Суперлига. “Сўғдиёна” — “Пахтакор” учрашуви Жиззахда бўлади

Ўзбекистон Суперлигасининг 11-туридан қолиб келаётган “Сўғдиёна” — “Пахтакор” учрашувига Жиззах шаҳри мезбонлик қилади. Бу ҳақда ЎзПФЛ хабар бермоқда.

Аввалроқ давлат тест имтиҳонлари сабаб “Сўғдиёна” томони учрашувни Жиззахдаги марказий стадионда қабул қила олмаслиги маълум қилиб, учрашувни Олмалиқ шаҳрига кўчиришни сўраб мурожаат қилганди. Самарқанд варианти эса бир кун кейин 11-турнинг қолдирилган яна бир учрашуви бўлиби ўтиши сабаб, амалга ошмаганди.

Мавсумнинг марказий ўйинларидан бирини Жиззах шаҳрида ташкил этиш борасида вилоят ҳокимлиги ҳамда “Сўғдиёна” футбол клуби охиригача ҳаракатда бўлди. Якунда томонлар Давлат тест маркази билан келишувга эришди. Эндиликда ўтган мавсумни дастлабки икки ўринда якунлаган клублар иштирокидаги учрашув 6 август куни Жиззахда ўтади. Беллашув соат 19:00 да старт олади.

Айни вақтда “Спорт” телеканали ижодкорлари Олмалиқда ўтиши режалаштирилган учрашувнинг Жиззахга кўчганидан келиб чиқиб, жонли трансляция режаларини Жиззахдан амалга ошириш устида ишлаяпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!