Суперлига. "Насаф" Олмалиқда АГМК меҳмони бўлади (превью)
Ўзбекистон чемпионати ҳамда кубок доирасида 2008 йилдан буён давом этаётган қарама-қаршилик: АГМК - "Насаф" тўқнашувида 35-беллашув.
Ҳозирга қадар ўтказилган 34 учрашувда олмалиқликлар 7 ғалаба, 12 дуранг ва 15 мағлубият қайд этган. Тўплар нисбати: 30-49.
"Насаф" ўтган мавсум Суперлигада 4-ўринни қўлга киритди. АГМК эса кетма-кет иккинчи йил бронза медалинига эга чиқди. Чемпионатда ҳам ёнма-ён кетган ва мавсум давомида ўзаро рақобатга киришган бу икки жамоа эндиликда янги мавсумда совриндорлар орасида ўзаро курашмоқда. Айни пайтда ўтказилган икки турдан кейин ҳам жамоалар нисбатан ўхшаш ҳолатда. Яъни ҳар иккала жамоа кутилмаганда мавсум стартини ғалабасиз бошлади. Шу боисдан ҳам бўлажак баҳсда ҳар иккала жамоа финал беллашувига чиққандек ғалаба учун жиддий курашиши аниқ.
Ўйин бош ҳаками этиб тайинланган Азиз Асимов 15-маротаба АГМК иштирокидаги баҳсда ишлайди. Асимов бошқарган ўйинларда олмалиқликлар 5 ғалаба, 5 дуранг ва 4 мағлубиятга учраган.
Бўлажак ўйин АГМК жамоаси учун жорий мавсум Олмалиқдаги илк ўйин бўлгани учун очилиш учрашуви сифатида ўтказилади ва унда стадионга ташриф буюрувчи мухлисларни бир қатор совға ҳамда қизиқарли дастурлар кутади. Мазкур ўйиндан олдин ва танаффусда эстрада юлдузи Ҳамдам Собиров ўзининг хит қўшиқлари билан ишқибозларга кўтаринки кайфият улашиши режалаштирилган.
Ўйин 20 март куни, Олмалиқдаги ОКМК спорт мажмуасида соат 17:00да бошланади. Барча ишқибозларни бўлажак супер-ўйинга таклиф этамиз!
АГМК клуби матбуот хизмати
Фикрлар