"Странджа" турнири. Куннинг 1-дастур жанглари якунланди
Хабарингиз бор, Болгариянинг София шаҳрида анъанавий 77 "Странджа" халқаро турнири ўтказилмоқда.
Бугун 11 нафар йигит-қизларимиз рингга кўтарилиши белгиланганди. Ҳозирча куннинг 1-дастур жанглари якунланди. Қуйида натижалар билан танишиб чиқишингиз мумкин.
Дастлаб, - 51 кг вазн тоифасидаги вакиламиз Гулсевар Ғаниева германиялик Махи Клотзерга қарши рингга кўтарилди. Умуман олганда Гулсевар ёмон ҳаракат қилмади. Лекин бу ғалабага етарли бўлмади ва 0:5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Яна бир - 51 кг вазндаги қизимиз Феруза Казакова ҳам илк жангини ўтказди. Унга АҚШ вакиласи Жениффер Лозано рақибалик қилди. Муросасиз кечган тўқнашувда Казакова аниқроқ ва самарали ҳаракатлари билан жангни ўз фойдасига ҳал қилди. Якуний ҳисоб 4:1.
- 70 кг вазндаги вакиламиз Ойша Тоирова Ливерпулдаги жаҳон чемпионати кумуш медаль соҳибаси австралиялик Лекейша Перголитига қарши рингга кўтарилди. Номдор рақибасига қарши муносиб ҳаракат қилган Тоирова, якунда барибир 0:5 ҳисобида мағлубиятга учради.
- 54 кг вазнда Узукжамол Юнусова туркиялик Айсен Таскинга қарши жанг қилди. Узукжамол бор имкониятини ишга солди. Унинг аниқ зарбаларига ҳам гувоҳ бўлдик. Аммо бу ҳаракатлар ғалабага етарли бўлмади ва 0:5 ҳисобида енгилди.
- 55 кг вазнда Абдулазиз Абдуназаров қозоғистонлик Баглан Кенжибекка қарши кураш олиб борди. Абдуназаров имкон қадар ғалабани ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилди. Тезкорлик ва аниқлик борасида ҳам кўрсаткичлар ёмон эмасди. Аммо бу ғалаба қозониш учун камлик қилди ва 0:5 ҳисоби билан мағлубиятни қабул қилиб олди.
- 55 кг вазнда Самандар Олимов мусобақадаги 2-жангини ўтказди. Германиялик Али Эл Сари билан бўлган баҳсда ҳам Олимов ўзининг ажойиб ҳаракатлари билан рақибга имкон қолдирмади ва 5:0 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, бизни олдинда 2-дастур жанглари кутиб турибди. Унда ҳам бир қатор чарм қўлқоп усталаримиз иштирок этиши режалаштирилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.
Фикрлар