Суперлига. "Насаф" Бекободдан 3 очко билан қайтди
Ўзбекистон Суперлигаси 14-туридан ўрин олган "Металлург" - "Насаф" учрашув якунланди. Қизиқарли ва кескин курашларга бой ўтган баҳсда қаршиликлар 2:0 ҳисобида ғалаб қозонди. Учрашувнинг биринчи тайми тенг курашлар остида кечди. Ҳар икки жамоа ҳам кетма-кет рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятларни яратишди. Аммо дастлабки бўлимда гол уриш ҳеч қайси жамоага насиб қилмади.
Иккинчи тайм "аждарлар"нинг бироз устунлиги остида бошланди ва бу ҳисобда ҳам ўз аксини топди. Ўйиннинг 51-дақиқасида Хусниддин Алиқуловнинг сай-ҳаракатлари эвазига Ойбек Бозоров ҳисобни очди — 0:1.
Қолган дақиқаларда ҳам "Насаф" "Металлург"дан кучлироқ ўйнади. Боиси, Ҳусайн Норчаевнинг ўзи иккита 100 фоизлик голли вазиятни йўққа чиқарди. Аммо иккинчи тайм охирига келиб, қаршиликлар ҳучумчиси бари-бир ўз сўзини айта олди.
Норчаев иккинчи тайм 86-дақиқасида бекободликларнинг икки ҳимоячиси орасидан ажойиб тарзда ўтиб кетди ва дарвозабон билан бирга-бир чиқиб, "аждарлар"нинг иккинчи, ўзининг эса чемпионатдаги еттинчи голини киритди.
Ўйиннинг қолган дақиқалари ҳам кескин курашлар остида ўтди. Бироқ бошқа гол уриш ҳеч бир жамоага насиб қилмади. Шу тариқа, "Насаф" Бекободда 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир жадвалидаги ўз ўрнини сақлаб қолди.
Фикрлар