Суперлига, Про-лига ва Биринчи лига вакиллари иштирокида янги мавсум масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Профессионал футбол лигасида Суперлига, Про-лига, Биринчи лига клублари спорт ва техник директорлари, юрисконсультлари, клублар қошидаги академия (футбол мактаблари) директорлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзПФЛ расмий сайти хабар тарқатди.
Унда Мусобақаларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар, Футболчиларнинг мақоми ва трансфери бўйича Регламент, лицензиялаш бўйича қўйилаётган талаблар, шунингдек янги мавсум режалари муҳокама этилди.
Эндиликда Суперлига ва Про-лига клублари бирдек ОФК ва Миллий лицензиялашдан ўтказилади. Бунда ҳар бир клуб қўйилаётган талабларни тўлиқ ва ўз вақтида бажариши шарт экани таъкидланди.
Шунингдек, клуб қошида U-10, U-14, U-16, U-18 ва U-21 ёшлар жамоалари фаолият юритиши ва миллий миқиёсдаги мусобақаларда қатнашиши маълум қилинди. Аёллар футболида ҳам бундан кейин U-14 ва U-16 чемпионатлари ўтказилиши билдирилди.
Бу йилдан эътиборан, ЎзПФЛ ЎФA билан келишган ҳолда меъёрий ҳужжатларни тартибга солиш асносида бир қатор янги регламент ва низомлар ишлаб чиқмоқда. Йиғилишда Футболчиларнинг мақоми ва трансфери бўйича Регламент, Тартиб-интизом кодекси, Медицина Регламенти, Тижорат Регламенти ва Медиа низомларга ҳам тўхтаб ўтилиб, машғулотлар компенсацияси, эндиликда тиббий текширув фақат Тошкентда эмас, балки бошқа шаҳарларда ҳам ўтказилиши, Стадионлар тўғрисидаги Низом талаблари бажарилиши лозим экани, клубларда фаолият юритувчи мураббийлар лицензиялари даражаси қатъий назорат қилиниши каби масалалар клублар билан муҳокама этилиб, уларнинг фикр ва таклифлари ўрганилди.
Фикрлар