вальекано” билан “Эльче”да ҳам мураббийлик қилган. 2014 ва 2017 йиллар давомида эса у Гана миллий терма жамоасида ҳам фаолият кўрсатди. Шунингдек, Жанубий Кореянинг “Чоннам Драгонс”, Австралиянинг “Мельбурн”, Қозоғистоннинг “Иртиш”, Швейциянинг “Эскильстуна” ва охирги иш жойи Ҳиндистоннинг “Норт-Ист Юнайтед” жамоаси бўлди.

Херард Нус ҳозирги замонавий мураббийлар тоифасига киради. Унинг шахсий веб-сайти ҳам борлигини айтмоқчимиз. У дунё футболидаги барча ўзгариш ва янгиликларга эътиборлидир. Хорижда Херард Нусга “профессор” деган ном беришган.

Унга ўзимизни таништиргач, Sports.uz учун суҳбатлашиш ниятимиз борлигини айтганимизда испаниялик мутахассис таклифимизга ижобий жавоб қайтарди. Чунки европалик мутахассисларнинг футболимиз ҳақида қандай тушунчага эга эканлиги ва уларнинг маслаҳатлари биз учун доимо қизиқ.

- Жаноб Нус, биринчи навбатда сизга сиҳат-саломатлик тилайман. Шу ўринда бизнинг Sports.uz сайти ўқувчилари учун мулоқот қилишга рози бўлганингиздан миннатдормиз. Биз сизнинг фаолиятингиз билан яхши танишмиз. Шундай бўлса-да, ўзбек мухлисларига ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз...

- Мен ҳужумкор футболни ва жамоаларни энг юқори даражада ўйнашга ундайдиган испаниялик мураббийман. Менинг мураббийлик тажрибам доим шуни таъкидлайдики, ҳамма вақт футболчилардан ўзларининг энг кучли ўйинларини майдонда кўрсатиб беришларини талаб қиламан. Мен ишлаган барча клублар ўзларининг кўзга яқин ва мухлисларга ёқиб тушадиган алоҳида ўйин услублари билан ажралиб турадилар. Бундай ўйинни кузатиш эса томошабинга завқ бағишлайди. Ўйлайманки, шу нарса футболчилардаги ғолиблик руҳиятини ва менталитетини шакллантиришда жуда муҳим роль ўйнайди. Чунки футболчи ўзи қилаётган ишдан ва ўйиндан қониқиш ҳосил қилиши ҳамда ривожланаётганини ҳис қилиши керак. Буни муҳим жиҳат деб ҳисоблайман. Херард Нус – бу мухлислар билиши керакки, Европа миқёсидаги бир қатор номдор жамоаларда ишлаган мутахассис. Англия премьер-лигасида “Брайтон” ва “Ливерпул”да ишлаганман. Испания Ла Лигасининг иккита клуби – “Райо-Вальекано” ҳамда “Эльче”да ҳам фаолият олиб борганман. Шунингдек, Ҳиндистон, Гана, Қозоғистон, Жанубий Корея, Швеция, Австралия ва АҚШда меҳнат қилганман. Менинг халқаро миқёсидаги тажрибам бугунги кундаги натижаларга эришишимга катта сабаб бўлган.

Нус4

- Ҳа, биз ҳам сизни дунё кўрган мураббий дейишимиз мумкин. Бундан чиқди, сизга турли қитъаларда ишлаш ва саргузаштларга бой фаолият ёқадими?

- Қачонки, мураббийлик фаолиятимни бошлаганимда бу қадар кўп давлатларда яшашга ва ишлашга муваффақ бўламан, деб ўйламагандим. Лекин сизга ростини айтадиган бўлсам, ҳаётимда ҳеч қачон янги чақирувлардан қўрқмайман. Мен бу спортни жуда яхши кўраман. Шундай экан, мураббий сифатида ҳар доим ўсишни хоҳлайман. Узоқ йиллик ижобий фаолиятим, кўплаб мамлакатларга борганим, уларнинг урф-одатлари, маданияти ва ҳаёт тарзи билан яқиндан танишганим учун шунчаки ҳаётдан миннатдорман. Футбол одамларни бирлаштирадиган ва сизга дунёни танитадиган ҳаётимиздаги ажойиб бир жиҳат. Менинг мураббий сифатидаги дунё бўйлаб саёҳатим ҳам шунга мос равишда қойилмақом бўляпти. Шу боис ҳаётим бундан бошқача усулда давом этишини хоҳламаган бўлардим. Чунки ҳозирги ҳаётим мени тўлиқ қониқтиради.

нус5

- Қозоғистон чемпионатида ишлаганингизни ҳисобга олсак, менимча, эҳтимол ўзбек футболи ҳақида оз бўлса ҳам, маълумотларга эга бўлсангиз керак?!

- Қозоғистондаги фаолиятим ва тажриба орттиришим жуда ажойиб бўлганди. Биз яхши жамоа шакллантира олгандик. Рақобатбардош ҳамда шиддатли футбол кўрсатадиган клубни тузишга эришганимизни айтишим мумкин. Биз ҳамиша тўпни ўзимизда сақлашни ва ўйинни назорат қилишни яхши кўрардик, қайси кучли жамоага қарши ўйнашимиздан қатъий назар. Энди ўзбек футболига келсам, бу футболи ривожланаётганлардан бири. Ўзбек футболининг янада юқорироқ ўсиши учун имконияти ва шарт-шароити бор. Мухлисларингиз эса жуда ажойиб. Сизлар спортга жуда яхши эътибор берасизлар ва қайғурасизлар. Ўйлайманки, бу спортдаги энг муҳим жиҳат. Сиз тўғри йўлдан кетаётганингизни мухлислар фикри ва мулоҳазаларидан билиб олишингиз мумкин бўлади.

Нус3

- Ўзбекистон терма жамоаси ёки клублари иштирокидаги ўйинларни кузатганмисиз?

- Ҳа, мен кўплаб давлатлар футболини томоша қилишни яхши кўраман. Чунки кейинги манзилим қаер бўлишини ва менга қандай имкониятлар тақдим этилишини олдиндан билмайман. Ўзбекистон эса жуда катта потенциалга эга бўлган ва иқтидорли футболчиларга бой давлат.

- Яқинда якунига етган "ЕВРО-2020" мусобақаси қандай таассурот қолдирди?

- Шубҳа йўқки, Европада ажойиб миллий жамоалар йиғилган. Ҳар бирининг ўзига хос тарихи мавжуд. Яқинда "Евро-2020"ни томоша қилдик. Кўрдикки, ҳар бир жамоа мураббийнинг тўғри кўрсатмаларини амалга оширса ҳамда мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши билан катта ўзгаришлар ҳосил қила олади.

нус8

- Ўзингиз айтганингиздек, “Ливерпуль”да ишлагансиз. Адашмасам, фитнес-мураббий сифатида фаолият кўрсатгансиз. Бу клуб сиз учун дунёнинг энг яхши жамоасими?

- “Ливерпуль” доим менинг юрагимда бошқача ўрин тутади. Унга берган меҳримни бошқалари билан таққослай олмайман. Дунёдаги катта клублардан бири. Бу клубда ишлаганимдан хурсанд бўлганман ва ўшанда ўз ишимдан роҳатланганман. Биз ўзига хос эсда қоладиган тарих ярата олгандик. “Ливерпуль”нинг мухлислари эса ажойиб. Улар доим менга ва оиламга ғамхўрлик қилишган. Шу боис, бизни ҳамиша қадрлаб келганлар.

нус7

- Фаолиятингиз давомида қайси таниқли мураббий ва футболчилар билан ишлагансиз? Уларнинг орасида дўстларингиз кимлар?

- Тўғрисини айтадиган бўлсам, фаолиятим давомида учратган ҳар бир инсон менга катта ёрдам берган, уларни яхши жиҳатдан эслаб қолганман, деб ўйлайман. Энг машҳурлар ҳақида гапирадиган бўлсам, Рафаэль Бенитес, Авраам Грант, Густаво Пойет сингари мутахассислар билан ишлаганман ва улар билан ҳамкорлик қилиш менга катта завқ берган. Яна бир қатор машҳур футболчилар билан ҳам ишлашга муваффақ бўлганман. Булар – Стивен Жеррард, Фернандо Торрес, Хаби Алонсо, Андре Айю, Харри Кюэль ёки Асамоа Гьян каби футболчилар билан ишлаганимни ҳамон яхши эслайман. Уларни яқиндан кузатиш, фаолиятида маълум бир кичик ролни ўйнаганим мен учун жуда катта бахт. Бу хотираларимни ардоқлайман.

нус6

- Ўзбекистонга саёҳат қилишни режалаштирганмисиз?

- Саёҳат қилишни ва янги маданиятлар билан танишишни ёқтираман. Агар яхши таклиф ва имконият бўлиб қолса, албатта нима учун Ўзбекистонга бормаслигим керак? Ўзбекистонга албатта борган ва унинг турли жойларини томоша қилган бўлардим.

нус2

- Эшитган бўлсангиз, ҳамюртимиз Элдор Шомуродов “Рома” клубига ўтиш арафасида. Уни Жозе Моуриньо қўли остида нима кутяпти, деб ўйлайсиз?

- Шомуродов “Женоа”да яхши мавсумни ўтказди. У кучли ҳужумчи. Тўпни ўзида яхши ушлаб тура олади ва шунга яраша голлар ҳам уради. Ўйлайманки, Шомуродовда Европадаги энг кучли ҳужумчилардан бирига айланиш учун потенциал бор.

нус

- Шунингдек, яна бир масалада фикрингизни билмоқчиман. Айни пайтда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийсиз қолган. Сизнингча, биз ўз мақсадимизга эришиш учун номи чиққан, нархи баланд мураббийни олиб келганимиз маъқулми ёки камтарона иштиёқманд мутахассисни тавсия қиласизми?

- Менинг фикримча, энг яхши номзод – бу ҳақиқатан қайғуриб ишлайдиган ҳамда ўз касбини жонидан ҳам ортиқ яхши кўрадиган инсон бўлиши керак. Мақсад, ғоя, энергия, яъни, куч-қувват, қаттиқ меҳнат – мана шундай хусусиятларга эга бўлган мураббий Ўзбекистон ролига мос келади. Бундай гўзал мамлакатга ҳамма нарсани бера оладиган мураббий зарур. Ўзбек мухлисларига энг яхшиси керак. Бунга фақат кўп меҳнат қилишга тайёр ҳамда бор кучи билан ишлайдиган мураббий муносиб. Менимча, футболчиларга дунёнинг энг яхши лигаларидаги (Ла Лига, премьер-лига) тажрибага эга бўлган ва шу билан бирга иштиёқи кучли мураббий бўлса янада яхши. Бу мамлакатнинг салоҳияти жуда катта. Янги келадиган мураббий эса албатта бундан тўғри фойдалана олиши муҳим.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!