Суперлига. "Навбаҳор" энг кўп гол урган, "Пахтакор" очкосиз жамоалар қаторида ва 2 турда атиги бир дуранг (муҳим статистикалар)
Суперлигада 2-тур ўйинлари ҳам якунига етди. Мухлислар мазкур турлар доирасида бир-биридан қизиқарли учрашувлар гувоҳи бўлди. Биз эса ушбу беллашувлар борасида айрим муҳим ва қизиқарли статистикаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Стартдаёқ авж олган "лочинлар".
Ортда қолган 2 турда "Навбаҳор" 100 фоизлик натижа қайд этмоқда. Жамоа иккала ўйинида ҳам дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди. Дастлаб "Қизилқум" 3:0 ҳисобида, сўнг "Металлург" ҳам шу ҳисобда тор-мор этилди. Қизиғи, Бабаян шогирдлари гол ўтказмаган ҳолда мусобақада энг кўп гол урган клуб бўлиб турибди. 6 та гол урган "лочинлар"дан сўнг бу кўрсатич бўйича "Нефтчи", "Олимпик" ва ОКМК жамоалари 5 гол билан кейинги ўринларни банд этган.
Аҳамиятлиси, наманганликлар билан бир қаторда яна бир Фарғонанинг "Нефтчи" ҳамда Тошкентнинг "Бунёдкор" клублари ҳали очко йўқотганича йўқ. "Нефтчи" илк турда "Металлург"ни 3:0, иккинчи ўйинда амалдаги чемпион "Пахтакор"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Левченко шогирдлари иккала баҳсда ҳам ўйин борасида рақибларидан бир бош баланд ҳаракат қила олди.
"Бунёдкор" дастлаб "Сўғдиёна"ни Зоминда таслим қилди - 1:0. Сўнгра драматик кечган тўқнашувда ОКМК 3:2 ҳисобида маҳв этилди. Бу икки клуб ҳозирча мухлис ва мутахассисларнинг ҳайратига сазовор бўлмоқда.
Ўзига ўхшамаётган амалдаги чемпионлар.
Суперлиганинг амалдаги чемпиони "Пахтакор" бошланган янги мавсумда ўзига ўхшамаяпти. "Шерлар" ўтказилган икки турда ҳали ғалаба қозона олмади. Дастлаб, "Олимпик" Шацких шогирдларини ранжитишга муваффақ бўлди. Иккинчи турда эса "Нефтчи" ўз майдонида тошкентликлардан 3 очко тортиб олди. Шунга қарамай, бу "Пахтакор"нинг бор кўриниши эмас. Амалдаги чемпионлар ўтган йилдаги каби яна чемпионлик пойгасига бир зумда қўшилиб олиши ҳеч гапмас. Бежизга, "яраланган шер - энг хавфлиси", - дейишмайди, ахир.
Қизиғи, "шерлар" Суперлигада очко тўплай олмаган ягона жамоа эмас. Улар билан бир қаторда "Турон" ва "Металлург" ҳам бор. Про-лигадан Суперлигага қайтган "тулпорлар" дастлаб "шериги" "Бухоро"га енгилди. Навбатдаги беллашувда "Насаф" супер камбэк эвазига яйпанликларни очколардан маҳрум қилди.
14 ўйин ва атиги битта дуранг!
Ҳа, сиз нотўғри ўқимадингиз. Ростан бўлиб ўтган 2 турда фақатгина битта дуранг натижа қайд этилган. Зоминда бўлиб ўтган "Сўғдиёна" - "Олимпик" баҳси 2:2 ҳисобидаги жанговор дуранг билан якун топди. Аслида, ушбу беллашув ҳам қайсидир томоннинг ҳам ғалабаси билан якун топиши мумкин эди. Аммо 10 киши бўлиб қолган "олимпиячилар" бунга кўнмади ва ҳисобни 2:2 кўринишига келтириб қўйди.
14 учрашувда қайд этилган битта дуранг ўйинларимиз муросасиз ўтаётганидан дарак беради. Ҳар бир жамоа рақиби қанчалик кучли бўлмасин, майдонга фақат ва фақат ғалаба умидида тушмоқда. Мавсум энди бошланганига қарамасдан сенсацияларнинг кўплиги мухлис ҳамда мутахассисларга янада шиддатли воқеалар кутиб турганига ишора қилмоқда. Мавсум давомида эса биз кимнингдир антиқаҳрамон бўлиб қолмаслигини хоҳлаймиз, холос!
Шоҳрух Зоиров тайёрлади.
Фикрлар