Суперлига. "Бунёдкор" - "Пахтакор" ўйини Тошкентда ўтиши тасдиқланди. Бу "Насаф" учун ҳам қулай
Суперлига сўнгги турига уч кун вақт қолди. Айни вақтда чемпионлик учун уч жамоа жиддий кураш олиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, сўнгги тур беллашувларига бўлган қизиқиш юқори.
Хабарингиз бор, сўнгги турда “Пахтакор” сафарда “Бунёдкор” меҳмони бўлиши керак. Бироқ “Бунёдкор” стадионида реконструкция ишлари давом этаётгани сабаб, “қалдирғочлар” бошқа ареналарда уй ўйинларини ўтказишга мажбур бўляпти. Режалаштириш жараёнида “Бунёдкор” сўнгги турни “Пахтакор” стадионида ўтказиш таклифини аввалдан киритганди. Бунга жавобан ЎзПФЛ сўнгги турдаги Тошкент дербиси мусобақа жадвалига таъсир кўрсатмайдиган ҳолатда бўлса, беллашув “Пахтакор” стадионида ўтишига қарши эмаслигини маълум қилганди.
Бироқ воқеалар ривожи чемпион фақатгина 26-турга келибгина ойдинлашишини тақазо этди. Олтин медаллар учун курашда “Пахтакор” ҳам бор эканидан келиб чиқиб, ЎзПФЛ Тошкент дербисига “Пахтакор” аренаси мезбонлик қилишига рухсат бермади. Боиси мазкур ҳолат “пахтакорчилар” имконияти сунъий ошиб кетишига олиб келиши мумкин эди.
Ҳолатни инобатга олиб, “Олимпик” ва “Бунёдкор” футбол клублари сўнгги турда майдон алмаштириш бўйича келишувга эришди. Маълумки, “Олимпик” футбол клуби ҳам ўзининг уй стадионига эга эмас ва у ижара шартномаси асосида “Жар” ўйингоҳидан фойдаланиб келади. “Пахтакор” футбол клуби эса ўз аренасида сўнгги турни якунлаш тақиқи бор эканидан келиб чиқиб, “Олимпик” жамоасига ўз аренасини тақдим этишга рози бўлди. Мазкур келишув натижасида чемпионлик учун даъвогар “Насаф” ҳолати яхши бўлган яна бир аренада тўп суриш имкониятига, “Бунёдкор” ва “Пахтакор” эса сўнгги турни ўз аренасида бўлмаса-да, ўз шаҳрида ўтказишга эришди.
Бунда иккинчи йўл ҳам бор бўлиб, “Локомотив” футбол клуби сўнгги тур учун “Пахтакор” билан стадион алишиши мумкин эди. Бироқ “темирйўлчилар” учун ҳам сўнгги тур муҳим эканидан келиб чиқиб, “Локомотив” раҳбарияти бунга рози бўлмади.
ЎзПФЛ матбуот хизмати
Фикрлар