Суперлига. Бу шунчаки ўйин эмас! Кимдир сюрприз тайёрлаяпти-да...
27 май оқшомида Олмалиқда яхши ўйин бор. Буни шундай таърифлаш мумкин: Миржалол Қосимов ва Илҳом Мўминжонов тўқнашуви ёки оддийгина АГМК – “Нефтчи”. Лекин бу шунчаки ўйин бўлмайди, ишонинг! Аслида мавсум аввалида иккала клубнинг мақсади совринли ўринлар учун курашиш эди. Бироқ кутилмаганда “Нефтчи” бошиданоқ қора чизиққа тушиб қолди ва ундан чиқиб кетиши бироз қийин кечди. Натижада жамоа совринли ўринлар учун курашадиган клублар орасида йўқ. Шунга қарамай, охирги учта учрашувда ютқазмаганини ва ўтган турда “Металлург”ни йирик ҳисобда таслим қилганини ҳисобга оладиган бўлсак, аста-секин “Нефтчи” ўз ўйин услубини топиб олгандек. АГМК эса дастлабки иккита ўйиндаги мағлубиятдан кейин дарҳол ўзига келди ҳамда вазиятни ўзгартира олди.
Суперлиганинг 11-тур доирасига келиб АГМК 17 очко билан 3-ўринда боряпти. “Нефтчи” эса узоқ кутилган ғалабасидан кейин охирги ўринни тарк этиб, 11-поғонага чиқиб олди. Лекин ўйин иккала жамоа учун қатор қийинчиликларни келтириб чиқарса ажаб эмас. Қосимов жамоаси 7 та ўйиндан бери ютқазгани йўқ. Демак, АГМКда мағлубиятсиз серия давом этяпти. “Нефтчи” эса боя айтганимиздек, энди ўйинини топяпти ва аранг мағлубиятли сериядан қутулди. Фақат “Нефтчи” мавсум давомида йўқотиши керак бўлган очколарини чемпионат бошидаёқ ортиғи билан йўқотиб бўлди. Айниқса, кучли учликка кириш мақсади борлигини ҳисобга олсак, айнан билдирган фикримиз айни муддао. Шу боис фарғоналикларни энди очко йўқотишга ҳаққи қолмади. Балки иккита дуранг ва бир ғалабадан кейин “Нефтчи” аъзоларининг кайфияти кўтарилганлиги катта эҳтимол. Бу ҳол АГМКга қарши учрашувда қанчалик таъсир кўрсатишини ўйин давомида билиб оламиз.
Ўйиннинг яна бир қизиқ жиҳатларидан бири шуки, АГМК клуби Ўзбекистон чемпионатлари доирасида юбилей – 400-ўйинини ўтказади. Ўтган турда Самарқандда “Динамо” устидан ғалаба қозониб юбилей – 150-ғалабасини қўлга киритганди. Фарғоналиклар бунгача Ўзбекистон чемпионатида 475 та ғалабани қўлга киритиб бўлди. Олмалиқдаги ўйин эса “Нефтчи”нинг 813-учрашувига айланади. Яна бир гап: АГМК – “Нефтчи” клублари Ўзбекистон чемпионатлари доирасида 24 марта рўбаро келишган ва бу сафаргиси ҳам ўзига хос юбилей – 25-тўқнашув бўлиб қолади. Лекин бу жамоалар бир-бирини “соғинишган”. Чунки охирги марта 2018 йили рақиб сифатида тўқнаш келишган. Орадан 4 йил ўтгач, эски танишлар яна учрашишмоқда.
Ўзаро беллашувлардаги устунлик “Нефтчи” тарафида. 12 та ўйинда ғолиб чиққан. АГМК бўлса, 6 та ўйинда ютган ва яна 6 та беллашув дуранг билан якунланган. Олмалиқликлар ўз майдонида охирги марта “Нефтчи”ни қачон ютганини биласизми? Бунга ҳам 6 йил бўлди. 2016 йилги мавсумда Олмалиқдаги ўйинда майдон эгалари жавобсиз учта гол урганди. Агар ушбу клубларнинг барча мусобақалардаги иштирокини инобатга оладиган бўлсак, унда 27 та ўйин ўтказишган бўлади. АГМКда 8 та ғалаба, “Нефтчи”да эса 13 та, дуранг эса 6 та. Нима бўлганда ҳам ўзаро учрашувлардаги устунлик фарғоналиклар тарафида.
АГМК клуби бу ўйинни ютадиган бўлса, 20 очко билан 1-ўриндаги “Сўғдиёна”га етиб олиш имконияти пайдо бўлади. Миржалол Қосимов ва унинг жамоаси ўз майдонида бундай имкониятни қўлдан чиқариб юбормаслигига ишонасизми? “Нефтчи” қандай қаршилик кўрсатади? Мўминжонов алоҳида режа ишлаб чиқдими? Ёки бирор сюрприз тайёрлаб қўйдими? Юқорида бежизга тўхталмадик, “Нефтчи” йўқотадиган очколарини аллақачон йўқотиб бўлган. Демак, бу ўйинни кузатсангиз асло зерикиб қолмайсиз...
Фикрлар