Суперлига. "Навбаҳор" - "Насаф": Ўзаро ўйинларда устунлик ким томонда?
"Навбаҳор" Сoca Cola Суперлига 22-туридан ўрин олган баҳсни ўз майдонида Қаршининг “Насаф” клубига қарши ўтказади.
Мазкур жамоалар шу кунгача миллий чемпионатларимиз тарихида ўзаро 53 марта рўбарў келишган. Ушбу ўйинларнинг 22 тасида “аждарлар”нинг қўли баланд келган бўлса, 14 та учрашувда “лочинлар” ғалаба қозонишган, 17 та баҳсда эса жамоалар муроса кўчасини танлашган. Тўплар нисбати – 79-67, “Насаф” фойдасига.
Ўзаро учрашувларда “Насаф” 83 очкони, “Навбаҳор” эса 59 очкони қўлга киритган.
Ушбу клублар ўртасидаги ўйинлардаги энг йирик - 6:0 ҳисоби Наманган ва Қаршида қайд этилган.
“Навбаҳор” ҳамда “Насаф” жамоалари бунгача Наманганда 26 марта куч синашишган. Мазкур баҳсларнинг 9 тасида наманганликлар зафар қучишган бўлса, 13та учрашувда дуранг қайд этилган, 4та ўйинда эса қаршиликлар ғалаба қозонишган.
Наманганда ўтказилган ўзаро учрашувларда “лочинлар” “Насаф” дарвозасини 43 марта ишғол этишган бўлса, “аждарлар” “Навбаҳор” дарвозасига 25 та тўп киритишган.
Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Насаф” учрашуви бугун Намангандаги “Марказий” ўйингоҳида соат 18:15 да бошланади.
Фикрлар