
Суперҳужумчи “Ньюкасл”да бошқа ўйнамаслигини айтиб, уйидан кўчиб кетди
“Ньюкасл” раҳбарияти ва жамоанинг швециялик тўпурари Александр Исаак ўртасидаги зиддият тобора кучайиб бормоқда ҳамда яқин ўртада бу масала ечиладиганга ўхшамайди.
Гап шундаки, Исаак фаолиятини “Ливерпуль”да давом эттирмоқчи. Арне Слот жамоаси бу ўйинчи учун “қарғалар”га 110 миллион фунт-стерлинг миқдорида бадал пули таклиф қилди. Аммо “Ньюкасл” раҳбарияти ўйинчи сотилмаслигини билдирди.
Таниқлик журналист Бен Жейкобснинг маълум қилишича, Александр Исаак “Ньюкасл”да қолган тақдирда ҳам бошқа бу жамоа учун ўйнамаслигини уқтирган.
Яна бир нуфузли манба – The Times нашри 25 ёшли футболчи ўзи уч йил яшаган уйидан ҳам кўчиб кетганини ёзди. Бу хатти-ҳаракатлар Исаак “Ньюкасл”га қайтиб бормаслигини кўрсатиши таъкидланди.
Александр Исаак “Ньюкасл” либосида жами 109 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 62 маротаба ишғол қилган ва жамоадошларига 11 та голли пас узатган.
Фикрлар