Суперлига. 5-турнинг 3 та учрашуви қолдирилди
Қатар мезбонлик қиладиган U23 Осиё кубоги стартига саноқли кунлар қолди. Темур Кападзе бошқарувидаги U23 Ўзбекистон терма жамоаси 2 апрель куни йиғинга киришади.
Париж Олимпиадаси йўлида курашга кирадиган Кападзе терма жамоа йиғинига "Насаф"дан 4 ва "Пахтакор"дан 5 нафар футболчини жалб қилди. Уларнинг барчаси ўз жамоасининг асосий футболчилари ҳисобланади. Шунингдек, "Олимпик" терма асосини ташкил қилади.
Лига олимпия термаси билан 2024 йилги тақвим масаласида ўтган мавсумнинг октябрь ойида фикр алмашган бўлиб, унда Суперлига 5-туридаги айрим беллашувлар санаси ўзгариши кўзда тутилганди. Олимпиячилар Қатарга йўл оладиган даврда эса Ўзбекистон кубогининг гуруҳ босқичи ўйинлари ўтказилади. Мазкур мусобақада "Олимпик" Тошкентда қолган футболчилар билан иштирок этиши масаласида келишилган.
Кутилганидек, Кападзе "Насаф" ва Пахтакор клубларининг 3 нафардан ортиқ футболчисига суянишга қарор қилди. “Суперлига ва Пролига регламенти”нинг 10.9-бандида олимпия терма жамоаси учун уч футболчисини тақдим этган клуб олдиндаги беллашув санасини ўзгартиришни сўрашга ҳақли эканлиги кўрсатилган. "Насаф" ва "Пахтакор" бу имтиёздан фойдаланишга қарор қилди. Шунингдек, келишув асосида "Олимпик" иштирокидаги Суперлига ўйини ҳам улар қаторида бошқа санада ўтказилади.
Суперлига 5-турида "Насаф" "Навбаҳор" билан уй, "Пахтакор" эса "Нефтчи" билан сафар ўйинида иштирок этиши керак эди. Лига қолдирилган беллашувлар қачон бўлиб ўтиши масаласига кейинроқ ойдинлик киритади.
Фикрлар