Суперлига чиптаси учун курашда "Локомотив" фаворит, қолганларчи?

Ўртага Суперлига чиптаси тикилган про лига мусобақаси ҳам ўйлаймизки, мухлисларни беэътибор қолдираётгани йўқ. Охирги йилларда нуфузини анча ошириб бораётган ушбу лигада кураш жуда кескин ва жиддий тус олиб боряпти.

Чемпионат бошланмасидан олдин про лигада бу йилги фаворитлар номларини ҳамма тўғри тахмин қила бошлаганди ва амалда ўз тасдиғини топяпти. Жумладан, “Локомотив”, “Динамо”, “Қўқон-1912”, “Машъал” каби жамоаларнинг имконияти юқори баҳоланганди. Про лигада деярли биринчи давра тугади. Тошкентнинг “Локомотив” клуби 10 та учрашувда 26 очко жамғариб якка пешқадам бўлиб турибди. 2-поғонада эса 9 та ўйин ўтказган “Динамо” боряпти. Уларнинг ҳисобида 19 очко бор. Дарвоқе, маълумот учун, про лигада иккита ўйин қолдирилган. “Андижон-SGS” – “Динамо” ҳамда “Арал” – “Қўқон-1912” иштирокидаги учрашувлар ўтказилади. Агар самарқандликлар ғалаба қозонса, “Локо” билан ўртадаги очколар фарқини 4 та қисқартирган бўлади. Қўқонликларда эса 16 очко бор. Нукусдан 3 очко билан қайтишса, бу уларни 3-ўринга олиб чиқади. Ҳозирда “Машъал”дан кейин 4-поғонада боришмоқда.

қўқон_3

Хуллас, “Локомотив” 8 ғалаба ва 2 дуранг қайд этиб, мағлубиятсиз юришини давом эттириб келяпти. Очиғи, ҳеч ким бу клубни бир йилдаёқ Суперлигага қайтишига шубҳа қилмаяпти. Про лигада таркиби энг кучлиси ҳам “Темирйўлчилар”га тегишли. Бундан ташқари, Вадим Абрамов бошқарувидаги “Динамо” ҳам ҳали ютқазгани йўқ. 5 ғалаба ва 4 дуранг қайд этди. Агар “Динамо”да аламли дуранглар бўлмаганида “Локомотив”га яқинлашиб олган бўларди. Шунингдек, ғалабага тенг дуранглари ҳам йўқ эмас. Дастлабки икки ўрин учун асосий даъвогарлар биринчи даврадаёқ кўриниб қолди. Катта эҳтимол “Машъал” билан “Қўқон-1912” 3-ўрин учун курашадигандек. Чемпионатни омадсиз бошлаган муборакликлар кейинчалик ўзига кела бошлади. Қўқонликларга эса барқарорлик етишмаяпти. Натижада бош мураббий ўзгарганидан хабардорсиз. Даврон Файзиев ўрнига Муҳсин Низомиддинов тайинланган. Бу жамоа ҳам фақат Суперлигани кўзлаяпти. Аммо “Динамо” сингари дуранглари кўпайиб бораётганини таъкидлаш жоиз. Иккинчи давра айниқса, “Қўқон-1912” учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

динамо4_5

Биринчи даврани кутилганидек якка пешқадам сифатида якунлаган “Локомотив”ни иккинчи даврада “улов”ни қўлдан чиқариб юборишига менимча, кўпчилик ишонмаса керак. Суперлига учун биринчи рақамли даъвогар охиригача 1-ўринни ўзида сақлаб қолиши катта эҳтимол. Аммо Коростиченко/Йеличич тандемидаги “Локо”га ҳам осон бўлмаяпти. Буни уларнинг иштирокидаги учрашувлардан кўриш мумкин.

Иккинчи даврада кураш янада жиддий тус олиши шубҳасиз. “Динамо”, “Қўқон-1912” ва “Машъал” Суперлига чиптасини ўзиники қилиш учун курашни давом эттирадилар. Тўғри, “Локомотив” пешқадам бўлса-да, ҳали олдига қўйилган вазифани бажаргани йўқ. Лекин, барибир уларнинг кучи ва сифатли ўйинидан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Суперлига сари яқин келяпти. Шу боис иккинчи даврада ҳам барқарорлигини сақлаб қолиши табиий.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!