Суперлигада 10 та турдан кейин 10 та воқеа

Суперлигада 10-тур тур ортда қолди. Энди навбатдаги 11-тур учрашувлари кейинги ҳафтада бўлиб ўтади. Унгача эса клублар кичик танаффусга чиқишди деб ўйлаётганлар ҳам бор. Албатта, чемпионатнинг навбатдаги туригача ҳали вақт бор. Аммо бу орада ушбу йилдан янги ташкил этилган Лига Кубоги мусобақаси старт олди. Бундан ташқари, миллий ва олимпия терма жамоаларимизнинг ўртоқлик учрашувларини ҳам кўрамиз. Биз эса эътиборимизни Суперлигада ортда қолган 10 турга қаратмоқчимиз. Ортда қолган вақт давомида бир қатор воқеалар, ҳодисалар, ўзгаришлар ва эсда қоларли ўйинлар ҳам бўлиб ўтди. Биз эса вазиятдан фойдаланиш мақсадида Суперлигада 10 та турдан кейин эътиборга молик 10 та воқеа ҳақида сўз юритишга ҳаракат қиламиз.

Мағлубиятсиз одимлаётган «Пахтакор»

Мавсум бошланмасидан олдин бу сафар «Пахтакор»нинг яққол ажралиб қолишини тахмин қилганлар кўп эди ва ҳозирча бундай қарашлар ўзини оқлаяпти. Чиндан ҳам бу йил Шота Арвеладзе жамоаси анча кучайди. Аммо Осиё Чемпионлар лигасида «ўлим гуруҳи»нинг «қурбони»га айланган ҳолда аламли тарзда мусобақадан чиқиб кетди. Ваҳоланки, «Пахтакор»нинг ОЧЛдаги иштироки ҳам чакки эмасди. Энди Арвеладзе жамоаси бор эътиборини фақат ички чемпионатга қаратишга мажбур. Ҳозирча эса уларнинг Суперлигадаги ишлари яхши кетмоқда. Бўлиб ўтган 10 та ўйиннинг 8 тасида ғалаба ва 2 тасида дуранг қайд этилган. Термизда «Сурхон» билан ва Тошкентда «Навбаҳор»га қарши баҳсларда «Шерлар» очколарини йўқотишга мажбур бўлди. Бироқ ҳали «Пахтакор»ни мағлуб эта оладиган жамоа топилгани йўқ. Кўрамиз, «шерлар» мавсум охиригача шерлигини кўрсата олармикин? Аммо Лига Кубогининг 1-турида ўз майдонида «Қўқон-1912»га йирик ҳисобда ютқазгани чинакам сюрприз бўлди. Аммо шунга қарамай, «Пахтакор» ҳамон Суперлигада мағлубиятсиз одимламоқда.

пахтакор

«Сурхон»нинг кучли учликдан жой олиши

Чемпионатимизда қизиқ ишлар бўляпти-да. ЎФАнинг қўшимча имтиёзи билан Суперлигага қўшилган икки клуб – «Динамо» ҳамда «Сурхон» жамоалари кўпчилик кутганидек, чемпионатда аутсайдер ролини бажаришмаяпти, аксинча улар рақобатбардош жамоа сифатида тасаввур уйғотишмоқда. Айниқса, Термизнинг «Сурхон» жамоасини 10 та турдан кейин «Пахтакор» ва «Локомотив»дан сўнг жадвалда учинчи ўринда боришини ким ўйлабди дейсиз. Мавсум бошида турли машмашаларга сабаб бўлган ва кейинчалик клубда иш бошлаган Илҳом Мўминжонов ЎФА томонидан умумий ҳисобда беш йилга дисквалификация қилинганидан сўнг энди «Сурхон»нинг тақдири қандай кечаркин, дея хавотирлар ҳам йўқ эмасди. Бироқ термизликлар бўлиб ўтган ишлардан ўзларини йўқотиб қўймаган кўринишади. Андрей Микляев бош мураббийлик постига ўтганидан кейин жамоа очколарни қўлга киритиб келмоқда. Албатта, бу борада таркибда тажрибали ўйинчиларнинг ҳам борлиги муҳим факторлардан бири бўлиб хизмат қилмоқда. «Пахтакор» ҳам чемпионатдаги ғалабали юриши айнан Термизда «Сурхон» томонидан тўхтатилганини айтиш лозим. Тўғри, ҳали мавсум узоқ давом этади ва балки унгача кўп нарса ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Аммо шуни унутмайликки, биз ҳозирча Суперлигадаги дастлабки 10 турдан кейинги воқеалар ҳақида сўз юритмоқдамиз.

сурхон

«Бунёдкор» ёшларининг шижоати

Кўпчилик мухлислар Вадим Абрамовга алоҳида ҳурмат ва эътибор билан қарашади. Аммо охирги пайтларда унинг мураббийликдаги ишлари кўнгилдагидек кечаётганди дейишга бизда асослар етарли эмасди. Бу йил эса Вадим Карленович «Бунёдкор»да иш бошлади. Аммо бу клуб олдинги «Бунёдкор» эмасди. Аввалгидек катта имкониятларга ва таркиб жиҳатидан ҳам савияси юқори ўйинчилари энди йўқ эди. Абрамовнинг иш бошлагани эса «Бунёдкор»даги айнан шундай вазиятга тўғри келиб қолди. Энди у ҳали Суперлигада деярли ўйнамаган ёш футболчиларга устозлик қила бошлади. Бунинг устига клуб атрофида турли қийинчилик ва муаммолар ҳам бўй кўрсатиб турган бир вазиятда Абрамов ва «Бунёдкор»га сира ҳам ҳавас қилиб бўлмасди. Клуб раҳбарлари бир муаммони бартараф этишса, ортидан навбатдагиси чиқиб келаверди. Лекин Вадим Абрамов «Бунёдкор» ёшлари билан қандай ишлашни билади. Буни айни пайтда қайд этаётган натижалари ва ўйинларидан ҳам билса бўлади. Таркибида фақатгина Анвар Ғофуров, Мурод Зуҳуров ва Лутфулла Тўраев каби ёши катта ўйинчилар бор холос. Ҳатто мактабда ўқиётган футболчилар ҳам бор. Абрамов эса бундай таркиб билан ўзининг мураббийлик салоҳиятини яна бир бор барчага кўрсатиб қўйишни мақсад қилган кўринади. Ҳарқалай унинг ёш жамоаси Суперлигада яна аввалги мавқеини тиклаш йўлида дадил қадам ташлаётгани қувонарли бўляпти. Чунки «Бунёдкор»ни энди олдингидек етакчилар қаторига қўшишмаётганди. Бироқ афтидан Абрамов бу жамоани «Пахтакор», «Локомотив» каби клубларга ҳали ҳамон рақобатчилигини кўрсатиб қўймоқчи шекилли.

бунёдкор

Мураббийлар истеъфолари

Ўтган вақт давомида тўртта жамоада мураббий алмашганига гувоҳ бўлдик. Ҳаммаси эса Сергей Лушандан бошланди. «Сўғдиёна» мавсумни ўз майдонида «Бунёдкор»ни мағлуб этиш орқали ғалаба билан бошлаган бўлса-да, кетма-кет учта учрашувда мағлубиятга учради. Шундан сўнг Сергей Иванович клубга янги қон керак, дея ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. Шу тариқа, 5-турдан кейин «Сўғдиёна»да Улуғбек Бақоев иш бошлади. Шунингдек, «Андижон»да ҳам мураббийларини ўзгартириш борасида ҳаракатларини давом эттирди. Жамоани Суперлигага Элдор Сакаев бошчилигида йўл олганди. Аммо «Андижон»нинг ишлари юришмади. Сакаев бошчилигида «Бургутлар» парвози амалга ошмай қолди. Улар 8 та ўйинда фақат битта ғалабага эришишди холос. Тўғри, мавсум бошларида улар ўз майдонидаги учрашувларни ҳам сафарда ўтказишга мажбур бўлишди. Кейинчалик ўз майдонида «Насаф» ҳамда «Динамо» билан ўйнашди. Қаршиликлар мағлуб этилган бўлса-да, «Динамо» билан баҳсда қимматли икки очко йўқотилди. Айнан ушбу дуранг Сакаевга бўлган ишончсизликни ошириб юборди. 8-турдан кейин бухоролик Жамшид Саидов вақтинчалик бош мураббий вазифасига киришди. 9-турда «Андижон» мезбонлиги остида Фарғонада «Пахтакор» билан беллашишди. Аммо тажриба ўз сўзини айтди ва «шерлар» йирик ҳисобда ютқазишди. Сўнгра Наманганда водий дербисида «Андижон» сюрприз кўрсатиб ғалаба билан қайтишга бир баҳя қолганди. Аммо охирги дақиқаларда «Навбаҳор» ҳисобни тенглаштириши натижасида дуранг қайд этилди. Барибир клубга бошқа мутахассис олиб келиниши борасида гап-сўзлар кўп эди. Оқибатда 10 йил давомида «Машъал»ни бошқариб келган россиялик Александр Хомяков «Андижон»дан тушган таклифни қабул қилди. Шу тариқа, Хомяков учун «Андижон» Ўзбекистондаги иккинчи иш жойига айланди. Суперлиганинг 11-турида «Металлург»га қарши кечадиган баҳсда Хомяков янги жамоасидаги дебютини ўтказади.

Қўқонлик Бахтиёр Ашурматов эса «Бухоро»ни тарк этганидан хабарингиз бўлса керак. Ўтган йили ОКМК билан Ўзбекистон Кубогини қўлга киритиб тарихга кирган мутахассис ушбу мавсумни «Бухоро» бош мураббийи сифатида бошлаганди. Афсуски, унинг бу жамоадаги ҳаёти узоққа чўзилмади. Ҳозирча «Бухоро» раҳбарияти бир қатор мутахассислар билан музокара олиб боришмоқда.

Бундан ташқари, «Қўқон-1912»даги бир неча йиллик фаолиятдан сўнг Нўъмон Ҳасанов ҳам истеъфога чиқди. Чунки қўқонликлар мавсумни яхши бошлай олишмади ва бу ҳолат ҳамон давом этмоқда. Чунки клуб турнир жадвалида охирги ўринга тушиб қолди. Шу боис жамоада ниманидир ўзгартириш керак эди ва бу вазиятда мураббийни алмаштириш орқали муаммони бартараф этишни лозим топишди. Аммо ҳали клубга янги бош мураббий тайинланганича йўқ. Азиз Тўхтабоев эса вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланган. Шуни ҳам унутмаслик керакки, қўқонликлар бу мавсумда стадион майдони янгиланаётгани боис ҳали ўз майдонида ўйнашгани йўқ.

хасанов

Ё ғалаба, ё мағлубият…

Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоаси айни пайтда 5-ўринда ва бу кўпчиликни ҳайрон ҳам қолдирмоқда. Лекин у ерда мураббий алмашгани жиззахликларга ижобий таъсир кўрсатган кўринади. Лушаннинг ўрнини эгаллаган Улуғбек Бақоев «Сўғдиёна»ни қийин вазиятдан олиб чиқиб кета олди. Бақоев келганидан сўнг «Сўғдиёна» тўртта ғалабага эришди ва икки бор ютқазди. Натижада бешта ғалаба ва бешта мағлубият билан жамоа фахрли 5-ўринга чиқиб олди. Чемпионатда дурангсиз одимлаётган жиззахликларнинг бундай натижаси чиндан ҳам қизиқарли. Асосийси, Улуғбек Бақоев «Сўғдиёна»ни ўзгартира олмоқда. Қизиқ, улар қачонгача дурангсиз ўйнашда давом этишаркин? Ваҳоланки, «Андижон» билан «Навбаҳор»да энг кўп дуранглар бор – 5 та.

сўғдиёна

Андижон ва Намангандаги очилиш ўйинлари

ПФЛнинг талаби билан ҳар бир стадион ва унинг майдони фойдаланиш учун етарли даражада бўлиши ҳақида мажбуриятлар юкланганди. Шунга асосан водий жамоалари фаоллик кўрсатишди. Аввалига Андижондаги «Соғлом авлод» стадионида 5-турга келиб очилиш маросими бўлиб ўтди. Шу куни «Андижон» «Насаф»ни қабул қилди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Эътиборлиси, андижонликларнинг ушбу ғалабаси ҳозиргача чемпионатда ягоналигича қолмоқда. Аммо стадион янгича қиёфа касб этди ва майдон ҳам ям-яшил кўринишга келтирилди. 7-турда эса Намангандаги «Навбаҳор» стадиони ҳам фойдаланишга топширилди. У ерда ҳам ажойиб байрам уюштирилди ва «Сўғдиёна»га қарши баҳсда мезбонлар 3:1 ҳисобидаги ғалабани тантана қилишди. Эътибор берган бўлсангиз, «Андижон» ҳам, «Навбаҳор» ҳам ўз майдонидаги очилиш учрашувларида бир хил ҳисобдаги ғалабаларни қўлга киритишди.

Антиқаҳрамонга айланаётган Миржалол Қосимов

Чемпионатимизда кутилмаган натижалар учраб турибди. Айниқса, ОКМКнинг охирги ўринларда эканлиги жуда ажабланарли. Агар унинг бош мураббийи Миржалол Қосимов бўлса, бу ҳол янада ажабланарли, шундай эмасми? У мураббийлик фаолиятида илк бор бундай ҳолатга тушиб турибди. ОКМК унинг бошчилигида ҳозиргача 2 та ғалаба, 1 дуранг ва 7 бор мағлубиятга учради. Энг кўп ютқазган жамоа ҳам ОКМК бўлиб турибди. Энг кўп гол ўтказиш бўйича эса иккинчи ўринда. Киритилган 12 та голдан 7 тасини қўқонликлар дарвозсига уришган. Лекин шунда ҳам Қосимов жамоасининг ўйини «очилиб» кетмаяпти. Айниқса, охирги пайтларда бу жамоа хоҳ уйда бўлсин, хоҳ сафарда фақат ютқазиб келмоқда. 10-турда Тошкентда «Пахтакор»га йирик ҳисобда имконият бой берилганидан кейин охири Қосимовнинг ўзи агар раҳбарият хоҳласа истеъфога чиқишга тайёрлигини маълум қилди. Аммо ҳозирча клуб мутасаддилари Миржалол Қўшоқович билан хайрлашиш ниятлари йўқ шекилли. Ҳар ҳолда Қосимовнинг истеъфоси ҳақида ҳеч қандай маълумот чиққани йўқ. Балки унга яна имконият беришаётгандир. Бироқ бу кетишда жамоа янада қийин аҳволга тушиб қолиши аниқ. Бир амаллаб биринчи даврани якунлаб олишса, ёзда жамоани қайтадан шакллантиришига тўғри келади.

косимов

Полвоновдан бир ўйинда 5 та гол, аммо у термада эмас!

ОКМК ҳужумчиси Зафар Полвонов 3-турда «Қўқон-1912» билан баҳсда нақд бешта гол урди. Бундай кўрсаткични анча-мунча ҳужумчи кўрсата олмайди. Бундай натижага эришиш учун анча-мунча йиллар керак бўлади. Табиийки, ўша голлар туфайли Полвонов ҳозирда тўпурарлар орасида бормоқда. Қолаверса, шундан кейин кўпчилик ОКМК ҳужумчиси Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купернинг эътиборига тушиши ва йиғинларга жалб этилиши борасида ҳам гапиришаётганди. Лекин Куперни бир ўйинда бешта гол уриш билан ўзига қаратиб бўлмайди чоғи, у ўзи танлаган ҳужумчиларни жалб этди. Шунга қарамай, Полвонов ўзига хос натижа туфайли тарихдан жой олди.

Ҳакамлик масаласи яна эътиборда

Доимгидек, яна ҳакамлик масаласи асосий мавзулардан бирига чиқиб қолмоқда. Уларнинг малакасини ошириш, ўйинларни одилона бошқаришлари юзасидан ЎФА ҳамда ПФЛ раҳбарлари қатор учрашув ва семинарларни ташкил этишмоқда. Шунга қарамай, айрим ўйинлардаги ҳакамлик масалалари жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда ва ҳозиргача икки нафар ҳакам Суперлига ўйинларидан четлатилди. Аммо улардан бири яна қайтди. Дастлаб 6-турда «Металлург» - «Қўқон-1912» жамоалари ўртасидаги учрашувни бошқарган Аҳрол Рисқуллаев ЎФА томонидан четлатилганди. Ўйин 3:1 ҳисобида бекободликларнинг ғалабаси билан якунланган. Ўша баҳснинг 56-дақиқасида «Қўқон-1912» дарвозаси томон пенальти белгилаганди ва бундан мезбонлар унумли фойдаланишганди. Кейинчалик эса ЎФАнинг ҳакамлар ва назоратчилар департаменти мутахассислари ушбу вазиятни ўрганиб чиқишгач, натижага таъсир кўрсатувчи қўпол хатога йўл қўйилгани аниқланиб, Суперлига баҳсларидан четлатилиши ҳақида қарор қабул қилинганди. Аммо Рисқуллаевнинг айнан нечта учрашувга четлатилгани хусусида аниқ рақамлар йўқ эди. Лекин 9-турда у яна ҳакамликни бошлади ва «Локомотив» - «Бунёдкор» ўртасидаги ўйинни бошқарди. Ўша баҳс охирларида «Бунёдкор» томонидан киритилган гол ҳисобга олинмагач, кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. 10-турда эса водий дербисида «Навбаҳор» - «Андижон» учрашувида ҳам ҳакамлик қилди. Мазкур тўқнашувда ҳам ҳакамга бир қанча эътирозлар бўлди. Айниқса, ўйин охирларида «Андижон» дарвозаси томон пенальти белгиланмагани борасида кўплаб баҳс-мунозаралар авж олди. 8-турда эса «Пахтакор» ва «Навбаҳор» иштирокидаги ўйинни бошқарган Зокир Қодиров ва қанот ҳаками Руслан Самандаров хатоларга йўл қўйилгани учун жазоландилар ва унга кўра бош ҳакам учта ўйинга, қанот ҳаками эса номуайян муддатга четлатилди. Бу орада эса Қодиров бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси аёллар чемпионатида ишлашди.

рискуллаев

«Навбаҳор» ўзи ўрнатган рекордни ўзи янгилади

Футбол мухлислар учун бўлганидек, стадионларимизда доим ишқибозларнинг ташрифи қанчалик эканига ҳам қизиқамиз. Лекин ортда қолган 10 та тур давомида бир қатор жамоаларимиз иштирокидаги ўйинларда мухлисларнинг камайганлиги кўриниб қолди. Лекин водийда ишқибозларнинг ташрифи борасида доим самарадорлик кузатилган. Айниқса, «Навбаҳор»нинг ўз майдонидаги ўйинларда мухлисларнинг ташрифи кескин ошади. 7-турда наманганликлар ўз майдонида «Сўғдиёна»ни 3:1 ҳисобида таслим этишганди. «Навбаҳор» стадионининг майдони қайта реконструкция қилинди ва мазкур беллашув очилий учрашувига айланиб кетди. Натижада стадионга 25727 нафар мухлис келди. Қизиғи шундаки, ўтган йилги мавсумда ҳам бир ўйинга энг кўп ишқибоз айнан «Навбаҳор» стадионида кузатилганди. Ўшанда 3-турда мезбонлар «Локомотив»ни қабул қилиб 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Ўша ўйинни 25300 ишқибоз стадионда кузатиб борганди. Мавсум-2018 якунларига кўра бу кўрсатгич чемпионат рекордига айланганди. Буни қарангки, ушбу йилдаги мавсумнинг дастлабки 10 та туридаёқ «Навбаҳор»нинг ўзи ўтган йили ўрнатган рекордини ўзи янгилади. Ҳозиргача эса энг кам мухлис «Локомотив» - «Қизилқум» учрашувига келган. 6-турда Тошкентда ўтган баҳсда мезбонлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишган ва ўша баҳсни стадионда 867 нафар мухлис кузатган холос.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
АС МИЛАН
04/06/2019 23:20
Лекин Аҳрол Рисқуллаевга ҳалиям чора кўрилмади ва шунингдек Пахта ва Насаф ўйинида ишлаган Пахтанинг 15 ўйинчиларига ҳам чора кўрилмади инсон фактори дейилди қўйилди, аммо,лекин, бироқ Пахтакор ютолмагани учун Зокира Қодирова ва унинг дугоналарига ўша куниёқ чора кўрилди. Ва бу ҳам чемпионатимиз савиясидан даракдур жаноб журналист
&
NAVBAHOR 2020
04/06/2019 15:41
JURAEV nima 15 yilda bir bor 5 ta hol ursa termaga olaveradimi KALLANI HAM ISHLATINA AGAR U BULSA ))))))