Суперлига: Жанубликларнинг ғалабаси, чемпионни ўйин борасида мағлуб этган Абрамовнинг ёшлари ва бошқалар

Мамлакат чемпионатининг 9-тури Осиё чемпионлар лигасида иштирок этаётган жамоаларимизнинг ўйинлари билан бошланди. “Пахтакор” андижонликларга қарши сафар учрашувини Фарғонада ўтказиб, ғалаба қозонди. Пойтахт дербисида Вадим Абрамовнинг ёшлари амалдаги чемпионни мағлубиятга учратишларига бир баҳя қолди.

9-турни мамлакатимиз жанубида жойлашган вилоятлар вакиллари муваффақиятли ўтказишди. Қаршиликлар уйда, термизликлар эса меҳмонда ғалаба қозонишди.

“Сўғдиёна” жорий мавсумда сафардаги баҳсларнинг барчасида имкониятни бой берганди. Ниҳоят, жиззахликлар меҳмонда ғолиб чиқишди.

АНДИЖОН – ПАХТАКОР 0:3

Андижондаги “Соғлом авлод” стадионида ёритиш тизими ФИФА талабларига тўла жавоб бериши учун таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани боис баҳс Фарғонадаги “Истиқлол” ўйингоҳига кўчирилди. Буни тушуниш мумкин. Лекин ўйин ўтадиган арена ва шаҳар ўзгариши бор-йўғи бир кун қолганда эълон қилиниши кўплаб эътирозларга сабаб бўлди. Наҳотки ишни шу тарзда ташкил қилиш ўзини Профессионал атайдиган лигага муносиб бўлса? Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси расмий сайти - pfl.uz ўйин ўтказилиш жойи ўзгартирилгани ҳақидаги маълумотни учрашув бўлиб ўтадиган сана киришига роппа-роса бир соат қолганда берди. Андижонликларга шу куни янги бош мураббий тайинлангани қандай таъсир кўрсатиши кўпчиликнинг эътиборини тортди. Мавсум аввалидаги муваффақиятсизликлар оқибатида клуб раҳбарияти Жамшид Саидовга ишонч билдиришга қарор қилди. Ўйин бошидан назоратни ўз томонига оғдирган "шерлар" қулай имкониятларни юзага келтиришди. Драган Чераннинг зарбасига аниқлик етишмаган бўлса, Жалолиддин Машарипов ва Акрамжон Комиловнинг зарбаларидан кейин Виталий Мирний тўпни қайтарди. Тайм охирида Чераннинг бош билан йўллаган аниқ зарбасидан кейин мезбонлар посбони маҳорат кўрсатди. Санжар Қувватов бу орада Шаҳзодбек Убайдуллаевнинг уринишини зарарсизлантирганидан сўнг бошланган ҳужумда пойтахтликлар биринчи голни уришди. Ўзига нисбатан жарима майдони ичида ишлатилган қўполлик учун белгиланган пенальтидан Драган унумли фойдаланди. Иккинчи бўлимда ҳам ҳужумкор ўйнаган "Пахтакор" захирадан баҳсга қўшилган Марат Бикмаевнинг дубли эвазига йирик ҳисобда зафар қучди. Дастлаб Игорь Сергеевнинг зарбасини Мирний қайтаргач, Марат тўпни дарвозанинг юқори бурчагига йўллади. Кейин Машариповнинг пасидан сўнг Марат яқин бурчакни аниқ нишонга олди.

Голлар: Драган Черан пенальти 45+2, Марат Бикмаев 81, 85

“Андижон”: Виталий Мирний, Бобир Амонов, Ойбек Қиличев, Фарҳод Бекмуротов, Шаҳзодбек Убайдуллаев (Шаҳбозбек Жумабоев, 79), Абдуллоҳ Олимов (Иброҳимжон Отахонов, 59), Илдар Маматказин, Абдураҳмон Абдулҳақов (Рўзимбой Аҳмедов, 74), Радосав Алексич, Асрор Ғафуров, Аброр Ҳусинов.

Захира: Руслан Матниёзов, Фарҳод Мираҳматов, Сардор Сулаймонов, Дониёр Исмоилов, Хушнудбек Авилов, Бобиржон Акбаров.

“Пахтакор”: Санжар Қувватов, Ҳожиакбар Алижонов, Акрамжон Комилов, Жалолиддин Машарипов, Драган Черан, Игорь Сергеев, Достонбек Ҳамдамов (Марат Бикмаев, 78), Одилжон Ҳамробеков (Фарруҳ Сайфиев, 90), Шерзод Аъзамов, Сардор Собирхўжаев (Владимир Козак, 76), Марко Симич.

Захира: Элдор Суюнов, Алишер Салимов, Жаҳонгир Аҳмадов. Егор Кримец, Шоҳруҳ Маҳмудҳожаев, Собир Синдаров.

Огоҳлантиришлар: Шаҳзодбек Убайдуллаев 42, Илдар Маматказин 45+2, Радосав Алексич 64, Марко Симич 67.

6856 томошабин.

Жамшид САИДОВ: - Ўзбек футболининг байроқдор жамоаси билан куч синашдик. "Пахтакор" сафида терма жамоамизнинг етакчи футболчилари тўп тепишади. Йигитларга, мухлисларга раҳмат айтаман. Жамоа икки йил Про-лигада иштирок этди ва ўйин борасида камчиликлар бўлиши табиий. Бу борада ўз устимизда ишлаяпмиз. Футбол 90 дақиқадан иборат. Учрашув охирида иккита тўп қўйиб юбордик. Футболчилар концентрацияни йўқотиб қўйишди. Бугун ғалаба қозонишни истаган эдик, аммо пенальти, баҳс сўнгидаги гол барчасини ўзгартириб юборди. Беллашувнинг Фарғонага кўчирилиши ҳам таъсир қилди. Стадионимизда минглаб мухлислар қаршисида ҳаракат қилиш бошқача. Ахир ўз уйингда “деворлар ҳам ёрдам беради” дейишади. “Соғлом авлод” ўйингоҳида баҳс умуман бошқача кечган бўлар эди.

Шота АРВЕЛАДЗЕ: - Ўйлашимча, рақибга имкон қолдирмадик. Бизда жуда кўп вазиятлар бўлди. Улардан иккинчи таймда фойдаландик. Тиғиз тақвим туфайли учрашувлар барибир қийин ўтмоқда. Сафарлар таъсир кўрсатади. Рақиб муносиб тарзда курашишга интилди, лекин биз яхшироқ ҳаракат қилдик. Ҳақли равишда уч очкога эга чиқдик.

 

ЛОКОМОТИВ – БУНЁДКОР 0:0

Учрашув бошида жамоалар очиқ футбол намойиш этишди. 7-дақиқада Арсланмурат Аманов ўнг қанотдан жарима майдони ичига етказиб берган тўпни Сардор Мирзаев бош билан дарвозага йўллади. Бирозгина ноаниқ. Кейин эса ўйин анча секинлашди. Тошкент дербисида кўпчилик кутган шиддат кўринмади. Баҳснинг учдан бир қисми ўтиб бораётганда Исломжон Қобилов узоқ масофадан тепган тўпни Жавоҳир Илёсов ушлаб олди. Биринчи тайм охирларида Азизбек Ҳайдаров боши билан зарба берди. Абдумавлон Абдужалилов ажойиб ҳаракат билан хавфни бартараф этди. 70-дақиқада Жавоҳир Илёсов тўпни тўхтатишда хатога йўл қўйди, Владислав Нуриев эса дарвозага аниқ зарба бера олмади. Беллашувга қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнггисида Владислав Нуриев стандарт вазиятдан кейин гол урганди. Аммо қанот ҳаками ушбу ҳолатни офсайд деб топди. Натижада “темирйўлчилар” 2 турдан бери қайд этилаётган дурангли серияни давом эттиришди.

“Локомотив”: Жавоҳир Илёсов, Анзур Исмоилов, Азизбек Ҳайдаров (Диёржон Туропов, 61), Жамшид Искандеров (Филипп Раевац, 81), Сардор Мирзаев, Темурхўжа Абдухолиқов, Ислом Тўхтахўжаев, Йован Жокич, Давронбек Ҳошимов, Олег Зотеев, Арсланмурат Аманов (Азизбек Амонов, 46).

Захира: Маъмур Икромов, Авазбек Ўлмасалиев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Бобур Эргашев, Игорь Йелич.

“Бунёдкор”: Абдумавлон Абдужалилов, Исломжон Қобилов, Анвар Ғофуров, Дилшодбек Аҳмадалиев, Жасурбек Жалолиддинов (Суҳроб Иззатов, 55), Хуршид Ғиёсов (Абдулла Абдуллаев, 79), Лутфулла Тўраев, Миржаҳон Мираҳмадов (Владислав Нуриев, 59), Санжар Қодирқулов, Нурилло Тўхтасинов, Улуғбек Абдуллаев.

Захира: Муроджон Зуҳуров, Сергей Прохоров, Бобурбек Фарҳодов, Санжар Рихсибоев, Муҳаммадодил Қаҳрамонов, Фаррух Икромов.

Огоҳлантиришлар: Давронбек Ҳошимов 32, Анвар Ғофуров 80, Диёржон Туропов 90+1, Суҳроб Иззатов 90+3.

3112 томошабин.

Вадим АБРАМОВ: - Тошкент жамоалари қандай ўринда, қай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, дербида ҳар доим шундай муросасиз кураш кечади. Йигитлар ўзларини йўқотиб қўйишмади. Тўғри, энг яхши ўйинларимиздан бирини намойиш қила олмадик. "Локомотив" иккинчи таймда гол уришга интилди, биз қарши ҳужумда уларни ушламоқчи эдик. Афсуски, яратилган вазиятлардан фойдаланишда шогирдларимга совуққонлик етишмади. Бироз тажриба бўлганида вазиятни фойдамизга ҳал этардик. Владислав Нуриев Суперлига баҳсларида эндигина иккинчи марта иштирок этмоқда. Одам сифатида уни тушуниш керак, футболчи ҳали бундай даражадаги учрашувларда майдонга тушмаган. Лекин яхши сифатлари етарлича, унинг ҳам даври келади. Бизда ҳужумчилар борасида мауммолар бор. Гол? Менимча, қанот ҳаками хато қилди. Бироқ улар ҳам одам. Умуман олганда бугун реферилар яхши ишлашди. Чемпионатимизда ВАР тизими йўқ. Агар бу система бўлганида ҳакамлар беллашувни тўхтатиб, вазиятга баҳо беришарди. Ҳали Европа даражасига етмадик. Телевизорда кўриш ва уни муҳокама қилиш эса осонроқ. Агарда биз улар даражасига етмоқчи бўлсак, шунга монанд ҳаракатларни амалга оширишимиз даркор.

Андрей ФЁДОРОВ: - Бу учрашувни муҳокама қилиш қийин. Ўйинимиз ўхшамади. Секин ҳаракатландик. "Бунёдкор" эътиборини ҳимояга қаратгани боис қарши ҳужумларга ўтиб, вазиятларга эга бўлди. Натижа адолатли: ғалабага лойиқ эмасдик. Биринчи таймда яхши вазиятлардан фойдалана олмаган бўлсак ҳам шу фикримда қоламан. Омадсизликлар... Истеъфо? Бу борада ўйламайпман. Бундай вазиятда клубни фақат каламушлар ташлаб кетишади. Мен буни нотўғри деб ўйлайман. Агарда кимдир жамоага 100 фоиз ёрдам кўрсата олса, албатта, жойимни бўшатиб бераман. Бизда ўйинлар жуда кўп. Шунинг учун тикланишга, куч тўплашга вақт етмай қолаяпти. Энди эса олдимизда кичик танаффус бор. Йигитларни жисмоний ва руҳий томонлама ўз ҳолатига келтиришга ҳаракат қиламиз.

 

НАСАФ – ҚЎҚОН-1912 2:0

Мазкур жамоалар ўтган мавсумда ўзаро тўртта учрашув ўтказишганди. Ўйинларнинг учтасида дуранг натижа қайд этилган бўлса, битта баҳсда “аждарлар” зафар қучишганди. Беллашувни мезбонлар ҳужумлар билан бошлашди. 15-дақиқада Ҳумоюн Муртазоев дарвозабон билан бирга-бирга вазиятга чиқиб ноаниқ зарба берди. Бурчак зарбасидан узатилган тўпни Шаҳбоз Эркинов бош билан дарвозага йўллади. Аммо устун майдон эгалари жонига оро кирди. Иккинчи таймни анча шиддатли бошлаган “Насаф” вакиллари 55 ва 57-дақиқаларда икки марта гол уришди - Хумоюн Муртазоев дубль муаллифи бўлди. 70-дақиқада Қувондиқ Рўзиевнинг зарбасига озгина аниқлик етишмади. Беллашув охирларида эса дарвозабон яхши ҳаракат қилиб, жамоасининг ғалабасига ҳисса қўшди. Кетма-кет 12 ўйиндан буён “аждарлар”ни енга олмаётган “Қўқон-1912” бу сафар ҳам мағлуб бўлди. Ҳумоюн Муртазоев эса 5-турдан буён голли серия қайд этмоқда.

Голлар: Ҳумоюн Муртазоев 55, 57

“Насаф”: Умиджон Эргашев, Ғолиб Ғайбуллаев, Азизжон Ғаниев, Дилшод Саитов, Ҳумоюн Муртазоев (Бобир Абдихолиқов, 82), Шароф Муҳиддинов (Акмал Мозговой, 77), Дониёр Нарзуллаев (Ойбек Бозоров, 77), Бобир Давлатов, Ислом Рашидхонов, Хуршид Мухторов, Умар Эшмуродов.

Захира: Абдувоҳид Неъматов, Ҳусниддин Алиқулов, Жўрабек Маннонов, Алишер Юсупов, Сардор Абдураимов, Шерзод Насруллаев.

“Қўқон-1912”: Боян Кнежевич, Жамшид Ҳасанов, Қувондиқ Рўзиев, Ойбек Рустамов, Жасур Ҳасанов (Тимур Усмонов, 67), Суҳроб Бердиев, Иқбол Маликжонов (Беҳруз Саъдиллоев, 59), Шаҳбоз Эркинов (Тимур Ҳакимов, 86), Александр Мерзляков, Марко Милич, Мурод Холмуҳаммедов.

Захира: Ислом Абдуллаев, Жавоҳир Эсонқулов, Аваз Маматхўжаев, Милош Николич.

Огоҳлантиришлар: Ғолиб Ғайбуллаев 17, Жасур Ҳасанов 53, Ойбек Рустамов 64.

7332 томошабин.

Нўъмон ҲАСАНОВ: – “Насаф” жамоасини ғалаба билан табриклайман. Улар ҳақли тарзда муваффақиятга эришишди. Очиқ футбол гувоҳига айландик. Ўз майдонимизда ўйнамаётганимиз учун футболчиларда қандайдир руҳий тушкунлик кузатилмоқда. Келиб, бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимиздан миннатдормиз. Шогирдларимнинг охирги 20 дақиқаликдаги ҳаракатларидан қониқдим, холос. Кучли жамоамиз бор эди. Таркибдаги йўқотишлар ўрнини етарли даражада тўлдира олмадик. Кейинги турга янада жиддийроқ тайёргарлик кўрамиз.

Рўзиқул БЕРДИЕВ: - Ғалабага муносиб эдик. Кўплаб хавфли вазиятларни яратдик. Йигитлар кўрсатган ўйин ва натижадан мамнунман. Киритилган иккита голдан ташқари яна кўплаб имкониятларга эга бўлдик. Улардан самарали фойдаланганимизда ҳисоб бундан-да йирик бўлиши мумкин эди. Муҳими бизга ғалаба керак эди ва бунга эришдик... Бугун Умиджон Эргашев ўйнади. У руҳий тушкунликка тушмаслиги учун бу зарур эди. Дарвозабонимиз ёмон ҳаракат қилмади. Таркибимизда тўрт нафар ёш посбон бор. Биз уларга ишонамиз ва барчасига имкон берамиз. Тўғри, Ҳумоюн Муртазоев қулай имкониятлардан фойдалана олмаган ҳолатлар ҳам бўлди. Аммо у бугун иккита гол уриб, ғалабамизни таъминлади. Бобир Абдиҳолиқов жароҳати боис ўйин амалиётисиз қолди. Ҳужумчимиз 4 кундан буён умумий гуруҳда машғулотларда иштирок этмоқда. Кеча ўринбосарлар сафида бир тайм тўп тепди. Бугун ҳам унга имкон бердик. Ўйлайманки, Бобир ҳали ўз сўзини айтади.

 

ҚИЗИЛҚУМ – СУРХОН 1:3

Учрашув бошларидан “Сурхон”нинг шашти анча баландлиги кўринди. Термизликлар Навоийга ғалаба қозониш учун келганликларини илк дақиқаларданоқ кўрсатишди. 18-дақиқада бош ҳакам Мақсуд Каримов рақиб ўйинчиси Абдул Азиз Юсуповни йиқитди деб топди ва "Қизилқум" дарвозасига пенальти белгилади. 11 метрли жарима зарбасини Дарко Станоевич аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди. 38-дақиқада Шавкат Саломовнинг пасидан сўнг Абдул Азиз Юсупов қаршисидаги футболчини алдаб, гол урди. Тайм сўнгида Элдор Бойматов тахминан 20 метрлардан тепган тўп ноаниқ кетди. Иккинчи бўлимда Шавкат Саломов жамоадоши Абдул Азиз Юсуповга ажойиб тарзда тўп оширди. У эса боши билан узоқ бурчакни ишғол қилди. Орадан кўп вақт ўтмай Алишер Саноев чамаси 13 метрлардан меҳмонлар дарвозасининг узоқ пастки бурчагини аниқ нишонга олди.

Голлар: Дарко Станоевич пенальти 19, Абдул Азиз Юсупов 38, 64, Алишер Саноев 78.

“Қизилқум”: Артём Макосин, Эркин Бойдуллаев, Мурод Бобожонов, Салим Мустафоев, Элдор Бойматов, Муҳсин Убайдуллаев (Файзулла Қамбаров, 63), Шерали Жўраев (Азизбек Усмонов, 75), Элгужа Григалашвили, Хуршиджон Олимов (Алишер Саноев, 58), Мақсуд Каримов, Ариагнер Смит Медина.

Захира: Евгений Черемисин, Акмал Рустамов, Ҳумоюн Абдуалимов, Миржалол Қосимов, Сардор Жаҳонов, Суҳроб Ярашов.

“Сурхон”: Асилбек Аманов, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Аюбхон Нўъмонов, Раҳматулло Бердимуродов, Шавкат Саломов (Нажмиддин Нормуродов, 90+2), Абдул Азиз Юсупов (Равшанбек Хурсанов, 78), Аброр Исмоилов, Владимир Бубанья, Ҳусниддин Ғофуров, Аъзам Алиев (Мирзакамол Камолов, 71), Дарко Станоевич.

Захира: Сардор Қобулжонов, Азамат Аҳмедов, Убайдулло Холиқулов, Аббосбек Махсталив, Суҳроб Неъматов, Сарвар Солиев.

Огоҳлантиришлар: Мақсуд Каримов 18, Элгужа Григалашвили 30, Салим Мустафоев 31, Шерали Жўраев 63, Равшанбек Хурсанов 79.

3254 томошабин.

Андрей МИКЛЯЕВ: - Жуда қийин ўйин бўлди. Савия жиҳатидан бир-бирига анча яқин жамоалар майдонда ўзаро баҳслашишди. Айни пайтдаги ўрнимизни инобатга олганда, 3 очко қўлга киритишимиз жуда ҳам зарур эди. Уч бора рақиб дарвозасини ишғол этдик. Лекин битта гол ўтказиб юбордик. Асосийси – ғалаба қозондик. Натижадан мамнунман.

Юрий ЛУКИН (“Қизилқум” жамоаси ёрдамчи мураббийи): - “Сурхон” жамоасини қўлга киритилган ҳаққоний ғалаба билан табриклайман. Биз биринчи бўлимни анча бўш ўтказдик. Дастлабки таймдаёқ рақибга имкониятни бой бердик. Учрашув охирида эса бироз омад ҳам етишмади. Қулай имкониятлардан унумли фойдалана олмадик.

 

БУХОРО – ДИНАМО 0:0

Дастлабки дақиқаларда самарқандликлар икки бор бурчакдан тўп тепишди, аммо бундан самара чиқмади. 13-дақиқада қарши ҳужумда Иван Нагаев қулай вазиятдан фойдалана олмади. Кейин Достон Ибрагимовнинг кучли зарбаси бироз ноаниқ чиқди.  

Жасур Ўринов шериги Миркомил Лоқаевнинг ажойиб узатмасини голга айлантира олмади. Иккинчи таймда ҳам жамоалар навбати билан ҳужумлар ташкил этишди. Бироқ уринишлар самарасиз якунланаверди. Айрим ҳолларда устун ва тўсин гол бўлишига тўсқинлик қилди. Баъзан эса посбонлар маҳоратларини намойиш этишди. Натижада стадионга ташриф буюрган мухлислар шу куни гол кўришмади. “Бухоро” бу мавсум ўз майдонида яна ғалаба қозона олмади.

"Бухоро": Хуршид Хўжаев, Иван Фатич, Миржалол Жумаев, Иван Нагаев, Саламат Қутибоев (Акрам Баҳриддинов, 68), Асадбек Собиржонов, Жамолиддин Убайдуллаев (Азамат Исроилов, 53), Беҳруз Шодмонов, Эргаш Исмоилов, Жаҳонгир Абдумўминов (Акобир Тўраев, 85), Достон Ибрагимов.

"Динамо": Ботирали Эргашев, Миркомил Лоқаев, Ҳакимхон Аламхонов, Жасур Азимов, Қадамбой Нурметов (Амиржон Сафаров, 66), Бобур Қосимов, Сирож Ҳамроев (Дилмурод Каримов, 84), Сардор Эминов (Дамир Темиров, 89), Жасурбек Ўринов, Ихтиёр Тошпўлатов, Шоҳруҳ Абдураҳмонов.

Огоҳлантиришлар: Иван Фатич 24, Ботирали Эргашев 30, Қадамбой Нурметов 42, Миркомил Лоқаев 54, Иван Нагаев 78.

7552 томошабин.

Даврон ФАЙЗИЕВ: - “Бухоро” ҳам, “Динамо” ҳам фақат ғалабага интилишди. Жанговар ўйин гувоҳига айландик. Фақат беллашувни безаш учун голлар етишмади, холос. Бухорога 3 очко учун келгандик. Йигитлар майдонда борларини беришди. Асосийси – очко қўлга киритилди. Ҳар бир очко қадрли. Ёмон ҳаракат қилмадик, ҳимояда ётиб олганимиз йўқ. Ҳужумга ўтишга интилдик. Самарқанддан Бухорога келган юзлаб мухлисларимизга раҳмат, уларнинг тинмай қўллаб-қувватлаши туфайли худди ўз уйимизда тўп тепгандек бўлдик.

Мирислом ҲАСАНОВ (“Бухоро” клуби бош мураббий вазифасини бажарувчиси): - Учрашув жуда қийин ўтди. Сабаби икки жамоа ҳам муваффақият қозонишни кўзлаганди. Фикримча, беллашув давомида бизда кўпроқ голли вазиятлар юзага келганди, аммо улардан фойдаланолмадик. Фикримча, икки очко йўқотдик. Йигитларга раҳмат. Дарвоза ишғол қилинмаган бўлса-да, мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатишди. Бахтиёр Ашурматовдан кейин жамоани қабул қилиб олиш қийин кечмади. Йигитлар машғулотларда бор куч ва имкониятларини ишга солиб, меҳнат қилишди. Жамоа бир оилага айланиб, фақат ғалаба учун интилаяпмиз.

 

НАВБАҐОР - МЕТАЛЛУРГ 0:0

“Навбаҳор” Наманганда “Металлург” клубини қабул қилди. Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳар икки жамоа дарвозабони ва ҳимоячилари анча фаол ҳаракат қилиб, рақиб ҳужумларини бартараф этишда жонбозлик кўрсатишди. Мезбонлардан Александр Касьян ҳамда Азим Аҳмедов, меҳмонлардан эса Суҳроб Нуруллаев ва Исломбек Исоқжонов имкониятларини кўкка совуришди. Иккинчи таймни Андрей Канчельскис шогирдлари ҳужумкор руҳда ўтказишди. Бироқ ҳавфли вазиятлардан самара чиқаришмади. Жумладан, россиялик ҳужумчи Александр Касьян 2 марта гол уриши мумкин эди. Унинг зарбасидан сўнг тўп устунга тегиб, майдонни тарк этди. Бундан ташқари, Игорь Голбан ва Остон Ўруновнинг зарбалари ноаниқ чиқди. 61-дақиқада Баҳром Абдураҳимов жарима майдони ичида йиқилиб тушди, Учрашув ҳаками Равшан Эрматов ўйинни давом эттириш кераклигини кўрсатди. Сўнгги дақиқада “Металлург” футболчиси Ислом Исоқжоновнинг ўткир бурчак остидан тепган тўпи тўсин тепасидан ўтиб кетди.

"Навбаҳор": Ўткир Юсупов, Остон Ўрунов, Азим Аҳмедов, Иван Соловьёв (Баҳодир Насимов, 81), Александр Касьян, Обид Жўрбоев, Мирзоҳид Ғофуров, Игорь Голбан, Абдужамол Исроилов, Жаҳонгир Меҳмонов, Аббос Ғуломов (Азиз Ибрагимов, 68).

Захира: Дилшод Ҳамроев, Мирзоҳид Маматхонов, Славко Лукич, Шаҳзод Шайманов, Обид Жўрабоев, Ҳожиакбар Юнусов, Ғиёсжон Комилов, Зафар Тўраев.

"Металлург": Александр Лобанов, Аббос Отахонов, Иброҳим Йўлдошев (Шавкат Муллажонов, 80), Суҳроб Нуруллоев, Исломбек Исоқжонов (Дониёр Усмонов, 90), Баҳром Абдураҳимов, Камолиддин Тожиев, Станислав Андреев, Акбар Исматуллаев, Муҳаммад Исаев (Сергей Тумасян, 70), Баҳодир Пардаев.

Захира: Зафар Сафоев, Маҳмуд Қудратуллаев, Худойшукур Сатторов, Шаҳзодбек Ғофурбеков, Одилбек Абдумажитов.

Огоҳлантиришлар: Баҳром Абдураҳимов 30, Муҳаммад Исаев 41, Мирзоҳид Ғофуров 70, Иброҳим Йўлдошев 74, Баҳодир Насимов 85, Акбар Исматуллаев 90+2, Александр Лобанов 90+4.

9132 томошабин.

Андрей ШИПИЛОВ: - Ёдингизда бўлса, ўтган мавсумда ҳам жамоамиз Наманганда 0:0 ҳисобида дуранг қайд этганди. “Навбаҳор” жамоасига ажойиб меҳмоннавозлик учун миннатдорчилик билдираман. Улар бизга яхши шароитларни яратиб беришди. Ҳафта давомида шогирдларимни жуда кўп ишқибоз ташриф буюрадиган стадионда тўп тепишга тайёрлашга интилгандим. Биринчи таймда айтарли хавфли вазиятлар юзага келгани йўқ. Тўпни назорат қилишга уриндик. Танаффусдан сўнг эса “Навбаҳор” узун паслар ва тўп узатмалар орқали ўйнашга уринди. Баҳс охирида бизда 2 та яхши вазията юзага келди. Лекин улардан наф чиқмади. Якунда қайд этилган натижа адолатли бўлди.

Андрей КАНЧЕЛЬСКИС: - Учрашув бироз асабий руҳда кечди. Агар биринчи бўлиб рақиб дарвозасини ишғол этганимизда, ғалаба қозонардик. Футболни раққосалар ўйнамайди. Ҳар бир вазиятда йиқилиб, майдонда ётиб олинишини асло оқламайман. Бу темпни туширади ва ўйин жозибасини бутунлай йўқотади. Бугун тез ёрдам вакиллари кўмаклашадиган вазият умуман бўлгани йўқ. Лекин кўплаб ҳолатларда футболчилар майдонга чўзилиб ётиб олишди. Ғалаба қозонмадик – ўзимиз айбдормиз. 2 очко йўқотдик. Лекин меҳмонлар каби ўйин намойиш этмаганликлари учун шогирдларимдан мамнунман. Шу боисдан ҳам уларни ҳурмат қиламан.

 

АГМК – СЎҒДИЁНА 0:2

Учрашув бошланиши арафасида Ўзбекистон миллий чемпионатларидаги ўйинлари сони 400 тадан ошган 15-футболчига айланган АГМК клуби аъзоси Жасур Ҳасановга махсус футболка топширилди. Миржалол Қосимовнинг Олмалиқда “кетмони учмаяпти”. АГМК ушбу мутахассис билан умуман кутилмаган натижалар қайд этишдан чарчамаяпти. Афтидан жамоа ва мураббийнинг қарашлари тўғри келмаётгандек. Очиғини айтганда, ҳеч ким клуб нима учун бундай оғир аҳволга тушиб қолганини билмаяпти. Таркибни Қосимовнинг ўзи танлаган ва ишонч билдирган ўйинчиларини олиб келган. Бироқ мутахассиснинг гапларига кўра жамоада етакчи йўқ экан. Жиззахликлар беллашувда тезкор гол уришди. Шаҳбоз Жўрабеков рақиб жарима майдони ичидан чап оёғи билан дарвозани ишғол қилди. 14-дақиқада мезбонларда вазиятни ўнглашлари учун қулай имконият ҳосил бўлди. Санъат Шихов рақиб жарима майдони ичида йиқитилгани учун пенальти белгиланди. Дилшод Жўраевнинг уринишини Милан Митрович бартараф этди ва ҳисоб ўзгармай қолди. Кейинроқ Санъат Шихов кучли зарб билан тепган тўп тўсинга тегиб майдон ташқарисига чиқиб кетди.

Учрашув охирида "Сўғдиёна" иккинчи голни урди. Ўнг қанотдан Сирож Мелиев узатган тўпни Кахи Махарадзе дарвозага йўллади.

Голлар: Шаҳбоз Жўрабеков 4, Кахи Махарадзе 88.

Гол урилмаган пенальти: Дилшод Жўраев 14 (АГМК).

АГМК: Низомиддин Зиёвутдинов, Дилшод Жўраев, Санъат Шихов (Жасурбек Ҳакимов, 64), Зафар Полвонов, Жасур Ҳасанов, Мирғиёс Сулаймонов (Муроджон Тошматов, 71), Акмал Шораҳмедов, Сайдулло Раҳматов, Сардор Раҳмонов, Бобурбек Юлдашев, Камрон Сайдазимов (Шаҳзодбек Нурматов, 84).

Захира: Суҳроб Султонов, Миржамол Қосимов, Шоҳназар Норбеков, Ғулом Ҳайдар Ғуломов, Миролюб Костич, Шерзод Файзиев.

"Сўғдиёна": Милан Митрович, Искандар Шойқулов, Элёр Орифов, Кахи Махарадзе, Санжар Рашидов (Жамшид Болтабоев, 70), Ойбек Нурматов (Сирож Мелиев, 50), Шоҳруз Норхонов, Шерзод Шакиров, Даниэль Насриддинов (Саҳоб Рашидов, 79), Никола Милинкович, Шахбоз Жўрабеков.

Захира: Ширинбой Абдуллаев, Нуриддин Ҳасанов, Иззатилла Абдуллаев, Мурод Ражабов, Давронбек Умиров, Диан Талхатов.

Огоҳлантиришлар: Ойбек Нурматов 41, Жамшид Болтабоев 84, Никола Милинкович 87, Жасурбек Ҳакимов 88.

2596 томошабин.

Улуғбек БАҚОЕВ: - Мусобақа жадвалида яқин эдик ва бугунги баҳс шу сабабдан ҳам анча қийин ўтишини билардик. Учрашув ўйлаганимдек кечди. Тезкор гол киритганимиз фойда берди. Йигитлар бутун баҳс давомида тартибли ўйин кўрсатишга интилишди ва буни уддалашди. Якунда рақиб дарвозасига иккинчи голни ҳам киритдик.

Миржалол ҚОСИМОВ: - Кеча нишонланган металлурглар куни муносабати билан жамоамиз ишқибозларини хушнуд этиш мақсадида эдик. Афсуски, натижа ижобий бўлмади. Бугун икки хил таймлар гувоҳига айландик. Биринчи бўлимда ҳаракатларимиз ўхшамади. Пенальтидан ҳам унумли фойдаланмадик. Танаффусдан кейин эса ўйиннинг боришини ўзгартира олмадик. Жамоамизга бугун характер етишмади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Navbahor champion 2019
22/05/2019 07:50
olg‘a Navbahor
Azizbek Nishanov
21/05/2019 20:09
Keyingi oʻyinlarda, Navbahor ga omad !!!