Суперлига ва Про-лига Қатар-2022 мундиали стартига қадар якунига етади
Бугун — 13 июн санасида ЎзПФЛ Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Қўмита аъзоларидан Олимхон Аҳмедов, Тўлабек Акрамов, Баҳодир Мирзаев, Мақсуд Каримов, Ойбек Иброҳимхонов ҳамда Диёр Имомхўжаев йиғилишда бевосита иштирок этди. Алишер Юсупов, Азиза Татлимуратова ҳамда Одил Аҳмедов сафарда эканлигидан келиб чиқиб, Zoom платформаси ёрдамида қатнашди.
Хабарингиз бор, шу йилнинг 21 ноябр куни Қатарда ҳар тўрт йилликнинг энг йирик футбол мусобақаси — жаҳон чемпионати старт олади. Гарчи унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирок этмаётган бўлса-да, миллионлаб ўзбекистонлик ишқибозлар мундиални томоша қилади. Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ мавсумни 21 ноябрга қадар якунлаш таклифи билан чиқди ва буни бир неча факторлар билан асослади. Якунда Ижроқўм мазкур қарорни бир овоздан тасдиқлади.
Шундан келиб чиқиб, Coca-cola Суперлига II давраси 1 августда, Про лиганинг танаффусдан кейинги 14-тури эса 5 августда старт оладиган бўлди. Ўзбекистон Coca-cola кубогининг финал ўйини 30 октябр куни Бухорода ташкил этилади. Бунда эҳтимолий об-ҳаво ҳамда финални томоша қилиш учун ташриф буюрадиган саёҳатчилар масаласи ҳам инобатга олинди. Про лиганинг сўнгги тур ўйини 13 ноябр куни бўлиб ўтади, Суперлига эса 19 ноябр кунги беллашувлар билан мавсумни якунлайди. Ҳар икки лига ўртасидаги ўтиш ўйини 26 ноябр куни ташкил этилади.
Манба: ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар