Супергол урган Шомуродов “тахти”ни қайтариб олди!

Европанинг етакчи чемпионатлари қаторига шиддат билан кириб бораётган Туркия Суперлигасида мамлакат чемпионлиги, Еврокубок йўлланмалари ва тўпурарларнинг “Олтин бутса”си учун кураш жуда қизғин кечмоқда.

Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев ўйнаётган “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси 21-турни сафарда ўтказиб, “Эюпспор” майдонидан муҳим ғалаба билан қайтди. Истанбулликларнинг муваффақиятида ҳар икки ўзбек легионерининг ҳиссаси жуда катта бўлди.

Биринчи бўлимда ҳисобни “Башакшеҳир”нинг германиялик легионери Деви Зельке очди. У Аббосбек Файзуллаевнинг қанотдан узатган тўпини боши билан дарвоза тўрига жойлади. 22 ёшли ҳужумкор футболчимиз жорий мавсумда Суперлига ва мамлакат кубогидаги ассистлари сонини тўрттага етказди. Бундан ташқари, Аббоснинг ҳисобида ҳар икки мусобақада урилган учта гол бор.  

Ўйиннинг иккинчи ярмида катта саҳнага Элдор Шомуродов чиқди. 30 ёшли ҳужумчимиз рақиб жарима майдончасига кириши билан аниқ зарба йўллаб, 53-дақиқада “Эюпспор” дарвозасига иккинчи тўпни киритди ва амалда учрашув тақдирини истанбулликлар фойдасига ҳал қилди.

Учрашувнинг қолган дақиқаларида ҳам устунлик “Башакшеҳир” томонида бўлди. Бироқ мезбонлар сўнгги дақиқаларда битта жавб тўпини киритди. Амалда Шомуродовнинг аниқ зарбаси меҳмонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлаган гол бўлди. Шу тариқа, Шомуродов жамоаси чемпионатдаги мағлубиятсиз сериясини саккизта баҳсга етказди.

Таъкидлаш жоизки, Элдор биринчи давра ўйинида “Эюпспор”га гол ура олмаган эди. Энди ҳамюртимиз бу жамоани ҳам ўзининг “қурбонлари” қаторига қўшиб қўйди. Шомуродов Туркияга келганидан бери олий дивизиондаги 17 та рақиб жамоадан 14 таси, яъни “Бешиктош”, “Аланьяспор”, “Коньяспор”, “Галатасарой”, “Антальяспор”, “Кожаэлиспор”, “Генчлербирлиги”, “Трабзонспор”, “Касимпаша”, “Самсунспор”, “Газиантеп”, “Фотиҳ Карагюмрюк”, “Ризеспор” ва ниҳоят “Эюпсор” дарвозасини ишғол қилди.

Энди Элдор Шомуродов гол ура олмаган иккита жамоа қолди. Ҳамюртимиз  “Гёзтепе” ва  “Фенербаҳче”га чемпионатнинг иккинчи ярмидаги ўйинларда тўп киритишга ҳаракат қилади. “Кайсериспор” эса, чемпионатнинг ҳар икки ўйинида Шомуродовнинг гол уришига йўл бермаган ягона жамоа бўлиб турибди.

Шу ўринда, Суперлиганинг тўпурарлари баҳси ҳам қизғин паллага кирди. 21-тур учрашувини бир кун олдин ўтказган “Трабзонспор” ҳужумчиси Пол  Онуачу “Самсупспор” дарвозасига иккита тўп киритиб, тўпурарлар пойгасида 15 та гол билан Элдордан ўзиб кетган эди.

Нигериялик форвард тўпурарларлик “тахти”да атиги бир кун ўтирди. Шомуродов асосий рақобатчисининг ўзидан илгарилаб кетишига йўл қўймади. “Эюпспор” дарвозасига чемпионат доирасидаги 15-тўпини киритган Элдор Онуачу билан тенглашиб олди.

“Истанбул Башакшеҳир” бу ғалабадан кейин очколари сонини 33 тага етказиб олди ва Европа кубокларига йўлланма берадиган юқори ўринлар учун курашни давом эттирмоқда. Нури Шахин шогирдлари чемпионат доирасидаги навбатдаги учрашувини 15 март куни ўзидан бир поғона юқорида турган “Бешиктош”га қарши ўз уйида ўтказади. Бўлажак учрашувдаги ғалаба “Башакшеҳир”ни Европа майдонларига йўлланма берувчи ўринларга янада яқинлаштиради.

Шомуродов ҳақидаги пост “Фенербаҳче” фанатларини жумбушга келтирди!

Икки клуб январда Ҳусановни сўрагани маълум бўлди!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!