Суперлига. Зулмат остонасидаги учрашув, "Сурхон"ни аямаган "олимпиячилар" ва овда давом этаётган "бўрилар" ҳақида

Кеча Ўзбекистон Суперлигаси иккинчи давра ўйинларига старт берилди. 14-турдан ўрин олган 3 та беллашувда мухлислар голлар шоусидан ташқари қизиқарли воқеаларга ҳам гувоҳ бўлди. Жиззахдаги ўйинда мезбонлар ишончли ғалабани қўлга киритди - 2:0. "Пахтакор" Тошкентда янги мураббий қўл остида қийин ғалабага эришди - 3:2. Шунингдек, "Олимпик" Олмалиқда "Сурхон"га умуман имкон қолдирмади - 5:0.  

Эътиборлиси, мазкур 3 ўйинда жамоалар умумий 17 та гол уришга муваффақ бўлди. Кўриниб турибдики, жамоалар Суперлига ҳавосини анча соғиниб қолган. Хўш, кеча "пичоққа илинадиган" яна қандай воқеалар содир бўлди. Қуйида, ҳар учала ўйин ҳақида батафсил тўхталиб ўтишга қарор қилдик. 

олимпикк

"Сурхон" - "Олимпик" - 0:5.

Учрашувнинг бу даражада йирик ҳисоб қайд этилишида илк дақиқалардан қизил карточка кўрсатилгани таъсир ўтказди, деган фикрлар кўп янгради. Бироқ дарвозабоннинг ёш болаларча қилган хатосини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Бу вазиятда ҳакам тўғри қарор қабул қилди, дея оламиз. Сабаби, посбон жарима майдончаси ташқарида тўпни қўли билан қайтариб қолди. Ваҳоланки, бу вазиятда меҳмонлар аъзоси гол уриш учун жуда қулай имкониятга эга бўлганди. 

Учрашувнинг 35-дақиқасида "Олимпик" пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу имкониятдан Руслан Жиянов унумли фойдаланди ва ҳисобни очди. Кейинчалик бир киши кам бўлиб қолган "учар тулпорлар" позиция танлашда қониқарсиз ҳаракат қила бошлади. Кападзе шогирдлари ўз устунлигини тобора мустаҳкамлаб борди. Баҳснинг 43-дақиқасида мезбонлар вакили Камрон Саидазимов очиқчасига қўполлик ишлатгани учун иккинчи сариқ карточкасини олди ва жамоасининг майдонда 9 киши бўлиб қолишига сабабчи бўлди. Бу воқеадан 2 дақиқа ўтар-ўтмас, Жиянов ўзининг ва "олимпиячилар"нинг иккинчи голини киритди.   

Кейинги 45 дақиқаликда ҳисоб 5:0 кўринишига келди. Дастлаб, Отабек Жўрақўзиев, кейин эса Саидазамат Мирсаидов ва Алишер Одилов ўз номини таблога ёздириб қўйди. Шу тариқа, "Олимпик" иккинчи даврани йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлади. "Сурхон"да эса ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп экани яққол кўриниб қолди. 

сўғбун

"Сўғдиёна" - "Бунёдкор" - 2:0.

Жиззахда мезбон "Сўғдиёна" клуби Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоасини қабул қилди. Қизиқарли ва курашларга бой ўтиши кутилган баҳс амалда ўз исботини топди. Баҳснинг 17-дақиқаси ўтиб бораётган бир пайтда Жасур Хасановнинг қанотдан ошириб берган тўпини Жавоҳир Қаҳрамонов қабул қилди ва кучли зарбаси билан рақиб дарвозасини ишғол қилди - 1:0. Кейин жамоалар бир неча қулай имкониятларга эга бўлди. Аммо 73-дақиқага қадар учрашувда ҳисоб ўзгармади. Айнан шу вақтда меҳмонлар аъзоси Авазбек Ўлмасалиев кутилмаганда ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди - 2:0. Бу гол беллашувда охиргиси бўлиб қолди ва "бўрилар" иккинчи даврани ишончли ҳисобдаги ғалаба билан бошлади. "Бунёдкор" кейинги баҳсларга жиддий эътибор қаратиб, керакли очколарни қўлга киритишга уриниб кўради. 

Эътибор қаратадиган жиҳатлардан бири - янги келган футболчиларнинг майдондаги ҳаракати. "Сўғдиёна" сафида "Нефтчи"дан харид қилинган Ҳусниддин Ғофуров учрашувни асосий таркибда бошлади. Умуман олганда, у ёмон ўйин кўрсатмади. Фаоллик кўрсатди, рақиб дарвозасига бир неча зарба йўллашга ҳам муваффақ бўлди. Шунингдек, терма жамоамизнинг собиқ аъзоси, ўша таниқли Виталий Денисов иккинчи бўлимда захирадан майдонга туширилди. Бироқ унинг анча вақт ўйин амалиётига эга бўлмагани барибир ўз сўзини айтди. 

"Бунёдкор" сафида Павель Могилевец асосий таркибда майдонга тушди. Унда тезкорлик, позицион жойлашув борасида устунлик йўқлиги дарров сезилди. Аммо легионернинг дриблинги чакки эмаслигини ҳам алоҳида эътироф лозим. Унинг ўрнига майдонга тушган Дмитрий Побулич ҳам айтарли фаоллик кўрсатмади. Уларнинг бу илк ўйини эканини инобатга олсак, келгуси беллашувларда мазкур футболчилар яхши таассурот қолдира олади, деб умид қиламиз.

свет

"Пахтакор" - "Динамо" - 3:2.

Кеча ҳар томонлама футбол жамоатчилигининг эътиборини қозона олган, голларга бой ўтган баҳс. Шацкихнинг дебюти, Бикмаевнинг собиқ жамоасига қарши ўйнаши ва яна кўплаб эътиборга молик воқеаларнинг борлиги ушбу ўйинга бўлган қизиқишни оширганди. 

Учрашув бошланиши билан жамоалар ҳужумкор ўйин намойиш этди. Айниқса, "Пахтакор" илк дақиқаларда бир неча қулай  имкониятлардан унумли фойдалана олмади. Шунга қарамай, биринчи голни "Динамо" киритди. "Сўғдиёна"дан келган Марат Бикмаев аввалги жамоаси "Пахтакор" дарвозасини ишғол қилди. Аммо унинг бу голига "шерлар" Ҳамдамов ва Чераннинг голлари билан жавоб қайтарди ва ҳисобда олдинга чиқиб олди. 

Бироқ бу ҳаммаси эмас эди. "Арслонлар" сафида янги келган Бикмаев ва Григалашвилининг самарали ҳаракатларидан сўнг ҳисоб яна тенглашди. Шунга қарамай, самарқандликларга бу ўйинда очко олиш насиб қилмаган экан. Тошкентликларнинг польшалик легионери 79-дақиқада жамоасининг учинчи голини урди ва муҳим 3 очко қўлга киритилишида катта ҳисса қўшди.  

"Динамо"нинг Бикмаев ва Григалашвилини қўлга киритгани яхши харид бўлди. Буни "Пахтакор"га қарши баҳс ҳам исботлаб берди. Тажриба ва маҳорат самарқандликларга ҳали кўп очко келтириши мумкин. Мазкур ўйинда эса омад қисман мезбонларга кулиб боқди.

"Пахтакор" таркибидаги икки легионер Илия Мартинович ва Пшемислав Банашак бу баҳсда ёмон ҳаракат қилмади. Ҳатто Банашак битта гол уришга ҳам муваффақ бўлгани таҳсинга сазовор. 

Беллашувдаги яна бир муҳим воқеалардан бири - сўнгги дақиқалар ўтиб бораётган бир вақтда стадион чироқларининг маълум бир қисми ўчиб қолгани бўлди. Шу ҳолат сабаб 10 дақиқалар атрофида учрашув тўхтатиб турилди. Бу каби вазият айнан "Пахтакор" стадионида содир бўлгани ажабланарли. Сабаби, чемпионатимизни жиддий кузатиб борадиган мухлислар бу ҳолат биринчиси эмаслигини яхши билади. Клуб вакиллари мазкур камчиликни буткул бартараф этади, деган умиддамиз.

 

Шоҳрух Зоиров мақоласи.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!