Сречко Катанец: "Бундай ҳолатга илк бор дуч келаётганимиз йўқ"
Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ва футболчимиз Одилжон Ҳамробеков Қирғиз Республикаси терма жамоасига қарши учашув олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.
Сречко Катанец:
— Авваламбор самимий меҳмондўстлик учун ташаккур билдирмоқчиман. Тайёргарлик яхши ўтди, эртанги ўйинга тайёрмиз. Учрашув сунъий майдонда ўтказилади, бундай ҳолатга илк бор дуч келаётганимиз йўқ. Жаҳон чемпионатига йўл олиш учун ҳар бир учрашувда яхши натижа қайд этишимиз шарт.
Адаптация ҳақида
— Биз қўшнилармиз, ўртадаги масофа жуда яқин ва икки мамлакат ўртасидаги масофани бор-йўғи бир соатда босиб ўтдик. Футболчиларга адаптация учун ҳеч қанча вақт керак бўлгани йўқ.
Футболчиларнинг жисмоний ҳолати ҳақида
Жисмоний ҳолат ёмонлиги ўтган ўйиндан сўнг ортда қолди. Ўша баҳсда биз 11 нафар аскарларга қарши ўйнадик дейишимиз мумкин. Улар жисмоний жиҳатдан яхши ҳолатда эдилар. Биз кўплаб вазиятлар яратдик. Ўйлайманки эртанги баҳсда ҳам устунликка эришамиз.
Одилжон Ҳамробеков:
— Мураббийимиз таъкидлаганидек, аввало меҳмондўстлик учун миннатдормиз. Бу босқичда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ, шундай экан биз ҳам эртанги баҳсда фақат ва фақат ғалаба учун ўйнаймиз ҳамда ўзимиз учун керакли натижа билан ортга қайтишга ҳаракат қиламиз.
Жамоаларнинг сўнгги қарама-қаршилиги ҳақида
— Осиё кубоги олдидан Қирғиз Республикаси жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этганмиз, бироқ ўша баҳс иккала жамоа ҳам кўпроқ жисмоний жиҳатга эътибор қаратган пайтга тўғри келди. Эртанги бўладиган учрашувимиз эса мундиал йўлланмаси учун ҳақиқий саралаш ўйини бўлади. Эртанги учрашувнинг аҳамияти юқори, чунки рақибимиз ўртоқлик ва расмий ўйинларга умуман бошқача тайёргарлик кўради. Ўйлайманки, муросасиз ва қизиқарли баҳс бизни кутиб турибди.
Фикрлар