Суперлигада 5 та турдан сўнг кимнинг ишлари 5 ёхуд ҳавотирли сигнал!
Суперлигада дастлабки 5 та тур ортда қолганини ҳисобга олсак, қисман бўлса-да, дастлабки таассуротлар шаклланиши турган гап. Бунинг устига одатда кўпчилик мураббий ёки футболчилар чемпионат бошланмасидан олдин янги мавсум тўғрисида фикр билдиришар экан, одатда 5-6 та турдан сўнг жамоаларнинг кучи ва имконияти билиниб қолади, деган гапларни айтишганига кўп гувоҳ бўламиз.
Мана, чемпионатимизда 5 та тур ўтказилди ва мактаб ўқувчисини оладиган баҳоси фонида айтадиган бўлсак, қайси жамоанинг ишлари беш баҳо, қайсилариники 2 баҳога лойиқ, бу ҳолат турнир жадвалида акс этиб турибди. Лекин шуни ҳам қўшимча қилиш жоизки, чемпионатни омадсиз бошлаб, кейинчалик ўйинини кучайтирган ва натижаларини аста-секин яхшилаб бораётганлар ҳам бор. Бунга “Пахтакор” яққол мисол. Максим Шацких жамоаси билан Суперлигани кетма-кет иккита мағлубият билан бошлаши эвазига танқидларга учради. Ҳамма буни сенсация сифатида баҳолади. “Пахтакор”нинг ўша иккита мағлубиятидан кейин кўзи “очилди”, чоғи, охирги учта ўйиндан бери ютяпти. “Шерлар” ўз номига яраша ҳаракатланишни бошлади, десак тўғрироқ бўлади.
Худди шунга ўхшаш фикр “Насаф” жамоасига нисбатан ҳам ишлатилиши табиий. Ёдингизда бўлса, Рўзиқул Бердиев жамоаси 1-турни ўз майдонида “Андижон”га қарши ўтказиб 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраганди. Ҳозирча “Насаф”нинг ўша мағлубияти ягоналигича қолмоқда. Боиси, “Аждарлар” шундан кейин 3 ғалаба ва 1 дуранг натижа қайд этиб, 10 очко билан 4-ўринда. Кўриниб турибдики, “Пахтакор” билан “Насаф” ўйинига қўшиб боришяпти. Тўғри, уларнинг иштирокидаги учрашувларни кузатаётганимизда ўзларига ҳам оғир бўлаётгани билиниб турибди. Буни тўғри тушуниш керак. Чунки ҳозир ҳеч ким осонликча таслим бўлмаяпти. Рақиблардан ҳайиқишмай қўйди. Шунинг эвазига етакчиларга ҳам эндиликда янада машаққатли бўлаётгани кўринмоқда. Шунда ҳам икки етакчи жамоа бир амаллаб бўлса ҳам рақибларини мағлуб этиб жадвалдаги ўрнини яхшилашяпти. Энди ҳар бир турда етакчиларни қоқилиши катта эҳтимол бўлиб турибди.
Суперлигада 5 та турдан ҳеч ким 100 фоизлик натижа қайд этмагани ҳам интриганинг анча кескин тус олаётганини билдиради. Аммо иккита жамоа борки, уларнинг кураги ҳали ерга теккани йўқ. “Нефтчи” ҳамда “Бунёдкор” клублари чемпионат доирасида ортда қолган ўйинларнинг 4 тасида ғалаба қозонди ва 1 тадан дуранг қайд этишиб, иккаласи 13 очкодан жамғариб турнир жадвалини бошқариб туришибди. Бошқаларга нисбатан айнан ушбу жамоаларнинг натижаларини 5 баҳога лойиқ кўрсак ярашаверади. Иккала клубдан шундай стартни кутганмидингиз? Ҳа, “Нефтчи” ҳам, “Бунёдкор” ҳам етакчиларга муносиб қаршилик кўрсатиши кутилганди, аммо кўпчилик жадвалнинг юқори қисмида “Пахтакор”, “Навбаҳор”, “Насаф” каби клубларни тахмин қилгандилар. Ҳозирча улар учликда эмас, балки бу вақтинчаликдир, бироқ жадвалнинг юқори поғоналарида яна эски клубларнинг кўриниш бераётгани яхши, албатта. Эски деганда “Нефтчи” билан “Бунёдкор”нинг олдинги муваффақиятли даврлари назарда тутилаётганини пайқаган бўлсангиз керак. Агар бу жамоалар мавсум охиригача ҳозирги барқарорлигини сақлаб қолса борми, ана унда Суперлига қай даражада “ёнишини” тасаввур қилиб кўраверинг.
Мухлисларга ҳам, мутахассисларга ҳам айнан шундай юқори даражадаги интрига керак. Ҳамма шундай интригани яна “Навбаҳор”дан кутаётганди, шундай эмасми? Аксига олиб Самвел Бабаян жамоаси 5 та ўйиннинг 2 тасидаёқ ютқазишга улгурди. Таркиби ўта кучли ва номи чиққан ўйинчилар билан бойитилганини ҳисобга олсак, дастлабки 5 та турнинг 2 тасида мағлубиятга учрагани наманганликлар учун ҳавотирли сигнал. Дарвоқе, “Навбаҳор”нинг натижалари билан боғлиқ қизиқ жараён бор. Улар ўз уйидаги учрашувлардаги рақиблари дарвозасига жавобсиз 3 тадан гол уряпти. “Қизилқум”, “Металлург” ҳамда “Сўғдиёна” бир хил - 3:0 ҳисобларида таслим этилди. Аммо сафарда икки марта ўйнаган бўлса, иккаласида 2:1 ҳисобларида мағлубиятга учраб, Наманганга қуруқ қўл билан қайтишди. Аввалига “Пахтакор”га, сўнгра ОКМКга ана шундай натижалар билан имкониятни бой берди. Чемпионликдан бошқа натижа қониқтирмаслиги кундек равшан бўлиб турган “Навбаҳор”нинг айниқса, асосий рақобатчиларига енгилиши бир қатор саволларни келтириб чиқариши табиий ҳолат. 2 та мағлубиятни жуда кўп деб қабул қилаётган наманганлик ишқибозларнинг қанчалик талабчанлигини ҳамма билади. Шунинг учун уларни севимли жамоасининг 9 очко билан 5-ўринда бораётгани қониқтирмаётгани аниқ. Тўғри, чемпионат яқинда бошланди, лекин чемпионликни мақсад қилган жамоанинг илк турлардаёқ қоқилаётгани балки бироз кутилмаган ҳолатдир. Умуман олганда, “Нефтчи” билан “Бунёдкор”нинг мағлубиятсиз одимлаётгани ва бошқа етакчиларнинг ютқазишга улгургани бизни олдинда яна қатор сюрприз ва кутилмаган натижалар кутиб тургандек.
Суперлигада 2 баҳога лойиқ жамоалар 2-3 тани ташкил қиляпти. Масалан, “Турон” билан “Сўғдиёна”ни олайлик, иккаласи ҳам ҳали ғалаба нималигини билмай келишяпти. 2 та дуранг ва 3 та мағлубият қайд этишди. Лекин энг кўп мағлубият бу эмас. “Турон” ва “Сўғдинёна”дан сўнг турнир жадвалида 12-ўринни эгаллаб турган “Бухоро” ҳисобида 1 ғалаба ва 4 дуранг бор. Чемпионатни ғалаба билан бошлаган бухороликлар шундан бери қаторасига ютқазиб келяпти. Бу эса ишқибозларини ранжитаётгани бор гап. Мағлубиятлар фонида бош мураббийни ҳам алмаштиришди ва Улуғбек Бақоев қайтарилди. Лекин унинг “Бухоро”даги дебюти ҳам омадсиз чиқди. Ўз уйида “Бунёдкор”дан енгилдилар. Турдан-турга совринли ўринлар ва лигада қолиш учун курашадиган жамоалар сараланиб бораётганга ўхшайди. Лекин унутмаслик керакки, жорий йилдаги Суперлига ҳали сиз билан бизга яна кўплаб сюрпризларни тақдим этадигандек...
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар