Суперлига. Биринчи давранинг энг яхши футболчиси ким? (Топ-5)
Суперлиганинг биринчи давраси ўз якунига етганидан хабарингиз бор. Уни сарҳисоб қилишнинг айни пайти! Шундай экан, биз биринчи давранинг энг яхши футболчиларини аниқлашни бошлаймиз. Статистик маълумотларга асосланмаган ҳолда тузилган рўйхатда асосан жамоаси ғалабасига кўпроқ ҳисса қўшган йигитлар ўрин эгаллаган. Бу менинг шахсий кучли бешлигим. Агар сизда бошқа вариантлар мавжуд бўлса, уни комментда ёзиб қолдиришингиз мумкин.
5-ўрин. Умар Адҳамзода
Қанот ҳимоячиси кучли бешликни очиб беради. Жорий мавсумда Левченко тарғиб этаётган ўйин услубида фулбекларнинг ўрни улкан. Таркибда бир йўла 3 та марказий ҳимоячи бўлгани боис, қанот ҳимоячилари 90 дақиқа давомида нафақат ҳимоядаги, балки ҳужумдаги кемтикларни ҳам тўлдиришга мажбур бўлади. Фарғоналиклар сафида мавсумни супер темпда бошлаган Умар Адҳамзодани эътироф этмасликнинг имкони йўқ. Чаққон, агрессив ва меҳнаткашликни ўзида жам қилган йигитни ўзбек футболи ишқибозлари учун жорий мавсумда ўзи учун қайта кашф этди десак, адашмаган бўламиз. 13 ўйин, 2+2! Энг муҳими, Адҳамзода "Нефтчи"нинг катта ўйинларида бирор маротаба ўзи персонал ўйнаган рақибига позициясини бой бергани йўқ. Айнан шу факторнинг ўзи уни Суперлигадаги энг яхши қанот ҳимоячиларидан бири эканлигидан далолат.
4-ўрин. Ўткир Юсупов
"Навбаҳор" жамоасининг сўнгги йиллардаги ишончли ўйини ҳақида сўз борар экан, кимдир Жамшидлар (Искандеров/Болтабоев) ҳақида сўзласа, яна кимдир Бабаян эффекти борасида фикр билдиради. Мен эса жорий мавсумдаги 13 ўйиннинг 9 тасида (!) ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган Ўткир Юусповни алоҳида эътироф этмоқчиман. 32 ёшли терма жамоамиз посбони жамоасининг энг ишонган зонасини (дарвоза) муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.
У бир-икки ўйинда перформанс кўрсатиб, кейин қовун тушириб қўймайди. Соддароқ қилиб айтсак, Юсупов жуда ҳам стабил посбон. Айнан унинг дарвозани ҳар доим аъло даражада қўриқлагани учун ҳам "Навбаҳор" хотиржам иккинчи рақамда тўп тепиши мумкин. Ўткир айни дамда Ўзбекистон футболидаги биринчи рақамли посбон. Агар мавсум стартидаги "Пахтакор" ва ОКМК клубига қарши ўйинларни ҳам қуруқ ўтказганида, у сўзсиз бу рейтингни биринчи поғонасидан ўрин эгаллаган бўлар эди.
3-ўрин. Драган Черан
"Пахтакор"нинг алоқачон тирик афсонасига айланган Драган Черан кучли учликдан ўрин эгаллаши табиий эди. 12 ўйинда 9 гол! Статистика ўз йўлига, Черан жорий мавсумда фақатгина "шерлар"да бор ўзига хос "қурол"га айланиб қолди. Ўйин оғир ўтяптими? Олдинда ҳеч нарса ўхшамаяптими? Вазият кескинлашяптими? Шу ва шунга ўхшаш муҳим вазиятларда болқонлик йигит катта саҳнага чиқиши ва ўйинни жамоаси томонга буриб юборишига барчамиз кўникиб қолдик. Шу қадар кўникиб қолдикки, ҳатто 12 ўйинда 9 гол киритган ҳужумчини аввалги мавсумлардагидан пассивроқ ҳаракат қилаётганини сезмаяпмиз. Ҳа, йиллар ўз сўзини айтади, аммо ҳозирги ҳолатда ҳам Черан Суперлигадаги уникум футболчи эканлигини исботлаб келмоқда. Савияли легионер, оғир вазиятда катта саҳнага чиқадиган лидер ва совуққонлик кўрсатишга ўрганган "қотил" ҳужумчи!
2-ўрин. Ҳусниддин Алиқулов
"Насаф" мудофаа вакили ва "ёнаётган ўйинлар"да "ўт ўчирувчи" вазифасини бажаришига кўникиб қолганимиз Ҳусниддин Алиқулов иккинчи ўринни эгалламоқда. 12 ўйинда 5 маротаба рақиб дарвозаларини ишғол қилган тўпурар марказий ҳимоячи айни дамда Суперлигада ўз амплуасидаги энг яхши футболчи эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
"Аждарлар"нинг бир чизиқли уч марказий ҳимоячига суянган асосий схемасида Алиқуловнинг ўрни улкан. У нафақат голлар уради, балки тартибли ҳимояланишни ҳам ўрнига қўяди. Баланд бўйли, агрессив, аммо камдан-кам ҳолларда қўполлик ишлатадиган йигит ҳозирги "Насаф"нинг энг катта актив футболчиларидан бири бўлиб турибди.
1-ўрин. Рубин Хебай
Биринчи поғонани эса "бургутлар" сафида Суперлигани "ёндирган" Рубин Хебай эгалламоқда. 10 та ўйинда 9 та гол! Сермаҳсуллик бобида у айни дамда чемпионатимиздаги энг яхши футболчи. Жорий мавсумда "Андижон" 13 ўйинда умумий ҳисобда 15 маротаба рақиб дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлди. Уларнинг 10 таси Рубин ҳисобига ёзилган бўлса, яна икки голга қаҳрамонимиз ассистентлик қилган. Яъни, барча киритилган голларнинг 70 фоизидан каттароқ қисми унинг меҳнати десак, муболаға бўлмас. Албаниялик форвард бу статистик факт сабабли биринчи поғонани забт этгани йўқ.
"Бургутлар" ўйин услуби асосан ҳимояга таянгани сабабли, форвардларга ўйин давомида узоғи билан бир ё иккита имконият ярата олади, холос. Мана шундай минималликка суянган услубдаги жамоада ҳам 9+2 натижа қайд этиш учун чинакам "қотил" ҳужумчи бўлиш талаб этилади. Ҳозир "Андижон" 19 очко жамғарганча, турнир жадвалида 6-поғонада бораётгани айнан шу йигитнинг класс эвазига киритган голлари самараси. Сўзсиз, (менинг версиямга кўра, албатта) Рубин Хебай 2023 йилги мавсум биринчи даврасининг энг яхши футболчиси.
Бонус. Ислом Кенжабоев
Ўйини чиқмай, кетма-кет ўзгаришлар содир бўлаётган "Қизилқум"да Кенжабоевнинг ёрқин ўйинидан бошқа томоша қилишга арзигулик нарса кўринмаяпти. Ҳужумкор қанот ярим ҳимоячиси деярли ҳеч нарса ўхшамаётган жамоа сафида ҳам йўқолиб қолгани йўқ. 13 ўйинда 2 гол. Қаҳрамонимиз "тилла қазувчилар" жамғарган 10 очконинг асосий сабабчиларидан бири.
"Бухоро" билан муҳим баҳсдаги ягона голга ассист. "Насаф"га қарши уйдаги оғир ўйиндаги рейд ортидан киритилган гол якунда бир очко тақдим этган бўлса, "Бунёдкор" устидан қозонилган ғалабага ҳам қаҳрамонимиз гол киритиб катта ҳисса қўшди. Ҳа, бу рўйхатга кириш Кенжабоевга насиб этмаган бўлсада, унинг ўйинини алоҳида эътироф этиш даркор. Шу боис, "Қизилқум" вингери кучли бешликдан унча узоқ бўлмаган жойдан ўрин эгаллади.
Бонус. Асилбек Жумаев - "Сурхон"
Суперлига учун сюрпризга айланган "Сурхон"нинг ёшлардан иборат "бандаси" яхшигина шов-шув кўтаришга муваффақ бўлди. Аслида, жамоанинг барча футболчилари таҳсинга сазовор, бироқ бизни кучли бешликдан Асилбек Жумаевгина ўрин эгаллади. 2005 йилда таваллуд топган ярим ҳимоячи мавсумни чинакам кашфиётларидан бири десак, адашмаган бўламиз. Чаққон, тезлиги чакки бўлмаган йигит 18 ёшга тўлар-тўлмас "Сурхон" проектининг меваси сифатида кўзга ташлана бошлади. Унинг ўз тенгқурларидан ташкил топган терма жамоадан чақирув олгани ҳам бежиз эмас. Ҳали жуда ёш бўлишига қарамай, Жумаевни "катта саҳнада" тиззалари қалтираб қолгани йўқ.
"Нефтчи" билан отишма (2:2) ва "Бунёдкор" билан сола-сол (1:0) ўйинларда йигитча потенциали юқори эканлигини исботлаб берди. Аслида, кучли бешликдаги бонус ҳам Асилбек учун SPORTS.uz томонидан берилган кичик аванс. Келажакда у ўз устида ишлаб, топ даражадаги футболчи бўлиб етишиши учун.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Ўз "Кучли бешлик" вариантларингизни изоҳларда қолдиринг!
Фикрлар