Шомуродов ҳақидаги пост “Фенербаҳче” фанатларини жумбушга келтирди!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродов “Истанбул Башакшеҳир”даги самарали орқали Туркиянинг энг машҳур клубларидан ҳисобланган “Фенербаҳче”нинг нишонига тушгани ҳақида хабар берилди.
“Фенербаҳче” 30 ёшли ўзбек футболчисини олишга уриниб кўрди, бироқ “Башакшеҳир” бу трансферга кўнмади. Айни пайтда Туркия ижтимоий тармоқларида Шомуродов трансфери атрофида муҳокама ва мунозаралар кучайиб бормоқда. Бунга “Башакшеҳир” пости сабаб бўлди.
Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозларига Туркиядаги нуфузли манбалардан бири – trhaber.com сайтида бу вазиятни қай тарзда ёритилганини ҳавола қилади.
- Қишки трансфер ойнасининг сўнгги кунида “Фенербаҳче” ҳужумчиси Фред ва “Башакшеҳир” форварди Элдор Шомуродов ўртасида алмашув бўлиши муҳокама қилинган эди. Аммо “Башакшеҳир” ўз тўпурарини “Фенербаҳче”га беришдан бош тортди. Шундан сўнг, “Башакшеҳир” ижтимоий тармоқларда пост жойлади ва у “Фенербахче” мухлислари орасида жуда кескин реакцияларга сабаб бўлди.
2025–2026 йилги мавсумнинг иккинчи трансфер ойнаси давомида “Фенербаҳче» таркибини беш нафар футболчи билан кучайтирди. Улар ўз сафини Мерт Гюнок, Антони Мусаба, Маттео Гендузи, Сидики Шериф ва Н’Голо Канте билан тўлдирди. Шу билан бирга, Родриго Бекао, Ирфан Жан Кахвежи ва Женк Тосун “Касимпаша”га, Юссеф Эн-Несири “Ал-Иттиҳод”га, Себастьян Шимански “Ренн”га, Ирфан Жан Эгрибаяд эса “Самсунспор”га жўнатилди. Айни пайтда, Россиянинг “Зенит” клубига ўтиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган Жон Дуран борасида трансфер ойнаси охиригача ҳеч қандай расмий баёнот берилмади.
Трансфер ойнасининг охирги куни Фред ва Шомуродов атрофидаги муҳокамаларга бағишланди. Трансфер ойнаси ёпилиши арафасида ҳужумчи қидирувини фаоллаштирган “Фенербаҳче” раҳбарияти “Башакшеҳир”нинг ўзбек ҳужумчиси Элдор Шомуродовга эътибор қаратди. Ўйини сезиларли даражада пасайиши ортидан бош мураббий Доменико Тедеско режаларига кирмай қолган Фред учун янги жамоа қидираётган “сариқ-кўклар” “Башакшеҳир”га форвардларни алмашиш таклифи билан чиқди. “Фенербаҳче” Фредни Шомуродовга алмаштириш орқали ҳужум муаммосини ҳал қилишни истаган эди, аммо “Башакшеҳир” бу таклифни рад этгани сабабли трансфер амалга ошмади.
Бу воқеада кўплаб ишоралар бор.
Трансфер ойнаси ёпилди, аммо баҳслар давом этмоқда. “Башакшеҳир” ўз ижтимоий тармоқ саҳифасида жойлаган пости билан “Фенербаҳче” мухлисларини ғазаблантирди. “Башакшеҳир”клуби интернетда машҳур бўлган Броди Брайсон образидан фойдаланиб, Шомуродов жамоа сафида гол уришда давом этишини уқтирди.
Броди Брайсоннинг постда айтилган ва “Фенербаҳче” фанатларини жаҳлини чиқарган сўзлари қуйидагича эди:
“Ҳа, дўстлар, Туркияда трансфер ойнаси кеча кечқурун беркилди ва у билан бирга Суперлиганинг энг яхши тўпурари Элдор Шомуродов билан боғлиқ катта умидлар ҳам ёпилди. Барча шов-шувларга қарамай, ўзбек ҳужумчиси Босфорнинг Европа соҳилида қолмоқда.
Шундай қилиб, охирги дақиқада мўъжизалар рўй бермади. Энди Шомуродов энг яхши тўпурар унвонини ҳимоя қилишга, “Башакшеҳир”ни яна Европа мусобақаларига олиб чиқишга ва, “зерикмаслик учун”, бу ёзда бўладиган жаҳон чемпионатида иштирок этишга эътибор қаратади.
Ҳеч қандай трансфер эртаги, ҳеч қандай драматик хайрлашув йўқ... Оддий қилиб айтганда, у ўзининг одатий ишлари билан машғул, фақатгина “балки кейинги трансфер ойнасида” ўзгариш бўлар, деган кичик ишора бор”.
Айнан мана шу пост ижтимоий тармоқларда жуда тез тарқалмоқда ва “Фенербаҳче” мухлислари томонидан изоҳларда жуда кўп кескин фикрлар билдирилишига сабаб бўляпти.
Фикрлар